Бекпошша ХЎЖАЕВА: ХЎЖАМНИНГ ҲИКОЯЛАРИ (ҳикоя)

0
68
марта кўрилган.

Байрам, Ҳайит, туғилган кун, баъзан шунчаки дийдорлашиш учун ўғил-қиз, келин-куёв, невара-чеваралар бизнинг, яъни ота-она хонадонига жам бўладилар.

Хўжам уларнинг келишларини ҳар доим хўлпилдаб, қувонишлари мумкин бўлган қандайдир янгиликлар қилиб кутиб олишга интилади. Кираверишга ранго-ранг чироқлар ўрнатадими, чеваралар учун ўз қўли билан ўйинчоқлар ясайдими, иш қилиб “ўўў, зўрсиз!” деган хитобни эшитади.

Менинг вазифам оддий. Ош дамлаш. Пиширган паловимнинг таъми ўзгачалиги тан олинган!

Гуринг қизийди. Қарабсизки, қизлар, келинлар бир тараф. Бижир-бижир. Ўғил-куёвлар бошқа тараф, ўзаро суҳбат.

Шундай пайтда Хўжам томоқ қириб, худди минбарда тургандай баланд овозда  ўз ҳикояларини бошлайди. Менинг пешонам тиришади. Болалар ҳурмат юзасидан гуё тинглашга ҳозирланадилар. У кишининг ҳикоялари аслида қизиқарли. Ҳаётий воқеаларга бой. Лекин баъзан олдинлари ҳам бир неча бор гапириб берганларини унутгани ёмон-да.

Хўжам ўзини ҳақиқий коммунист ҳисоблайди. Фарзандларига асраб қўйган қизил билетини кўрсатади. Коммунистларча яшаганини, оиласини, ватанини севганини, порахўрликдан, мансабпарастликдан йироқ, ҳалол умр кечирганини гапиришдан чарчамайди. Лекин неваралар коммунист сўзига бошқача назардалар. Уларнинг фикрича коммунистик партия сафига киришга интиладиганлар мансаб пиллапояларига кўтарилишни ният қилган, шахсий мақсадларини юқори қўювчи, партия номини сотиб, давлат мулкини ўғирлаган,  кўп қора ишлар қилган шахслар. Исботи учун телеграммдагими, ютубдагими, билмайман, қаердадир ўқиганларини кўрсатадилар. Фақат бувасига сездирмайдилар, чунки бувасини соддадил, кўнгли очиқ, иймони бутун  инсон, деб биладилар. Коммунист сўзини тилга олганда мийиғида кулиб эшитадилар.

Ўша эски коммунистнинг баъзи ҳикояларидан намуналар: ШЛЯПА

Хўжамнинг катта корхонада бош механик бўлиб ишлаётган йиллари.

Бир куни ҳафта давомида  кўзга кўринмаган юк машина ҳайдовчиси оёғини ҳиқақлатиб босиб хонасига кириб келган.

-Оёғимни ишдаги газ трубада куйдириб олганим учун касалланиб ишга келмадим. Энди ишга чиқишга рухсат беринг.

-Тушунмадим, — деб ҳайратланибди Хўжам.

-Баҳонангиз ўхшамаяпти. Оёқ куйдирадиган даражадаги иссиқ труба қаерда экан? Даволанганингиз хусусида бюлитен келтирдингизми?

— Ишқилиб, касалландим, лекин дўхтирга бормадим. Ўзингиз бир амалини қилинг.

-Қандай амал. Ҳеч бўлмаса справка келтиринг. Акс холда табелга йўқ қўяман.

-Иложсиз иш борми? Қуруқ қўймайман. Сизга атаб ажойиб совға келтирганман, — деб ҳайдовчи қутичани очиб ичидан ўша пайтда камёб, фақат казо-казолар киядиган кўркам шляпани олиб столга қўйган.

Албатта, Хўжам ҳам шундай бош кийимни хавас қилган.

-Буни менга совға қилишинг шартмас. Сот. Пулини бераман. Лекин йўқ кунларингни бор қилиб белгилай олмайман.

-Ундай бўлса сизга шляпа йўқ. Барибир табелга плюс қўясиз.-деб беписанд чиқиб кетган.

Сал ўтмай котиба қиз бошлиқ чақираётганидан хабар берган.

Хўжам гап нимадалигин дархол англаган. Бошлиқ олдин мулойим гапирган. Сўнг столни муштлаган.

-Оддий ҳайдовчи бўлса. Оёғини ишда куйдирибди. Бир ҳафталик пулини йўққа чиқармоқчимисиз? Табелга ишда бор эди деб белгиланг! — деган ва кадрлар бўлими бошлиғини, яна кимнидир табель билан келишини буюрган.

Хўжам хўп деган. Ва табелга НБ, яъни, ишда бўлмади деган ёзувни битган. Бошлиқ буйруғим бажарилди деб назорат қилмаган. Ҳайдовчи барчага ишни қандай битирганини айтиб кеккайиб юрган.

Орадан кўп ўтмай идорага махсус кийим кийган кишилар келиб ҳайдовчини суриштирганлар. Қоровул уларни Хўжамнинг хонасига йўллаган. Гап нимадалигини тушунган Хўжам бу масалани бошлиқ ечишини айтиб келганларни тепага жўнатган. Сал ўтмай ҳовлиқма котиба уни олдига солиб бошлиқ ҳузурига киритган.

-Мана, сиз сўраб келган жиноятчи ҳайдовчининг бевосита раҳбари. Қаерда юрибди, ишга келдими, келмадими жавобини беради.

Шу орада табелни ҳам келтирдилар.  Бошлиқнинг ранги бўздай оқарган. Хўжам эса хотиржам. Келганлар қоғозни синчиклаб кўздан кечирганлар. Ҳаммаси жойида. Бошлиқ оғир хўрсинган. Юзига қизил югурган. Чиройи очилган.

Маълум бўлишича ҳайдовчи бир ҳафта давомида ҳамтовоқлари билан қўшни вилоятда қатор ўғирликлар содир этган. Улардан бири қўлга тушиб, барчасини номини сотган.

-Албатта, ҳайдовчи қамалди. Менга эса ҳайфсан берилди. Бу дегани ойлик мукофотдан маҳрум қилиндим дегани, — ҳикоя қилади Хўжам.

-Негаки мен хайдовчидан ишга келмаган кунлари тўғрисида тушунча олмаганман. Ололмасдим ҳам. Жиноят қидирув бўлимидан келганлар идорани тарк этган заҳоти бошлиқ мени ҳузурига чорлади. Дам олиш хонасига таклиф этди. Котибага “Мен йиғилишга кетганман”, деди.

Дам олиш хонаси номига мос. Таърифлаб ўтирмайман. Раҳбарим музлатгичдан арман коняги, шоколад олди, жилвакор рюмкаларга қуйди, менга узатди. Мен эса кўзимни музлатгич устида турган шляпадан узолмаяпман. Гап нимадалигини тушуниб етганим учун ҳафсалам пир бўлган. Наҳотки катта корхона эгаси шу шляпага сотилган бўлса?

-Раҳмат! Мени бир бало-қазодан қутқардингиз. Расмият учун мукофот пулини қирқдик, кейинги ойда икки ҳисса қилиб тўғирлаймиз. Қани, олдик. Асаблар бироз тинчлансин! — раҳбарнинг қўлидан рюмкани олишга иккиландим. Менинг холатимни англадими, тикилиб турганим шляпани олди ва чирпирак қилиб деразадан улоқтирди.

-Шайтон йўлдан урдими, нима бало бўлди билмайман. Кўриб турибман шляпа сизга ҳам таклиф қилинган. Пасткашлик! — бошлиқ кейинги сўзни ўзига қарата айтди, шекилли. Шляпа  тўппа-тўғри учиб бориб қоровулнинг олдига тушибди. Тепадан, осмондан келган бош кийим қоровулга жуда ярашди. Ишхонадагилар унга ҳазиллашиб “Ёшулли” деб мурожаат қиладиган бўлдик. Қарангки, тўрт йил ўтиб қамоқдан чиққан ҳайдовчи ҳеч қаердан иш тополмай, тўғрироғи, ишга қабул қилинмаганлиги  сабаб яна бизга келди.

 -Хўп деса ишлайсан, — деб раҳбаримиз уни менинг олдимга жўнатди. Қоровулликка тавсия қилдим.

Бошлиқ ҳайрон.

-Ўзи ўғри бўлса. Ўғрининг қўлига идорани топшириб бўладими?

-Бўлади! — ишонч билдирдим. -Ўғри ўз уйида ўғрилик қилмайди. Ҳозир корхонамизда ташмачилик авж олган. Уларни аниқлашда ёрдами тегади.

Хўжам айтганидек бўлибди. Ўғри тамғаси босилган қоровул йўқолаётган нарсалар унинг зиммасига юкланмаслиги учун ўта хушёрлик кўрсатган. Ташмачиларни жиноят устида қўлга тушириб, ҳатто, Хазорасп бозорига бориб пинхона олиб чиқилган маҳсулотларни қай тарзда сотилаётганини исботлаган.

Ана шундай! Менинг Хўжам кадр танлашда адашмаган!

Давоми бор.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.