Хўжам балиқчи. Ҳатто хизмат машинасида ҳам қармоқ топилади. Ҳайдовчилари кўниккан.
Бошқа вилоятнинг аҳолидан узоқ, улкан магистрал газ қувурлари ўтган ҳудудларида корхонага йўл қуриш вазифаси топширилган. Эрталаб барчага иш тақсимланди. Йўл қурилишига мўлжалланган йўналишда катта кўл бор экан. Бир дам ҳордиқ илинжида Хўжам ҳайдовчиси билан кўлнинг қулай қисмида қармоқ қурганлар. Ҳали балиқ илинмай тепаликдан овоз келган.
– Мумкинмас! Балиқ овлаш! Таъқиқлайман!
– Қизиқ. Нега таъқиқлайсиз? Биз тўр эмас, шунчаки, қармоқ билан овламоқчимиз, – ҳайратини яшира олмабди Хўжам.
– Именно, қармоқда мумкинмас. Балиқларни касал қиласизлар!
Ҳайдовчи Хўжамга маъноли қарабди:
– Энди эшитиб туришим, қармоқ балиқни касал қилишини.
– Нимага ҳайронсиз, – ҳўкинишда давом этибди овоз эгаси – Балиқ оғзини йиртиб қармоқдан қочиши, ёки, кичик чавоқни қармоқдан чиқариб яна кўлга қўйиб юборишингиз мумкин!
– Нима, оғзи йиртилган балиқ бошқалари билан ўпишиб чиқадими?-ҳайдовчи савол берибди.
– Ишингиз бўлмасин! Қани, қармоқларни йиғиштиринг. Мен каттасиман бу ерларнинг!
– Ажаб бўлади, ёшулли. Бир оғиз буйруғингиз. Кўлингиз ўзингизга буюрсин.
Лекин кўл ёшуллига буюрмабди. Топшириқдаги режа бўйича кўл кўмилиши керак экан. Эрта тонгдан ишга чиққан булдозерчи уюм тупроқларни кўл томон суриб бошлаган. Мўлжални хато олганми, тажрибасизлик қилганми, булдозер сурилиб кўлга тушган. Секин-секин сувга кўмила борган. Булдозерчи бир амаллаб кабинани тарк этган. Улови эса ғарқ бўлган. Фақат тутун қайтаргичи аранг кўзга ташланган.
Бошланган ғала-ғовур. Кўлнинг каттаси етиб келган. Бир зумда айбнома тузилган. Корхонага хабар жўнатилган. Айбномада битилишича бир тонна балиқ булдозернинг тагида қолган. Иқтисодий зарарни қоплаб бериш сўралган. Корхона раҳбари зарарни айбдорлар қоплаб беради деган мазмунда жавоб қайтарган. Айбдор ким? Албатта техника учун жавоб берадиган масъул. Масъул эса Хўжам.
Хўжамнинг жаҳли чиққан. Нимадан? Булдозерчидан. Кўлнинг бир қисмини кўмиб кетиш ўрнига ўзи кўлда ўралашганидан. Аниқлаган. Ва баттар асабийлашган. Чунки, корхонадан жўнатилган “булдозерчи” ҳақиқий касб эгасининг ўрнига келган. Янги ишга олинган. Синов муддатини ўтамаган.
Бу орада булдозер кўлдан чиқарилган. Таъмирлаш жараёнлари бошланган. (Кимнинг ҳисобига ҳамон билмайман. Бу ҳақда Хўжам лом-мим демаган).
Кўл эгаси, яъни, ўша катта, ҳоким ўринбосари ва яна аллакимларни бошлаб келган. Хўжамни сиқувга олганлар. Шикоятномага қўл қўйишга ундаганлар.
– Сиз бир тонна балиқни ўлганлигини гапиряпсиз. Менга ҳеч бўлмаганда эллик килосини келтириб беринг. Табиатни муҳофаза қилувчилар билан биргаликда аниқлик киритайлик. Майли, мен шу ердаман. Шикоятингизни маъқуллаб имзо чекаман. Бир тонна балиқнинг пулини ҳам бераман. Лекин бир нарсани тушуна олмаяпман. Балиқларингиз шу даражада анқовми, танкдан баттар дукурлаб келган, тупроқ сураётган булдозернинг ваҳимасини англамайдиган. Тагида қолай деб кутиб, қочишга интилмайдиган?
Кўлнинг каттаси бироз талмовсираган:
– Булдозернинг ёғидан зарарланиб нобуд бўлдилар.
– Демак, балиқларингиз ён томондаги кўлга қочиб ўтмай ёғ сизиб чиқишини кутганлар ҳеч бўлмаса бир ҳўпламдан ичайлик деб, — шундайми? Хўп, ана, ёғидан зарарланди дейлик. Биттагина солярка ютиб тепага қалқиб чиққан балиқни кўрсатинг, илтимос. Лабораторияда текширтирайлик.
Ишқилиб, шу даражада ҳақиқатга тўғри келмайдиган шикоятни ҳал қилишга келганидан ўсал ҳоким ёрдамчиси четга ўтиб аризачини етарлича уялтирган.
Балиқ кўли сабаб йўл қурилишида содир бўлаётган кўп сирлар юзага қалқиган. Жумладан, тажрибасиз булдозерчи механикка бир қўчқор совға қилиб ишга жойлашгани ва вахтага жўнатилгани. Текширувлардан сўнг ўша қўчқор механикнинг уйидан ҳўкиз бўлиб чиқиб кетибди.
Компьютерни ишлатиб ёзганларимни ўқиган ўртанча неварам фикрини билдирди:
– Бувамнинг ҳикоялари жуда кўпку, нега зерикарлисини ёздингиз?
– Қай бир эсдаликлари сенга маъқул? — десам
– Чўлдами, қумликлар ўртасидами ёмон жойдаги катта кўлчи? Подачи қўйларини шу яккагина кўлдан суғоришга олиб борганида вақти-вақти билан пайдо бўлиб қўйлардан биттасини тириклай ютадиган аждарҳо сифат махлуқчи? Сал бўлмаса бувам билан ҳайдовчисини бир ямлаб ютишига отилиб чиққаничи?
Ё бўлмаса машиналарини қанча тез ҳайдасаларда уларни таъқиб қилган, қанотлари уч метрча келадиган ваҳимали қушчи? Шулар тўғрисида ёзсангиз яхшимасми?
Армияда хизмат қилган солдатлик давридаги воқеаларчи? Дедавшина, яъни, ўзларидан олдин келиб, дембел бўлиш арафасидаги аскарларнинг ёш солдатларга қандай зуғум ўтказганларичи? Овқатланиб бўлгач бўлка нон билан столни артиб тозаловчиларга бувамнинг танбеҳларичи?
– Келишамиз. Улғайганингда ўша ҳикояларни сен ҳам невараларингни атрофингга тўплаб гапириб берасан, хўпми. Фақат қайта-қайта такроран айтиб безор қилмайсан.
Неварам ҳазилимни тушунди. Очилишиб кулди.
Давоми бор.