Бекпошша ХЎЖАЕВА: БОЗОР(ҳикоя)

0
116
марта кўрилган.

Хоразмнинг шаҳар, туманларининг ҳар бирида икки-учтадан бозор бор. Урганч деҳқон бозори, Ғайбу, Чалиш йўли бозори, Пир бозор, Чўқли бозори. Айтаверсам адо бўлмайди. Шакли-шамоили бошқача бўлиши мумкин, лекин моҳияти бир.

Бозорларнинг зўри Урганч деҳқон бозори. Тонг қоронғусидан ғовур-ғувури оламни тутади. Эсимни таниганимдан бери бозор қайта—қайта қурилади. Дўконлар, узундан узун расталар. Катта-кичик араваларни айтмайсиз. Юк ортган аравакашлар аравачаларига машина сигналини қўйиб бибиблатганлари етмагандай “пўшт—пўшт”лаб, сени ҳам аравасига илаштириб кетадиган даражада шошиладилар. Турли хил машиналар, айниқса, дамасларнинг би-бип, бо-боплари қулоқни батангга келтиради. Тўғриси, ит эгасини, мушук бикасини танимайди. Атрофда оёқ босарга жой қолмаган. Ғирч парч.

Худога беадад шукур, тўкинчилик. Савдогарлар юртнинг тўрт тарафидан мошин-мошин маҳсулотлар етказиб келадилар. Уларнинг бозорда ўз ўрни, мавқеи бор. Олиб-сотарларга кўтарасига узатадилар. Килолаб ҳарид қиладиганларни яқин йўллатмайдилар. Доимий ҳаридорлар билан келишув шундайдир, балки.

Барча туманлар билан боғлайдиган автобус бекатидаги манзара бутунлай ўзгача.

Қишлоқлардан челакларда, лаган, халталарда маллак еридан чиққан неъматларни бозорда сотиш илинжида келадилар. Автобусдан тушар-тушмас учарларга йўлиқадилар. Келтирган маҳсулотини қандай сотиб юборганини тушуна олмай қолаверадилар. Ер ковлаб меҳнат қилган деҳқондан бир пулга харид қилганини бозорда ўтириб икки уч пулдан сотадилар ва деҳқонга нисбатан кўпроқ фойда кўрадилар.

Қизиқ, онгу шувиримизга сингиб кетганми, билмадим. Расталардаги маҳсулотлардан кўра пастда, ерда ўтириб мева-чева, полиз махсулотлари сотаётганлардан кўпроқ ҳарид қиламиз. Кўз ўнгимизда бозор маъмуриятидан масъуллар сотувчиларни худди қўйларни ҳайдаётган чўпондай қувадилар. Расталарга ўтиб савдо қилишга ундайдилар. Фойдаси йўқ. Бир куни қизиқишим ортиб, кўзимга таниш аёлдан сўрадим. 

 – Сингилжон, қачон бозорга келсам, сизга кўзим тушади. Турткилашларига, ҳақоратларга чидагандан кўра ичкарида, соя-салқин, озода жойда ўтириб савдо қилсангиз бўлмайдими? Қачон қарама қуёшда қорайиб, совуқда зигзираб, чанг тўзонда ўтирасиз?

“Сингилжон” ҳам қислиқиб турган эканми, бажону дил кўнглини очди.

– Опабийи! Биламан. Сиз ҳам ҳар доим оёқ остида ўтирганлардан ҳарид қиласиз. Чунки, деҳқон деб тахмин қиласиз. Буларга олиб сотарлар тузукроқ ўрин бермайди, деб ўйлайсиз. Сизга ўхшашлар кўп. Шунинг учун маҳсулотимиз тез ўтади. Ичкарида, айниқса бой бозорда нарсаларингизни артиб, ялтиратиб, харидор кутиб кунингиз ўтади.

 – Йўқай, сиз деҳқон эмасмисиз?

 – Деҳқонга ўхшашга ҳаракат қиламан. Олиб сотарман, олиб сотар! Шунинг учун ҳам чекчилар бизга илишгани илишган. Бақир-чақир билан ичкарига ҳайдайдилар. Барибир чек сотиб оламиз. Бу ерда ҳамма маҳсулот тез ўтади.

 Бизларни эрта тонгда бир томоша қилсангиз. Деҳқонми, боғбонми бозор ичкарисига ўтказмай талаймиз. Маҳсулотини арзон гаров сотганини билмай қолади. Кўзи боғланадида, шовқин-сурон қилиб ҳар томондан сиқиб ташлаганимизга! Шу нарсалар учун бозорчилар бир-биримиз билан юз кўргусиз бўлиб жанжаллашамиз. Савдодан тушган пулларни санаб, кўзлаган натижага эришгач, яна бир-биримизга ҳазил-ҳузул қилиб, оғиз-бурун ўпишиб кетаверамиз. Бозор бизники! Идорада дамикиб ўтирадиган сизлардан, ияклари узилиб, асаблари қайнаб болаларга дарс берадиган ўқитувчидан, ҳатто, ҳисобчилардан ҳам кунлик тушумимиз кўп. Фақат чидаш керак.Чидаш! Сизларнинг савдога уқувингиз йўқ. Айтган баҳомизга индамай ҳарид қилиб кетаверасизлар.

Бозорчи “синглим” ўз дунёқарашига хос мунозара қиляпти. Кейинги гал учратганимда уни фақат Урганч бозоринигина эмас, бошқа бозорларни ҳам ўзиники қилиб олганига гувоҳ бўлдим. Бу ҳақда кейинроқ тўхталаман.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.