Бекпошша ХЎЖАЕВА :Бувимизнинг ҳавотири (давоми)

0
12
марта кўрилган.

Бувимнинг кўзига тўй кўринмаяпти. Безовталиги сабаби: Қанча таъкидлашига қарамай, Ҳурпошша опамни ял-ял ёниб, тўй уйига жўнагани бўлди.

-Қисинаберманг. Кап-катта қиз. Тўй кўргуси келаётгандир-онам бувимни юпатмоқчи бўлади.

-Шу қиз кўзикади. Кўнглим айтаяпти. Ҳамманинг назарини қаратяпти. Суқ киради. Суқ ёмон нарса. Бўйи етган қизларни бекор кўзлардан яшириб сақламаганлар.- Бувим хомсиқиб ўз хонасига йўналди. Онамнинг имоси билан унга эргашдим. Бувижоним кўз ёшларини узун енгига артиб баралла йиғлай бошлади. Бағримга босдим. Тинчлантиришга интилдим.

-Қисинаверманг. Ҳур ойбикамга хеч кимнинг кўзи тегмайди. У ҳам ҳамма қатори бир қизда. Тўйда ясан-тусан қизларнинг орасида кўринмай қолади.

Бувим мени қаршисига ўтқазиб, хўрсиниб-хўрсиниб кўнглининг тубида ётган, энди юзага қалқиб чиқиб азоб бераётган дардини тўкди.

-Сизларнинг Ҳурпошша деган аммаларингиз бор эди. Отангдан икки ёш кичик. Хушрўйликда ягона. Отангни уйлантирган тўйда ҳаммани лол қолдирди. Совчилари кўпайди, ҳеч кимга розилик билдирмади. Ёқтиргани армияда эканини сездиргандай қилди.

Шеър ёзарди. Ширали овозда уй ичкарисида ўтириб шундай қўшиқлар айтардики, Назира Юсупова, Султонпошша Рахимовадай халқ артистларидан ортиқ бўлса ортиқ, кам эмасди навоси. Ошкора куйлашга бобонг, отанг, оғайниларим рухсат бермасдилар.

Бувим оржасини очиб бир даста сарғайган варақларни кўрсатди.

-Аммангнинг шеърлари бу. Боламни соғинганда юм-юм йиғлаб ўқийман. Вох-вохай шунча йил ўтди. Юрак бағримни куйдирган ўт ўчмаяпти. Ҳурпошшага аммасининг исмини бердим. Қизимнинг номи ўчмасин дедим. Товба. Минг товба. Чиройи, одоб-икроми, овозлари аммасининг худди ўзи. Бўйларини кўриб қувонаман, қизимни соғинчи босилгандай бўлади.

Амманг бечора тушуниксиз дардга учради. Қисқа вақтда сарғайди, сўлди. “Беажал ўлим бўлмас, магар кўз тегмаса, суқ кирмаса”,-деб кўп такрорларди онам рахматлик.

Бувим чуқур тин олди.

-Ўзи ўхшасада умри ўхшамасин Ҳурпошша охтиқимни. Шу тўйга бекорга кетди, бекорга.

Бувимни куйиб гапиришларидан таъсирландим. Лекин парво қилмадим. Кўз тегиш деган иримларга ишонмагандирман. Ҳур опамни сарғайиб сўлишини тасаввуримга сиғдира олмадим. Кўз ўнгимда фақат қора бахмалдай жилоли қошу-кўзлари намаён бўлди. Лекин шу кундан бошлаб бошқа опаяларимга қараганда Ҳуримизга кўпроқ эътибор қаратдим .

Ҳурпошша ойбикам.

Хонамизда тўрт опаяга жой ажратилган. Султон опам узатилган куниёқ ўрнини Чини ойбикам ўзиники қилди. Дераза олдида столимиз, тўрт дона суянчиғи йўқ курсимиз бор. Ҳур опамнинг каравоти столнинг ўнг, меники чап томонида. Аслпошша ойбикам бизнинг хонага кўчиб ўтди ва эшикдан кираверишда, умумий шкафимизнинг рўпарасида.жойлашди.

Чини опам ёстиққа боши теккан ҳамон уйқуга кетади. Асл опамнинг тунда гапириб чиқадиган одати бор экан. Мен тунни ёмон кўраман. Уйқум ўчади. Назаримда тўшагимнинг пахтаси бир жойга тўпланиб қолгандай, ёстиғим баланд ё пастдай,  ўрнимни текислаб тузатганим тузатган. Кўзимни чирт юмиб ётавераман. Агар худди кино кўраётгандай, гулларнинг, дарахтларнинг шакллари, баъзида бадбашара одамлар, ё танишга ўхшаган қандайдир чеҳралар намаён бўла бошласа, биламанки, тез орада ухлайман.

Бир холатни сеза бошладим. Ҳур опам тунлари ухламайди. Биз тинчлангач, секин ўрнидан туриб, стол устида турадиган, қулфланадиган сандиқчадан шам олиб ёқади. Тунги чироқни ўчиради ва шоша-шоша нималарнидир ёза бошлайди. Дастлаб эътибор қилмадим. Дарс тайёрлаяпти деб ўйладим. Холат ҳар куни такрорланавергач сергакландим. Бир куни тонг саҳарда уйғондим. Опам столга бошини қўйиб ухлаяпти. Ҳар куни нималарнидир ёзиб, сандиқча ичига бекитиб, қулфлайдиган қалин дафтарини секингина қўл остидан суғурдим. Тез кўздан кечирдим.

Биринчи варағида катта ҳарфлар билан ёзилган:

ОРЗУ МАНЗИЛЛАРИ. РОМАН. МУАЛЛИФ ҲУРРИЯТ ХЎЖАЕВА.

Пиқирлаб кулдим. Роман деганни катталар ёзмайдими? Асар ёзиш тўққизинчи синф ўқувчисига қолибдими? Ҳуррият? Бу ойбикам ҳам исмини ўзгартимоқчими?

Дафтарни варақлар эканман ҳайратим оша борди. Тўқсон олти варақ ёзувларга тўлган. Майда ҳарфларни кўзим илғамаяпти. Шам шилпайибди. Ўчаяпти. Тонг энди оқараяпти. Чироқни ёқдим. Чини опам донг қотган. Асл опам симбирданиб тескари ўгрилди. Ҳур опам сакраб ўрнидан туриб дафтарга ёпишди. Тортиб олди. Мени жиноят устида қўлга туширди гўё.

-Уят, одобсизлик. Дафтарни сўроқсиз ўқияпсанми?-опаям негадир адабийча гапиришга ҳаракат қилади. Унинг наздида шевадаги баъзи иборалар қўпол эшитилармиш. Бу мени энсамни қотиради.

-Ибияй! Димааа! Дафтарда сирингиз яширинганми, Ҳурриятхоним!

Қаранг-га, Чинипошшага ўхшаб сиз ҳам номингизни ўзгартирибсизми, бика қиз?- менинг пичинг аралаш, бақириб гапиришимдан хавотирланган опам оғзимни қўли билан беркитди.

-Жим. Овозинг бунча ўткир. Ҳаммани уйғотиб юборасан. Тушунтираман.

Негадир опамга рахмим келди. Хорғин овозими, бироз синиққан юзими, безовталигими, билмадим.

-Ҳур деб кимларга айтилади. Турмуш қурмай оламни тарк этган ҳур қизларга. Ҳурпошша аммамга ўхшаб навқиронликда ўлишни истамайман. Уни фақат суратини кўрганмиз. Лекин тушларимга киради. Қўлларимдан ушлаб гулзорларда учади. Зўрға қочиб қутиламан. Ўша ғалати оламдан қўрқаман! Ўтган ойда паспорт олганимизда ҳеч кимга билдирмай исмимни ўзгартирдим. Илтимос! Бувим сезмасинлар.

-Дафтарчи? Ростданам романми?

Опам худди шундай яна бир дафтарни кўрсатди. Энди учинчи қалин дафтарга давомини битишини гапирди. Нима ҳақдалигини мен сўрамадим, у айтмади. Эрмакдирда.Опамни тунлари ухламай ёзишларига кўникдим.

Бувимнинг Ҳур опамга ўзгача меҳру, авайловчи муносабатлари бизга ҳам юққан. Унга деярлик иш буюрилмайди. Ўзи билиб қилади. Деразамиз олдида кўлча, кафтдайгина ер бор. Опам гулзорга айлантирган. Рангоранг, хушбўй. Деразадан ичкарига уфуриб туради. Бир пайтлари отам шу кўлчага ҳам ғовуш-маккажўхори эккан. Жўхори пояси баланд ўсиб, шохалаб, роса ҳосил туккан. Маккаси товуқларга, пояси молга. Оз бўлсада ҳарна. Лекин хона ичида нафас олиб бўлмади. Топпот. Ёзнинг куйдирадиган иссиғи. Ғир этган шабадани ўтказмайди. Кейинги йили гул уруғи қадалди. Гулларнинг парвариши ўз-ўзидан Ҳур ойбикам зиммасига ўтди. Опямиз кўлча чеккасида ўтириб китоб ўқийди. Гул, Ойбикам ва китоб. Халақит қилмасликка интиламиз.

 давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.