БАҲОР, КЕТМА БИЗНИНГ БОҒЛАРДАН

0
2329
марта кўрилган.

Инсон умрининг гўзал фасли – болаликни азал-азалдан бобою момоларимиз баҳорга, борлиқни яшнатиб, кўзни қувонтирадиган наврўзи айёмга қиёслашади. Зеро, болаликнинг баҳорга қиёсланиши бежиз эмас. Баҳор келиши, наврўзи олам сепини ёйиши билан ҳаво юмшайди, тоғу-тошларда қорлар эриб, замин яшнайди, диллар қувнайди. Тоғларда бойчечаклар, шаҳар боғларида бинафшалар кўз очади, кўнгилларни яйратади.

Оиланинг куртаги – фарзанднинг дунёга келиши ҳам баҳорни, наврўзни эслатмайдими? Баҳор, наврўзи олам билан табиат уйғониб, борлиқ янгиланса, фарзанд билан янги насл, янги онг, янги гўзаллик вужудга келади. Халқимизнинг қон-қонига сингган урф-одатлари ҳам табиат билан уйғунлашади. Ҳар йили баҳору наврўзда далалар шудгорланади, ариқлар қайта ковланади, оқар сувнинг йўллари қайтадан равонлаштирилади. Қабристонлар обод қилинади, аждодларимизнинг руҳи йўқланади, уларнинг ёди тиловат ила поклаб турилади.

Зеро, баҳорнинг илк элчиси бойчечакни, бинафшани момолар бежиз кўзларига суртмайдилар. Унда табиатнинг олий қонуни – янгиланиш жараёни мужассам! Шу тариқа аждодлар ва авлодлар ўртасидаги боғлиқлик узилмайди. Баҳор, наврўзи олам табиатдаги узвийликни таъминлаганидек, фарзандлар миллатлар узвийлигини таъминлайдилар.

Тириклик баҳордан, ҳаёт мазмуни фарзанддан бошланади. Кузимизнинг қут-баракаси, йилимизнинг ҳосиласи баҳорга, наврўзга боғлиқ бўлганидек, оиламизнинг тақдири, миллатимизнинг келажаги фарзандларимизнинг тарбиясига боғлиқ. Улар давлатимизнинг келажаги!

Биз Мустақиллик нашидасини, сурурини ҳам баҳорга, наврўзга менгзаймиз. У баҳор янглиғ жўшқинлик билан, баҳор янглиғ янгиланишлар билан кириб келди.

Мустақиллик – Озодлик илк бора миллатимизнинг генофондини соғломлаштириш зарурияти масаласини кун тартибига қўйди ва давлат сиёсати даражасига кўтарди. Кейинги йилларда Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ишлар эса ушбу сиёсатни янги босқичга кўтарди. Ушбу ўзгаришлар наврўзи олам каби кўнгилларни яшнатади.

Масалан, мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганлиги улуғвор ислоҳотлардан бири бўлди. Келажакбоғчадан бошланади деган шиор баландпарвоз гап эмас. Аслида ватанпарварлик, эл-юртга фидоийлик бир қарашда оддий, лекин ҳаёт талаби бўлган ана шундай долзарб ишлардан бошланади”,- дейди мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида.

Мамлакат раҳбари ҳудудларга борганида шаҳар ва туманларда барпо этилаётган янги боғчалар, улардаги шароитлар билан танишишга алоҳида эътибор беради. Қорақалпоқистон, Қашқадарё вилоятларига сафари бунга яққол мисолдир. Энг асосийси, бундай ишлардан оналар, аёллари, жажжи фарзандлар хурсанд бўлмоқда. Шуниси қувончлики, бу йил 3 мингдан зиёд болалар боғчасини ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 1 минг 200 та боғча янгидан қурилади, 1 минг 360 та боғча мавжуд биноларда ва 470 та боғча эса уй боғчаси сифатида ташкил этилади. Бу борада давлат-хусусий шериклик муносабатлари асосида ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар имкониятлари кенг ишга солинади.

Жорий йилда биргина пайтахтимизнинг ўзида 420 дан ортиқ кўп қаватли уй қурилади. Уларнинг 220 таси хусусий тадбиркорлар томонидан, 200 таси эса давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида барпо этилади. Икки юз йигирмата уйнинг биринчи ва иккинчи қаватида тадбиркорлар томонидан кичик ҳажмдаги болалар боғчалари ташкил этилиши эътиборга олиб қурилмоқда. Албатта бу ёш ота-оналар учун катта имконият, узоққа қатнаб юрмайди, вақти тежалади. Болалар эса ўз муҳитида, маҳалласида, қўни –қўшнилари даврасида улғаяди. Ота-оналарнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда якка тартибдаги хонадонларда ҳам 40-50 ўринли хусусий болалар боғчалари ташкил этилиши режалаштирилган.

Мамлакат келажаги – фарзандлар тарбиясини ўйлаб қилинган яна бир янгилик, ҳаётий ислоҳот шу-ки, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари 5 кунлик ўқиш жараёнига ўтказилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ота-оналарнинг фарзандлари билан оилавий дам олишларига янада кўпроқ имконият яратиш, ота-она ва фарзандлар ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ҳамда оилавий анъаналарни шакллантиришдан иборатдир.

Шунингдек, бундай имконият орқали ўқувчилар ота-оналари билан биргаликда театр, музей ва тарихий обидаларга саёҳат қилишларига замин яратилади. Қолаверса, ҳафтанинг шанба кунлари муассасаларда ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда, турли фан тўгараклари, спорт секциялари ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилади. Янги ўқув йилидан эса босқичма-босқич қолган бошланғич синфлар ўқувчилари ҳам ҳафтасига 5 кунлик ўқишга ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2018 йил 1 январдан бошлаб тиббий муассасаларнинг пенсионер шифокорлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, пенсияни тўлиқ ҳажмда ола бошладилар.

Шунингдек, фахрий унвонлар соҳиби бўлган меҳнат қилувчи пенсионерларга жорий йилнинг 1 январидан бошлаб пенсия тўлиқ ҳажмда тўлана бошланди. Бундай имтиёз илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида

ижодий ишлари учун қалам ҳақи олувчи пенсионерларга ҳам тааллуқлидир. Ижодкорларнинг қалам ҳақлари оширилди, олимларга унвонлари учун қўшимча устама тўланадиган бўлди. Булар ҳам эл-юртга ғамхўрлик йўлидаги ислоҳотлар бўлиб, наврўзи айёмга хос қадриятлардир.

Зеро, наврўзи айёмда беморлардан хабар олинади, кекса кишиларимизга иззат-ҳурмат кўрсатилади. Кичкинтойлар ва ёшларимизнинг онг- шуурида миллий қадриятларимиз яна бир бора намоён этилади.

Мамлакатимизнинг бугунги сиёсий-иқтисодий ютуқлари, ижтимоий-маданий ҳаётдаги дадил одимлар, хориж спорт майдонларида байроғимизнинг ҳилпираши Мустақил Ватан нашидаси ва Ҳаракатлар стратегияси натижасидир.

 

Ўзбекистонда дунёвий, маданий, демократик, эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида қатъият, изчиллик ва собитқадамлик билан олиб борилаётган эзгу ишларга кўклами кўркам ўлкамизнинг жўшқин баҳор янглиғ болалари – келажаги камарбаста бўлиб улғайишида тилакдошмиз.

Академик шоир Ойбек домла куйлаганидек:

        Баҳор, кетма бизнинг боғлардан,

        Қуёш, нуринг сочавер мўл-мўл.

Барча Ватандошларимизни Наврўзи айём билан муборакбод қиламиз!

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.