Бекпошша ХЎЖАЕВА: АЛЛОҲНИНГ СИНОВИ (ҳикоя)

0
82
марта кўрилган.

Биласизми? Инсон муаммога, қийинчиликка, оғир вазиятга дуч келса “Аллоҳнинг синови” деб ўзини  тинчлантиришга, ёки шу сўз билан яқинлари уни кўнглини олишга ҳаракат қиладилар.

Шундайлар бор, “қилган гуноҳи бордирки, жавобини оляпти, Худо жазосини беряпти ёки мен уни Худога солган эдим ана, кўрсатди-ку!” деб кимнингдир истиробидан қувонадилар.

Синовларга бардош бераётган одамнинг, албатта, “мен қандай гуноҳ қилдим экан?” – деган ўй-андиша ҳаёлидан чиқмайди.

– Бировнинг ҳаққига хиёнат қилдимми?

– Йўқ!

– Кимнингдир кўнглига озор бердимми?

– Мумкин.

– Оиламга, эримга хиёнат қилдимми?

– Асло, асло!

– Яқинларим ё беморларнинг хол-ахволидан вақтида хабар олмадимми?

– Бу менда юз берадиган холат.

– Беш вақт намозни ўз вақтида ўқиб бораманми?

– Йўқ. Бахоналар топилади ва нуқул кечикиб ўқийман, ўзи кечирсин.

Санасам, икки эгнимда ўтириб, савобу гуноҳларимни ёзадиган фаришталарга етарли юмуш бор.

Хўжамникичи? У кишининг саволга жавоблари шу тариқа. Фақат оилангга, аёлингга хиёнат қилдингми, дейилган савол жавобсиз қолса керак.

Демак, менинг гуноҳим нима, деб Яратганнинг ёқасидан олавериш инсофданмас. Бу дунё ҳисобли. Ким ёруғ оламда, ким охиратда билиб-билмай қилган гуноҳлари учун жавоб беради.

Ушбу сатрларни ёзаётган пайтимда телефонимга СМС келди. Тавба! Унда шундай сатрлар битилган экан: ”Юкнинг энг оғири энг кучлиларга тушади. Мусибатнинг энг оғири энг яхшиларга тушади. Синовларнинг энг оғири эса энг буюкларга тушади. Қадрдон, фақат нолиманг. Нолиш ожизларнинг ишидир” Мен қай бирига мансубман? Нолийдиганигами? Тўғри кўп нолийман. Фақат ўзимга ўзим. Ва Аллоҳга! Атрофдагиларга дардимни достон қилишни истамайман. Энг яқин одамингга ҳам қисинишмалардан гапирсанг ёқмайди. Ҳатто малол келади. Мана ўзимнинг Хўжамни олайлик. Болам соғинчи ўртаб, ўзимни қўярга жой тополмай пинҳон нола чекаётганимни кўрса мендан узоқроққа қочади ёки дўқ аралаш ҳўкинади, танбеҳ беради.

-Шу нолаларингдан кимга фойда? Сенгами? Гўрда тинч ётишга қўймайдигананинг боланггами? Сенга термулиб яшаётган невараларингга, фарзандларинггами? Айт! Фойдаси бўлса мен ҳам бақириб-бақириб йиғлаб сенга жўр бўлай!

Ростми, ёлғонми билмайман. Хақиқатан тинчлантириш учундир. “Оллоҳ суйган бандасига оғир синовлар беради. Шу синовларга бардош берсангиз ажри, мукофоти бор”

Шак келтирган бўлмай. Тавба, минг бора тавба. Ўзи кечирсин. Жондан азиз, навқирон фарзанд эвазига қандай мукофот бўлар экан?

Бекпошша ХЎЖАЕВА

Туркум ҳикояларнинг давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.