Бекпошша ХЎЖАЕВА: Ҳикоямнинг якуни (Опаяларнинг давоми)

0
20
марта кўрилган.

Фермер хўжалигимиз ривожланди. Қариндошлар, қўшнилар иш билан таъминланди. Мен улғайдим. Касбимдан камол топдим. Турмушга чиқмадим. Олдин тенгқурларимдан, кейинчалик хотини билан ажрашганлардан, катта ёшдаги эркаклардан совчи келди. Ўз сўзимда турдим. Ота уйимизни қайта, икки қават қилиб тикладик. Уймисан уй, ҳовлимисан ҳовли! Кўчадан ўтган борки, муюлишгача  биномиздан  кўз узмайди. Отамда, менда янги русумдаги автомобиль. Сингилларим Тошкентда,Гулпошша опамнинг уйида яшаб институтни тамомладилар. Гулимбой поччам билан ойбикам олим. Институтда дарс берадилар. Катта ўғиллари Дўрманда қайнлари билан яшайди.  Ҳасан, Ҳусан ўғиллари ўзларининг олдида. Воровская кўчаси даҳлсиз. У ерда кўп каватли иморат тиклаш, корхона қуришга рухсат йўқ экан. Ойбикамлар яшаш жойларини бироз кенгайтирдилар. Атрофни яшил оламга, боғу боғча, гулу гулзорга айлантирдилар. Аня хола, Гриша амакилар ер мулкини борлиғича поччамга хатладилар. Умрларининг охиригача ҳурмат иззатда яшадилар.

Янгилжон, Тўхтажон ўзлари орзу қилгани тикувчилик цехига асос солдилар. “Татош” ёрлиғи  билан сотувга чиқарилган кийимлари оммабоп. Янгилик излашдан чарчамайдилар. Султон ойбикамнинг тўйида кийимларимизни тиккан чевар Сапура опа сингилларимни болалигидаёқ эгизак ўғилларига келин қилишни ҳазил аралаш айтган. Ўша ҳазил чинга айланди. Сапура опага рахмат. Тўйдан кейин Ҳусинбой билан Тўхтажонни бизнинг олдимизда яшашга юборди.

-Саройдай жойлар турганда бизнинг каталакдек ҳовлида уч ўғлимнинг сиқилиб яшашига ҳожат йўқ. Қаерда бахтли, тинч бўлсалар шунинг ўзи етарли.-деди.

Отам адаш куёви Ҳусинбойни ўз ўғлидай меҳр ила қаршилади. Уларнинг бир-бирини тушуниши, бамаслаҳат рўзғорни, дала шийпонни, яъни фермер хўжалигини бошқаришлари таҳсинга лойиқ. Тўхтажоннинг эгиз фарзанд, қиз ва ўғил туғиши хонадонимизни нурга тўлдирди. Ҳар бир аёл фарзанд кўришни, болани бағрига босишни истайди. Шу истак менда ҳам уйғонган. Жиянларимни Тўхтажонга ишонмайман. Чўмилтириш, овқатлантириш, ухлатиш. Вақт топиб ўзим шуғулланаман. Онамнинг армонли нигоҳларигина баъзан хушёр тортиради.  Фақат онам эмас, ҳатто опаяларимнинг нигоҳида ҳам баъзан ачиниш билан қараётганларини хис қиламан. Бундай ҳолат мени ранжитади. Гўё уларнинг бари оилали, фарзандли. Мен ота-онамни қайғуриб ёлғиз қолдим. Балки, шунинг учундир, рахматлик бувим кексайиб, кўз нурлари ўчиб, юришга ярамай қолганда ҳам тез-тез такрорлаган. “Ўғилжон. Сени турмушга чиққанингни кўрмасам, армонда, кўзларим очиқ кетаман”.

Мен оила қурмаганимдан пушаймонманми?. Атрофдагилар наздида йўқ! Аслидачи?  Пушаймонман. Айниқса хонамда ёлғиз қолганда. Барчамиз йиғилган кунларимизда опаяларимнинг умр йўлдошлари, фарзандлари атрофига жам бўлганда. Тўғри жиянларим бағримга келадилар. Лекин…

Бир нарсада хато қилганимни англадим. Келинликка қарши исён кўтарганим. Кимнингдир уйига бориб хизмат қилиш, бошқа оилага қўшилишни ор билганим. Ота-онамга раҳмим келгани. Энди жуфтсиз яшаятганим уларга қанчалик  армонлиги.

Фарзанд дунёга келса бериладиган биринчи савол: Қизми? Ўғилми? Қиз деса “яхши, яхши, қиз бола кўнгил юпанчи”.  Ўғил деса, “Зўр! Ўғли борнинг ўрни бор!” дейдилар. Йиллар ўтиб, ҳаётни кузатиб амин бўлдим. Аслида қизи борнинг ўрни бор экан.  Қиз бола турмушининг дастлабки йилларида қийналади. Лекин, вақт ўтиб оиласининг бекасига, кучли таянчига айланади. Опаяларимдан мисол. Султонпошшамиз оиласи учунгина эмас, бутун маҳалласи учун кайвони опа. Қайнона-қайнотаси, қайн укалари, овсинлари маслаҳатни ундан оладилар. Гулпошшамизчи? Бирор кун қайнлари олдида хизмат қилдими? Йўқ. Тошкентга ўқишини давом эттиришга кетди. Қайнонаси бечора фарзандларини улайғайтирди. Олимлик даражасига етгунларича маблағ билан таъминладилар. Уй — жой шароитини яратдилар. Ҳозир ҳам ўзига хон, ўзига султон. Аслпошша Қудрат поччам билан чилладан чиқмаёқ янги уйга ўтиб, эркин яшадилар. Фарзандларини болалар боқчаси тарбиялади. Поччам банк бошқарувчиси, ойбикам фабриканинг бош ҳисобчиси. Турмушлари тўкин.

Чинипошшамизни айтмасам ҳам бўлади. Улар қозоғистонлик икки нафар етим қизчани  асраб, фарзандларини уч нафарга етказдилар. Шуниси борки, опам мансаб пиллапояларидан юқорилади. Туман, вилоят хокимлигида масъул вазифаларда ишлади. Фарзандларини овсини Пардагул опа тарбиялади. Пардагул опадай аёлларни жаннати деса арзийди. У ўз туққан ўғлини опамга фарзандликка бергани етмагандай, асранди қизларига ҳам меҳр улашди. Чинимиз фарзандлари улғайгач шаҳарга кўчдилар. Ота-онамдан кун оша хабар оладилар.

Кишжонимизнинг ўзи бир дунё. Ошхоналар, тўйхоналар. Етимликда улғайган Хушнудбекни шу даражадаги тадбиркорга айланишини ким тасаввур қилибди дейсиз. Бувим рахматлик “бечора бевага солғит солмаймиз” деб  қалин пули ҳам гитлар ҳам олмаган(гит дегани қуда томонга келтириладиган матолар) Ўғлининг дийдорини кўрмай, хор қилган отаси, уларни хонадонларига сиғдирмаган амаки, аммалари эндиликда атрофида парвоналар.  Орамизда энг зўр автомобиль Кишжонники. Фарзандларининг ҳар бири камида тўрттадан чет тилини ўзлаштирган.

Янгилжон тикувчилик цехи билан оввора. У онамизга ўхшаб қиз фарзандларни дунёга келтираяпти. Тўхтажон ишни йиғиштирди. Унга уй бекалиги маъқул. Қўли ширин. Пиширган таомлари аъло. Хонадонимизнинг эшиги мудом очиқ. Меҳмонсиз ўтган кунимиз йўқ. Тўхтажонимиз ўта меҳмондўст. Қазонимиз доим қайнаб туради.

Катта, кенг ёруғ, ва кўркам долонимизнинг тўрида Ҳурпошшамизнинг сурати чизилган. Сурат остида стол. Столдаги гулдоннинг ранго-ранг гуллари ҳар тонгда янгиланади. Гулдон ёнида Ҳуррият, яъни Ҳурпошшамизнинг ўзи танлаган номи остида чоп этилган “Орзу манзиллари” китоби. Иқтисодий имкониятларимиз барқарорлашган йиллари ойбикамнинг қўлёзмасини  сандиқчаси қулфини бузиб очиб олганмиз. Ўқиб кўрганмиз. Шодия опа деган ношир аёлни излаб топганмиз. Аммам Ҳурпошшанинг ва ойбикамнинг қўлёзмаларини берганмиз. Опа ойбикамнинг ҳикоялари, аммамнинг шеърлари хомлиги, устида кўп ишлаш зарурлигини айтиб тихирлик қилган. Биз қанча маблағ керак бўлса ҳомийлик қилишимизни таъкидлагач, бажону дил ишга киришган. Китобнинг муқовасига Ҳуримизнинг ҳур, пари мисол сиймосини рассом ажиб рангларда жилолатиб чизган. Китобнинг ҳар варағига нақшлар ясалган. Ҳуррият Хўжаева Хурпошша Хўжаевалардан эсдалик сифатида қариндош уруғларга тарқатганмиз. Хикоялар шеърлар аслида оддий, ёш қизларнинг дунёқараши, атрофдагиларга муносабатини ўзига мужассам этган. Шодия опа уни таҳрир этиб ҳақиқий асарга айлантирган. Агар Ҳурпошшамиз, аммамиз  ўлмаганда  кучли ижодкор бўлармидилар. Ўзлари каби хушсурат фарзандларни дунёга келтирармидилар. Бу ҳам кўнглимизнинг ўчмас армони.

Бувим дунёдан ўтди. Янги иморатимизда қисқа муддат яшади. Унинг хонаси биз учун табаррук. Опаялар шу жойда ўтириб суҳбатлашамиз, дардлашамиз. Бувимни эсламаган кунимиз йўқ.

Бир куни Янгилжон ранглари оқариб ёнимга келди. Билдим, жаҳли чиққан.

-Рахматлик Холжон онанинг уйига кўчиб келган янги қўшни бироз жиннироқми дейман. Сени сал мияси айниган укасига келинликка сўрамоқчи. Ҳа эмиш, сени севган йигитинг номусингдан айириб ташлаб кетган эмиш. Укаси айбингни кечириб, уйланишга розимиш. Юзига тарсаки тортганимни билмабман. Айтмаган гапим, ҳақоратим қолмади. Оғзидан яна шундай бемаза сўз чиқса, жиноий жавобгарликка тортирамиз, дедим.

Асабийлашдим. Лекин ғазабимни сездирмадим. Кулимсирадим. Бу менинг ночор холатга тушганимдан дарак. Янгилжон яна кўп гапирди. Опаларимизни бошлаб, янги қўшнимизнинг уйига “разбор”га киришларини айтди. Индамадим. Бундан баттарига лойиқман. Ким бўлибманки, асрлардан бери давом этиб келаётган жуфтлик қоидасига қарши исён кўтарсам.

Ҳали кеч эмас. Синфдошим Дўсчанов Йўлдош бева. Куни кеча тортиниб, қимтиниб олдимга келди. Симбирданди. Нима демоқчилигини англадим. Лекин таклифини айтишга юраги бетламади. Эртага синфдошлар жам бўламиз. Йўлдош Дўсчановга кўнглини очишга имкон бераман. Майли, кеч бўлсада ота-онамни, опаяларимни қувонтираман. Уйимизда яна ёр-ёр садолари янграйди. Менимча, шундагина опа сингилларнинг бахти бутун бўлади. Омонликда кўришайлик.

Тамом.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.