Ботиржон Эргашев: СИНОВДАМАН

0
43
марта кўрилган.

Синовдаман, Тангрим, хуш дамларингда,
Ё юборган мусибат, ғамларингда.

Ҳар дам иймон акси кўриниб тургай,
Кипригимга қўндирган намларингда.

Қудратингга таслим бўларман такрор,
Қуёшнинг шиддати бор шамларингда.

Ҳаётим расмин чизиб бормоқдаман,
Сен қўлимга тутган қаламларингда.

Пошшолик ҳам, гадолик ҳам Ўзингдан,
Мен кўп нарса кўраман камларингда.

Кўтар, ғафлат пардасин қалб кўзимдан,
Йўқса қолгум қаҳру аламларингда.

Синовингдан лолман, ҳар ёнга йўл бор
Манзили бир бўлган одамларингда.

Ботирман-у ҳайбатингдан қўрқаман,
Сен йўқ жой йўқ барча оламларингда.

Манба: @Botirjon_Ergashev

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.