Бола ёшидан…

0
843
марта кўрилган.

Қадимдан халқимиз боланинг нафақат жисмоний соғлом бўлишига, балки маънавий баркамол бўлишига ҳам катта эътибор берган. Ҳадисларда айтилишича, фарзандга ота-онадан мерос сифатида қоладиган гўзаллик бу тарбиядир.

Бола тарбиясида қачонлардир йўл қўйган хатоликлар кейинчалик салбий натижаларга олиб келиши мумкин. Ота-оналар фарзандларини ўз дунёқараши, феъл-атворидан келиб чиққан ҳолда қўлдан келганича тарбия қиладилар. Лекин, фарзандингиз ўсиб-улғайиб, қанотингизга айланиш вақти етганда, сизни аксинча уялтириб, мушкул аҳволга солса, жамиятда ўз ўрнини тополмай, нотўғри йўлга кириб кетса, нега бундай бўлди экан, қаерда хато қилдим экан, деб қоласиз.

Аслида эса бола тарбиясининг бузилиши сиз ўша эътибор қилишга арзимайдиган деб ўйлаган кичкина хатоликлардан бошланади. Ота-оналар зиммасида ўта маъсулиятли вазифаси ётади. Бола тарбиясини санъат дейдиган бўлсак, боланинг ўзи эса санъат асаридир. Ота-оналар эса ана шу асарларнинг яратувчилари, яъни сайқолчиларидир. Демак бола тарбияси сиз ва бизга ота-оналарга боғлиқ.

Тўғри тарбия беришда хатоликларга йўл қўймаслик учун нима қилиш керак? Бу борада қуйидаги маслаҳатлар сизга ёрдам беради, албатта

Хеч қачон болангизни “Сени энди яхши кўрмайман”, “бундай қилсанг сени бошқа болам демайман” қабилидаги гаплар билан қўрқитишга ҳаракат қилманг.

Ота-оналар фикри: Нима учун болаларимиз айтганимизни бажармайди? Асабга тегади. Қандай йўл тутиш керак? Тарбиялаш лозим, аммо гапимизга қулоқ солмаяпти-ку. Дўқ уриб қўрқитсаммикан? Дея фикрлашади. Дарҳақиқат, бундай вазиятларда кўпчилик ота-оналар фарзандларини “Сени энди яхши кўрмайман”, деб қўрқитадилар.

Донишмандлар маслаҳати: Болага ортиқ яхши кўрмасликка ваъда бериш кучли тарбия усули бўлсада, бу тўғри эмас. Чунки, болалар ёлғонни хақиқатдан дарров ажратиб оладилар. Фарзандингиз сизни ёлғончи киши сифатида тасаввур этишга йўл қўйманг. Яхшиси, сиз бундай денг: “Сени яхши кўраман, лекин хулқ-атворинг менга ёқмаяпти”.

Ўзингизни бефарқдай кўрсатманг. “Билганингни қил, менга барибир” қабилидаги гапни асло айтманг.

Ота-оналар фикри: Арзимаган ҳолатга ҳам асабийлашайми? Ёш болани уришиб, бир нималарни тушунтириб, исботлаб, баҳслашиб ўтириш шартми? Бола кичкина бўлса ҳам муаммосини ўзи ҳал этиши керак. Мустақил бўлади, ҳаётга тайёрланади.

Донишмандлар маслаҳати: Ҳеч қачон болангизга у нима билан шуғулланиши сизни қизиқтирмайдигандек кўрсатманг. Бола бу бефарқлигингиз қай даражада “ҳақиқат” эканлиги текшириб кўради, яъни атайлаб асабга тегадиган ёмон қилиқлар қилиб, сизнинг бунга мунасабатингизни кутади. Шу туфайли гарчи унинг хулқ-атвори сизни умуман қониқтирмаса-да, бефарқлик кўрсатманг, аксинча фарзандингиз билан дўстона алоқа ўрнатиб олинг. Яхшиси бундай денг: “Биласанми: бу ишинг менга умуман маъқул эмас. Лекин сенга ёрдам бергим келяпти, чунки сени яхши кўраман. Хоҳлаган вақтингда мендан маслаҳат сўрашинг мумкин”.

Ҳаддан ташқари қаттиқ қўл бўлманг. “Сен фақатгина биз айтган ишни қилишинг керак. Бизнинг айтганимиз айтган, деганимиз деган” қабилида йўл тутманг ва гапирманг.

Ота-оналар фикри: Бола ота-оналарига сўзсиз қулоқ солишлари шарт, бу тарбиянинг асосий тамойилидир. Буйруқ муҳокама қилинмайди, балки уни бажариш керак. Бола 6 ёш ёки 16 ёшдами, буни фарқи йўқ. Болани заррача сийлаш керак эмас, акс ҳолда бошингизга чиқиб олади.

Донишмандлар маслаҳати: Бола ишни нима учун бажараётганлигини билиши шарт. Болани роботга ўхшатиб қўймаслик керак. Ўта даражадаги қаттиққўллик ярамайди. Бола ота-онаси олдида буйруқларни сўзсиз бажаравериши мумкин, лекин сўнг ота-онасидан холи қолган пайтларда таъқиқларга умуман қулоқ солмайди. Буйруқ бериб бажартиргандан кўра кўндириб бажартирган маъқул. Бундай деганингиз яхши: “Ҳозир мен айтганимни қилган, кечқурун эса биз ҳаммасини бамайлихотир мухокама қиламиз”.

Болангизни ҳаддан ташқари эркалатманг. “Буни ўзим қиламан, эркатойим буни ҳали ўзи эплай олмайди” десангиз хато қиласиз.

Ота-оналар фикри: Бола-подшо. Болага ҳамма нарсани муҳайё қилиб беришга тайёрмиз. Болалик-ажойиб ва ғаройиб ўтиши керак. Шу туфайли унинг барча истакларини бажаришим лозим. Кейинчалик тарбия қилавераман.

Донишмандлар маслаҳати: Эркатой болалар ҳаётда анча қийналадилар. Ота-оналар боланинг ўрнига ҳамма ишни ўзлари бажариб бераверсалар, бола ўзини бахтли ҳис этмайди. Аксинча, ожиз ва ёлғиз сезади. “Буни аввал ўзинг бажариб кўрчи, агар қилолмасанг, мен сенга бажонидил ёрдам бераман”, – дейиш энг маъқул йўлдир.

Болангизга ҳамма муаммоларингизни ҳам айтаверманг.

Ота-оналар фикри: Болам-энг яқин дўстим. У гўё катта одамдай. У билан ҳамма мавзуда гаплашавераман.

Донишмандлар маслаҳати: Болалар ота-онасини хурсанд қилиш учун ҳамма нарсага тайёр турадилар. Ахир ота-она боланинг энг яқин одамлари-ку. Бола тенгдошлари билан болалик даврни чоғ ўтказиш ўрнига ота-онаси муаммоларини ўзича ҳал этишга тайёр турадилар. Бу эса уларнинг қизиқишлари бир четда қолиб кетишига сабаб бўлади.

Болани пулга ўргатманг.

Ота-оналар фикри: Пул борасида “қўлимиз бир оз калтароқ”, шу туфайли унинг истакларини деярли бажо келтирмаймиз. Пулимиз кўп бўлганида, биз дунёдаги энг яхши ота-оналар бўлар эдик.

Донишмандлар маслаҳати: Меҳрни пулга сотиб ололмайсиз. Одатда пулдан қийналган ота-оналар фарзандлари бирор нарсага муҳтожликни ҳис этмасликлари учун қўлидан келган ҳамма нарсани бажарадилар. Лекин, сиз боланинг барча хоҳиш-истакларини бажара олмаганингиз учун ўзингизни айбдор деб ҳис этишингиз керак эмас. Аслида бола учун сизнинг меҳр-муҳаббатингиз, эътиборингиз, бўш вақтингизни у билан ўйинлар ўйнаб ўтказишингиз сизнинг ҳамёнингиздан ҳам кўра муҳимроқдир. Болангизни бахтли қиладиган пул эмас, балки сизнинг меҳрингиз ва эътиборингиздир.

Боланинг қизиқишларини ҳисобга олинг. “Менинг фарзандим мусиқа, рассомчилик, теннис билан шуғулланади. Мен уни ўз имкониятини қўлдан бой боришига йўл қўймайман”, тарзида фикрласангиз адашасиз.

Ота-оналар фикри: Кўпгина ота-оналар болаликларида пианино чалишни, балет, теннис билан шуғулланишни орзу қилганлар, лекин бу имконият бўлмаган. Улар эндиликда бу орзуларни ўз фарзандларида амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Болага бу машғулот ёқадими, йўқми, ўйлаб кўрмайдилар. Болаларимиз катта бўлганларида ота-онасининг бу қарорини тўғри топиб, ҳали бизга раҳмат ҳам айтадилар, деб ўйлайдилар.

Донишмандлар маслаҳати: Фарзандлар ҳар доим ҳам ота-онасининг бундай қарор ва уринишларига ташаккур айтмайдилар. Чунки уларнинг қизиқишлари бошқа. Ота-оналар фарзандлари учун истаган ёрқин келажак ҳамиша рўёбга чиқавермайди. Бола ёшлигида ота-онага қулоқ солиши мумкин, лекин кейинчалик мустақил бўлишни истаганида қаршиликлар кўрсата бошлайди. Бундай ҳолларда нотўғри йўлга ҳам кириб кетиши мумкин, яъни ичкилик, гиёҳванд моддалар қабул қилиши, саёқ юриши мумкин. Боланинг бўш вақтини фойдали машғулотлар билан банд қилиб қўйганингиз тўғри, лекин унинг қизиқишларини ҳам ҳисобга олиб, яъни ўз хоббилари билан шуғулланиши учун ҳам бир оз бўш вақт қолдиринг.

“Бола тарбияси билан шуғулланиш учун вақтим йўқ” деманг.

Ота-оналар фикри: Иш кўп. Боғчага ёки мактабга олиб борсак, овқат пишириб берсак, кийим – кечагига қарасак бўлди-да! Боланинг ўзи ота-онасининг у билан ўйнашига, эртак китоб ўқиб беришига вақти йўқлигини тушуниши керак.

Донишмандлар маслаҳати: Ота-оналар кўпинча оддийгина бир ҳақиқатни тушуниши истамайдилар: фарзандни дунёга келтирдингизми, уни тарбия қилишига ҳам вақт топинг. Бола ота-онасининг у билан шуғулланишига вақти йўқлигини ҳис этса, дардини эшитувчи кишини бегоналар орасидан қидира бошлайди. Гарчи сизнинг ҳар бир дақиқангиз зиқ бўлса-да, кечқурун болангиз билан шуғулланиш учун ярим соат вақт топинг. У билан суҳбатлашинг, эртаклар айтиб бериб, унинг қизиқишларига қулоқ тутинг, маслаҳатлар беринг, меҳрини қозонинг. Шунда шубҳасиз ўйлаган натижага эришасиз.

 

Ойдин Саъдуллаева

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.