“Бобурнинг касаллик тарихи” китобидан: Аҳмад Танбалга қилинган туҳфа

0
1055
марта кўрилган.
Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида ва ўша даврдаги тарихий обидаларда қиличнинг каромати, ҳарбий аслаҳа сифатидаги жиҳатлари ҳақида жуда кўп мисоллар келтирилган. Шулар қатори, қилични ишлатишда маҳорат кўрсатган жангчи, шахс ҳамиша ижобий баҳоланган, қадрланган.
 
Масалан, Бобур бир неча бек ва саркардаларнинг қудрати моҳирона қилич тебратганида, душманни яксон этганликда деб билган. Масалан, у Хуросон султони Ҳусайн Бойқарога баҳо берар экан, дейди: “Шужоъ ва мардона киши эди. Борлар ўзи қилич тегурубтур, балки ҳар маъракада борлар қилич тегурубтур. Темурбек наслидин ҳеч ким маълум эмаским, Султон Ҳусайн мирзоча қилич чопмиш бўлгай”.
 
Бобур бу асарида ўзининг қиличи ҳақида кўп ўринда фикр юритган. Даставвал, Самарқандни забт этган Бобур аъёну бекларини тақдирлаш, аниқроғи, уларни ўзига яқинлаштириш мақсадида кўпларининг рутбаларини кўтаради, инъомлар беради.
 
Бунда Бобурнинг энг ишонган беки, кейинчалик қарийб умрининг охиригача садоқат билан хизмат қилган, ҳарбий ишларида етук маслаҳатчи бўлган Қосимбек шу пайтларда Бобур қаламрави ва салтанати ишларига кўз олайтирган Аҳмад Танбални ҳам сийлаш лозимлиги, шу билан уни муросага келишини осонлаштириш учун туҳфа бериш зарурлигини ва бу муносиб туҳфа фақат Бобурнинг шахсий қиличи бўлиши мумкинлигини айтади.
 
Бобур даставвал Қосимбекнинг бу таклифига рози бўлмайди, аммо у буни қайта-қайта илтимос қилгач, кейин рози бўлиб, шахсий қиличини Аҳмад Танбалга беради.
 
Буни қарангки, тақдир тақозоси билан муҳорабалардан бирида Аҳмад томонидан зарб билан Бобурнинг бошига айнан шу қилич тушади. Бу ҳолатни Бобур асарида афсус билан қайд этиб, шахсий қуролни бировга бериш мумкин эмаслиги, хосияти йўқлигини таъкидлаган.
 
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Заҳириддин Бобурнинг барча муҳорабалардаги ютуғи, лашкарларининг қилич чопишдаги маҳорати, энг аввало, аскарнинг бу ҳарбий қурол билан муомала қила олиши, маҳорати эвазига кўлга киритилган. Кейинроқ тўпотар ҳарбий қуроллар қиличбозларни ҳимоя қилган…
 
Манба: “Бобурнинг касаллик тарихи” китоби
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.