Нақадар фараҳбахш Жайҳун соҳили,
Олтиндек товланар сув юзида нур.
Гўё силаб турар куннинг кокилин
Беором тўлқинлар чайқалиб масрур.
Баҳордан дараклар келтирар еллар,
Юлғунлар исига тўлар тўрт тараф.
Олис-олисларда оққушлар сузар,
Кезар бахт қушлари садафдай саф-саф.
Туртиб-туртиб ўтар боладек шўхчан,
Қирғоқда мудраган қайиқларни сув.
Оловранг қамишлар умидвор, ўйчан,
Олам саҳнасини тарк этар мангу.
Ҳарир патларига бериб оройиш,
Лайлак қум соҳилда турар исиниб.
Гужум новдалари этар намойиш,
Қайта яралишнинг фалсафасини.
Оппоқ чағалайлар фалакнинг чархи,
Булутлар кўк узра парқу елкандир.
О Жайҳун, қошингга севгидан сархуш
Мени субҳ тушлари бошлаб келганди…
Фахриддин Ҳайит
15.03.2018