Бугун болаларимизни оилага тайёрлаш масаласига  қандай ёндошяпмиз?

0
374
марта кўрилган.

 Оила қуришдан мақсад нима эканлигини ёшларга тушунтиряпмизми? Ана шу мавзу доирасида вилоятимиздаги олий ўқув юртлари талабалари, мактаб ва коллеж ўқувчиларига бир қанча саволлар билан мурожаат қилдик. Уларнинг оила қуришга тайёргарлиги, маданий-маърифий тарбияси масаласи, қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта турмуш қуриш мавзулари атрофидаги фикр ва мулоҳазаларини ўргандик. Бу борада 600 дан ортиқ ёшлардан анкета саволларига жавоб олинди.

 16-17 ёшдаги коллеж ва мактаб ўқувчиларининг 9 фоизи оилага тайёр эмаслигини ва 1 фоизи оилага тайёргарлик кўраётганини ёзишган. Оила қуриш масаласига жиддий кўз билан қарашаётганини изҳор қилишлари баробарида ҳали муомала маданияти, этика ва миллий қадриятларимиз ҳақидаги тушунчалари қониқарли эмас. Этика нима, деган саволга 2 фоизгина ёшлар тўлақонли, 30 фоизи ўрта даражада, қолганлар умуман саволни жавобсиз қолдиришган. Шунингдек, миллий урф-одатларимиз ҳақида ҳам худди шундай таърифлар берилган. Айниқса, қариндош-уруғлар ўртасида тузиладиган никоҳлар ва афсуски, бу оилаларнинг ҳаётда  бузилиб кетиши ҳолатларига  аниқ  ва тўғри баҳо беролмаганлар. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ  оқибатлари унчалик жиддий эмас, деган фикрдаги ёшлар  15 фоизни ташкил қилади.

Баъзан, айрим оилалар қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш ниятида ўғил-қизларининг тўйларини қилишади, лекин бу риштага путур етиб, оилалар бузилиб кетмоқда. Эътибор берган бўлсангиз қариндошлардан туғилаётган болаларда ногиронлик ҳолатлари кўпроқ кузатиляпти. Вилоят скрининг марказининг маълумотларига қараганда, ўтган йилнинг ўзида қариндош-уруғлар ва эрта никоҳ оқибатида 65 нафар ногиронлик ҳолати қайд қилинган ва ҳомиладорлик тўхтатилган. Эрта никоҳ, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш мавзусида тизимли равишда кенг тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан хавф гуруҳидаги ҳомиладор аёллар фоизи сақланиб қолмоқда. Бу гуруҳдаги аёллар скрининг текширувидан ўтказилиб, туғма ривожланиш нуқсони аниқланганда ҳомиладорликлар тўхтатилмоқда. Ўтган йили вилоятдаги 461594 нафар туғиш ёшидаги аёллар, 0-14 ёшгача бўлган жами 483921 нафар болаларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилган.

Ногирон фарзанд бу энг аввало ота-онанинг, оиланинг, қолаверса жамиятнинг бахтсизлиги. Аравачага михланган ёки касалманд болани бир умр боқиш, сарғайган чеҳраларни кўрганда юрак минг бор оғришини тасаввур этиб кўринг. Маълумотларга қараганда, қариндошлар ўртасида тузилган никоҳларнинг 70-80 фоизи ажралиш билан якунланар ёки ногиронлик дарди билан  турмуш кечираркан. 

Қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ, эрта турмуш қуриш масалаларида ёшлар ҳали аниқ ва тўлиқ тасаввурларга эга эмаслар. 80 фоиз ўқувчи бизнинг маърифий суҳбатларимиздан сўнг бу ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлишганини изҳор қилишган. Айниқса, уларга таъсирчан кўргазмали восита (слайд) орқали кўрсатилган мавзу самарали таъсир кўрсатган.

Ёшлар билан оғзаки суҳбатларимизда шу нарсага гувоҳ бўлдикки, мактаблар ва коллежларда психолог-педагогларнинг фаолиятларини янада яхшилаш, “Оила” мактаблари, тўгаракларини ташкил қилиш орқали ёшларда бу тушунча ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиш зарурати мавжуд.

Кўпгина ёшлар у ёки бу муаммони турли хил тушунишади. Психологларнинг вазифалари эса ёшлар ҳаётидаги ўзига хос муаммоларнинг моҳиятини англашга ва уларни самарали ечимларини излаб топишга яқиндан ёрдам беришдан иборат. Таъбир жоиз бўлса ёшларнинг психологик саводхонлигини янада юксалтириш муҳим аҳамиятга эга.

Жавоблардан шуни англаш мумкинки, ёшларнинг ҳали ўз-ўзини баҳолаши, қизиқишлари, қадриятлари тўлиқ шаклланмаган. Бир оғиз сўз билан айтганда ҳар томонлама етук шахс бўлиб воя етишлари учун ўзларини ислоҳ қилишлари муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, коллежда ўқиётган қиз ҳали 16 ёки 17 ёшда бўлади. Бироқ айрим ота-оналар қизини яхшироқ жой чиқиб қолса, вақтида узатиб, ундан қутулиш ниятида барвақт эрга беришади. Бу эса унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб, турмушнинг турли тўфонларига дучор қилади. Бироқ, балоғатга етмаган, ҳали она сути оғзидан кетмаган  қизчаларни турмушга бериш, оила қуришга мажбурлаш, охир-оқибат кўпгина нохуш воқеаларга сабаб бўлмоқда.

Азиз ота-оналар, хулоса шуки, ўзингизни ёки мол-мулкни эмас, фарзандларингизнинг келажагини ўйлаб қарорлар қабул қилишингизни истардик.

Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.