Бекпошша ХЎЖАЕВА : ОПАЯЛАР(ҳикоя)

0
56
марта кўрилган.

Мен Ўғилжонман. Отам Ҳусинбой, онам Онажон, бувим Моможон.Тўққиз нафар зурёд-қиз. Фақат қиз туғилаверган хонадоннинг холатини бошидан кечирганларгина тушунади. Хусусан, ўғил фарзанд кутавериб задиккан ота, ва ўғил туғиб беролмаган она.

Менга алам қиладигани, кўп қизли оилаларга ачиниш билан қарашлари. Кўнгил овлаган бўлиб “Пайғамбаримиз ҳам ўғилсиз ўтганлар”-деб таъкидлайдиганларнинг борлиги. Гўё махсус писанда қилгандай туюлади одамга.

Дил достонимни баён қилаётганимнинг боиси қиз фарзандларнинг ҳаётдаги бетакрор ўрнию, ўғил фарзандлардан кўра хосиятлироқ эканини эслатиб қўймоқдир. Ёзаётганларим опаяларим, яъни, опа-сингилларимнинг болалик, ўсмирлик ва етуклик даврларидан шингил ҳикоялар.

Оиламиздаги 9 нафар қизнинг еттинчисиман. Тўғрисини айтай исмимни асло, асло, ёқтирмайман. Қиз болани шундай қўпол ном билан атайдиларми?!

Опаяларимнинг баъзилари мен каби ўз исмларидан уяладилар. Онамнинг нуқул қиз туғаверганига биз айбдормизми?

Бувим илк неварасини орзу ҳавас этиб, қизларнинг султони, пошшоси бўлиб юрсин, хўжазодалиги номидан билинсин, деб Султонпошша қўйган. Иккинчимиз бувимнинг таъбири бўйича қизларнинг гули, гулшанларнинг пошшоси бу-Гулпошша дегани экан. Учинчимиз Ҳурпошша. Галдаги опам қизларнинг чини-Чинипошша. Гувоҳномага ном хатороқ, Чинипашша ёзилибди. Навбатдаги опам Аслпошша. Бувим пошшаларни терабериб чарчаганлар шекилли, кейинги опаямизни Кишчан деб атабдилар. Яъни, қизларнинг кичиги бўлиб қолсин, навбат ўғилга етсин деганлар-да!

Э, вооҳ. Ундай бўлмабди. Кишчан ойбикагинам йилнинг бошида, мен Ўғилтой қиз шу йилнинг охирида, ойбикамларнинг сафини мустаҳкамлашга шошилиб, ёруғ дунёга чиққанман.

Орада узилиш. Нима бўлди? Онам безовта. Уни тинчлантирганлар.”Вақт ўтса, соғломлашиб олсангиз, ўғил фарзандларга навбат етади. Фалонкас етти қиздан сўнг беш ўғил кўрди”. Ишондилар.

Афсус ва надоматлар бўлсинким, йиллар ўтиб, мендан кейин туғилган чақалоқ Янгилжон ҳам қиз. Исмга қаранг, исмга! Зора янгиланиш юз берар деганларда! Тўғри келмади. Кимнингдир маслаҳати билан тўққизинчи қизни Тўхтажон дея гувоҳномага ёздириб қайтдилар.

Отам яхши одам. Онамнинг қизлайберганига кўникканлар. Маъюсгина, хўрсиниб-хўрсиниб туғуруқхонадан қайтганларини кузатганлар. Онам ҳар бир фарзандини дунёга келтирганда бир ўлиб бир тирилган. Ўғил кўргунча туғаберишни режалаштирган. Аммо, афсуски, Тўхтажондан кейин тўхталиш бўлди.

Онам шифокорга қатнай бошлади. Бу қандай адолатсизлик? 18 ёшда турмушга чиқиб, тўққиз нафар қиз туғсаю, ўғил фарзандга умид пайдо бўлганда, 35 ёшга кириб кирмай туғишдан қолиш? Асло мумкин эмас!

Онамнинг норозилигидан шифокорларнинг чинаккамига жаҳллари чиққан.

-Ўв одамзот. Оилалар интизор, бир қизнинг тирноғига зор. Сизда инсоф борми ўзи? Организмингиз тўғрисида ўйлайсизми ҳеч? Қайси аёл бундай юкни кўтара олади.? Туғишни тўхтатмасангз фарзандларингиз онасиз қолиши аниқ!-деб қатъий талаб қўйганлар.

Бечора онагинамнинг кўзларидаги айбдорлик, отамнинг кўзларидаги маъюслик менинг нигоҳларимга ўрнашиб қолган.

Отам ёлғиз ўғил. Эгизаги Ҳасанбой қандайдир сабабларга кўра етти чилладан чиқиб-чиқмай сачрабди, яъни,ўлибди.

Бувижоним Оллоҳга кўп илтижо қилганлар;-

-Ўзи бир бўлсада шохаси минг бўлсин, ўғилдир-қиздир фарқи йўқ, берардан қисмагайсан, деб.

Тилаклари мустажоб, бир этак қиз неварали бўлди. Асло норози эмас!

-Оллоҳимнинг карами кенг. Қиз бўлган жойда, албатта, ўғил ҳам дунёга келади!-деганлар.

Отам дам-сасини чиқармайди. Ҳар гал туғуруқхонага умид билан борган. Дераза тагида, хотинини минг оҳ-воҳ фиғон билан кўзи ёриганини, яна қиз туғилганини эшитиб, торвузи қўлтиғидан тушиб, ўлар кунда тиржайиб, онасидан “Суюнчи” олишга уйга қайтган.

Қиз боланинг иги (туғилишдаги дарди) қаттиқ бўлишини бувимдан эшитган. Онамни дард чекиш услубини дераза ортида туриб бироз тинглаган. Туғилишимизни кутмай уйга қайтган. “Қиз” дегану хонасига кириб кетган.

Онам бечора ўғил фарзанд кўриб, отамни хурсанд қилиш учун жонини жобборга беришга тайёр. Лекин бувимнинг художони “бўлди шу”деган шекилли, сўнгги илтижолари ўтмади. Тўхтажон кенжа қиз бўлиб қолаверди.

Бувим тўққиз нафар невараси тарбиясига қаттиқ киришганлар.

-Хўжа қизлари одоби, кийиниши, муомаласи билан ўрнак кўрсатиши керак!-дея олдимизга шартлар, вазифалар қўяди.

 Султонпошша ойбикам. Опаямиз Султонпошша ҳақиқий Султон қиз. Адолатли. Биз сингилларига ишни имкониятимиз, қобилиятимизга қараб тақсимлайди. Онамнинг ўнг қўллари. Мактабда аълочи. Дугоналари билан сирдош, дилдош. Синфида 10 нафар ўғил бола, 20 нафар қиз бола ўқийди. Ишонаверинг, 10 нафар йигитча ҳам ойбикамга ошиқ!

Кимки эсдалик дафтар тутса, биринчи бўлиб ойбикамга беради. У эса, эсдалик дафтарга гуллар чизади. Гул баргларига ўзи тўқиган шеърларни, дафтар эгасининг аъло фазилатларини бўрттириб, мақтаб ёзади.

Ўғил болаларнинг барчаси билан аҳил. Ҳурматларини жойига қўяди. Уларнинг ўсмир қалбида қайнаётган муҳаббатини асло сезмагандай.

Иккинчи, учинчи ойбикамлар  тўғрисида кейинроқ тўхталаман.

 Чинипошша ойбикам. Тўртинчи опаямиз Чинипошша — ҳақ ҳуқуқини талашадиган, бироз жанжалкашроқ. Ҳатто, бувимнинг буюрган ишларини ҳам ўлда-чўлда, чала бажариб қочади. Лекин Султон опамизнинг сўзини икки қилмайди. Ойбикам уни хил-хил номлар билан атайди.

-Чинни пиёла, Хрустал, Биллур, Чин мамлакати подшоси-менинг синглим-дея, бажарадиган вазифасининг даражасидан келиб чиқиб, эркалатувчи номларни ўзгартириб туради. Мен ҳам ушбу ҳикояни ёзиш давомида опаямни гоҳ Чинипошша, гоҳ Чинпошша дея атаганман

Чинипошша ойбикам паспорт олганда номини ўзгартиришга қатъий қарор қилган. Нега дейсизми?

Биринчидан, номининг асл маъносини англаб етолмайди. Чин пошша-ҳақиқий подшо деганими? Ёки, Чинни- бу чойнак пиёлага ишлатиладиган лойми?

Энг ёмони, синфдоши Шоҳида устозининг буйруғи билан ўқитувчилар хонасидан синф журналини олиб келаётганда Чинининг баҳоларини кўриш учун фамилиясини излаган. Ва нимани кўрган биласизми?

Чинипашшани! Пошша эмас, Пашша деб ёзилганини! Айб топганидан роса суюнган. Негаки, дарсларда баҳо олиш бўлсин, фан олимпиадаларими, спорт мусобақаларими, доимий рақиби шу Пашшада! Тили бурро қизни синдириб қўядиган пайт келди.

Дарс бошланиши билан дафтарнинг бир парча варағига ёзиб қоғозни ғижимлаб узатибди.

“Нега тилинг мунча заҳар, чақаверасан, десам Чин Пашша экансан-да! Исмингнинг жисмингга монандлигини қара!!!”

Ойбикам шу кунгача ФХДЁ бўлимидаги кўрсавод опахоннинг гувоҳномага номини хато ёзганига аҳамият бермаган. Дастлаб, синф журналига нотўғри битилган деб ўйлаб, жаҳл отини қамчилаб, тўппа-тўғри мактаб директори олдига кирган. Туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномадан ҳарфма-ҳарф кўчирилганини эшитган. Шу заҳоти уйига чопиб бориб, онамизнинг ҳай-хайига қарамай жомадондан гувоҳномани олиб, мактаб яқинида жойлашган ФХДЁ бўлимига кирган.

Қарангки, исмини хато ёзган аёл ҳамон шу ерда ишлаётган экан. Уни алдаб-сулдаб ташқарига етаклаган. Атрофга аланглаб, секингина тушунтирган:

-Паспорт олиш ёшига етаётирсан. Ўзинг хохлаган номни қўйиб олиш хуқуқинг бор. Сенга “модний” исмларни ўзим танлашаман. Сал қистанмай тур,- дебди. Опамни жанжал кўтаришга мойиллигини кўриб сўзини давом эттирибди:

-Отанг синфдошим. Тўртинчи қизига гувохнома олишга келганда жуда хомуш эди. Рахмим келди. Бечора ўғил кутган-да. Қисинганимдан исмингни хато ёзибман. Кечирда энди қизим.

Баҳонани қаранг! Демак, Чинипошша отаси хохламаган қиз экан! Опаям уйга келиб роса тўполон кўтарди. Йиғлади. Отамни, онамни, ҳатто, бувимни эсанкиратиб қўйди. Опаларим томошабин. Жанжал қай тарзда якун топишига қизиқаяптилар. Улар ҳам деярлик ўз исмларини ёқтирмайдилар. Чин ойбикамга Султон опамни-да гапи ўтмади. Ишқилиб югур-югурлар натижасида гувоҳнома қайта олинди. Энди опам Индирага айланди. Бувим норози. Индира номини айтишга тили келишмайди. Индира гувоҳномада қолиб кетди. Уйдагилар, қўшнилар, қариндош-у синфдошлар ўзлари ўрганган ном билан атайвердилар. Фақат Шоҳидагина пичинг аралаш Индирапашша деб чақириб опамни асабини эговлашни канда қилмаган.

 Давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.