Ҳожибой эрта саҳарлаб, чопонини эгнига ташлаб ташқарига чиқаркан, онаси Шукуржон эна келинларидан ҳам олдин туриб, аллақачон қумғонда сув қайнатмоқда эди. Ўғлини кўриши билан қаёққадир тараддудланаётганини кўрди.
– Ўғлим, эрталабдан қаерга отландинг?
– Шоббоз томонга ўтиб келмасам бўлмайди. Ошланган терини шаҳарга етказиб беришим керак. Зарифбой боласи тушмагур дўстимнинг касбини давом эттираётган экан. Анча қўли келишиб қолибди. Отаси ҳаёт бўлганида қанчалар қувонган бўларди.
– Ўғлим шу оилага борадиган бўлсанг, бир йўла ҳосилдан увшур кавсарни ҳам ола кет.
– Онажон, кеча тақсимлаб қўйгандим, уларнинг улушини ҳам. Албатта, олиб кетаман.
– Етимларнинг бошини силасанг, кам бўлмайсан. Ҳаммаларига бизнинг саломимизни етказ. Худо хоҳласа, уруш тугаб укаларинг, ўғлинг ҳам қайтиб келишса, яна рўзғоримиз бутун бўлади. Укалари қаторида катта ўғли Раҳимбойни ҳам урушга олиб кетишганди.
– Аллоҳга шукур, кеча укамдан келган хатни ўқиб жуда қувондим. Днепр дарёсидан ўтиб, фашистларга қаттиқ зарбалар беришаётган экан.
–Ишқилиб, меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳим фарзандларимизни ўз паноҳида асрасин. Ҳар кун дуодаман. Қўлимдан шундан бошқаси келмаса…
– Онажон, кеча колхоз раиси фронтга деб буғдой, арпа сўраб чиқди. Сал тежасак, баҳорга чиқиб оламиз. У ёғига ризқимизни Худонинг ўзи беради. Иншааллоҳ. Тўрт халтасини бериб юбордим.
– Ҳа, болам яхши қилибсан.
– Жамиланинг ўқишига деб боқиб юрган молимизни ҳам фронтдагиларга деб бериб юбордим. Қизинг тушмагур, ўқишни вақтинча тўхтатаман, уруш тугасин, акамлар соғ-саломат қайтиб келишсин, ўқиш кейин бўлади, деяпти.
– Раис кеча қизингизни бир ойлик ҳисобчиликда ўқитсак, тезда эплаб кетади. Ҳисоб-китобга ўткир, мактабдан тавсия қилишди, деди. Нима дейсиз? Бир ой шаҳарда ўқиб қайтади. Ҳафтада бир марта келиб-кетиб ўқийди.
– Ўғлим, қиз бола нарса, қандай бўларкан?
– Она, бу неварангиз асли ўғил бўлиб туғилиши керак эди. Дадиллигини кўрмаяпсизми?
– Тўғрику-я… – бироз тараддудланди Шукуржон эна. – Шаҳарда қаерда яшайди. У ерда яшашнинг ўзи бўларканми?
– Пошшажондан илтимос қиламиз.
– Ўзларининг юки бир дунё, уларга яна оғирлик қиласанми?
– Барча озиқ-овқатларни етказиб тураман. Рози бўлишади. Неварангизни ҳам олиб кетаман.
– Жамила, ҳо Жамила. Тайёрмисан? Тезроқ чиқ. – Жамила аллақачон тайёргарликларини кўриб, ҳовлида тағин қандайдир ишлар билан банд эди. Мактабни тугатиб, педагог бўлишни орзу қилган қиз ўз ихтиёри билан ўқишни тўхтатди. Уруш бошланишидан олдин Урганч педагогика институтининг математика факультетига ўқишга кирганида, ниҳоятда қувонган қиз, бугун ҳамма нарсадан тўғри хулосалар чиқарди ва ўқишни кейинроқ ҳам тугатсам бўлади, деган қатъий қарорга келди. Қизининг бу қароридан ота ҳам хурсанд. Уруш кетаётган бир пайтда бу жуда тўғри қарор эди. Кеча раиснинг таклифига дарров кўнган қиз: «Шундай оғир даврда мен ҳам ўз бурчимни бажаришим керак», – дея ўйлаганди.
– Барча урушга кетган. Ўтган ҳафтада колхоз хисобчиси ҳам фронтга жўнаган. Ҳозир колхознинг ҳисоб-китоб ишларини кимга беришни билмай боши қотаётган кекса раис ўйланиб қолибди. Мактабда унга Жамилани жуда чаққон ва математикага ўткир қиз эканлигини айтишганида, масалани ечгандай, қувониб кетганмиш, – дея, Ҳожибой ўз қизи билан фахрланди.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам Жамила зеҳни ўткир, абжир ва тадбирли қиз эди. Ўн еттига ёшга ҳам тўлмаган бу қизга ҳамманинг ишончи, меҳри баланд. Айниқса, отасининг.
– Ўғлим, келиним нима деркан? Ахир қиз уники бўлса, сен билан мен хукм чиқариб қўя қолдик.
– Аслида бу фикр ундан чиққан, онажон, биз бу ёқда қолиб кетдик-ку, – деди хохолаб кулиб Ҳожибой. Бибижон бу ҳақида қизи билан жуда узоқ суҳбатлашган эди. Ақли расо келинидан шундай доно фикрлар чиқишидан Шукуржон эна ҳамиша ҳурсанд бўлган. Аммо, масалаҳатни бирга қилишга ўрганиб қолган қайнона бу гапдан бироз хафа бўлди.
– Бундай гапларни биринчи бўлиб, мен билан маслаҳатлашарди-ку, келиним, – деди у.
– Онажон, сиз ҳафа бўлманг. Уларнинг нияти яхши. Кеча шу қарорга келинди. Сиз ухлаб қолгандингиз. Безовта қилмайлик, дедик. Ҳали Бибижон билан яна маслаҳатлашиб оласизлар. Сиз рози бўлсангиз, шу баҳонада қалъага тушиб, ҳужжатларни топшириб қайтамиз.
– Майли, розиман, болам. Розиман. Бўладиган ишни вақтида бўлгани маъқул. Жамиланинг қўлидан келади.
– Бувижон, сизга ўқишимни уруш тугагандан сўнг яна давом қилдириш ниятим борлигини айтганимда рози бўлмагандингиз.
– Асал қизим, ахир ўқишга ҳамма ҳам киролмайди. Зеҳнинг, ақлинг жойида эканки, кирдинг. Ўша кунги хурсандчилигимни ҳеч нарсага тенглай олмайман. Мен бу кунларни қанчалар кутган эдим, – Шукуржон эна неварасининг орзуларини ҳам яна бир бор эсига солди. Лекин бу ёқда уруш кетяпти. Наилож…
– Энажон, Худо хоҳласа, яна ўқишни давом этдираман. Сизнинг ҳам, ўзимнинг ҳам орзуларимни амалга ошираман.
– Майли, қизим, шунга қарор қилибсан, яна нима дейин. Омадингни берсин. Саломат бўлгин. – Шукуржон эна неварасининг институтга кириб, катта одам бўлишини жуда-жуда орзу қилгани учун дили бироз хижил бўлиб, унинг изидан узоқ қараб қолди…
Ҳожибой Шоббозга ўтиб, ошланган мол терисини аравага юклаб, шаҳар томон от жиловини бурди. Жамила ҳамиша отаси билан бирга юриб, одамларни таниётгани, муомалага ўрганаётгани отага ҳамиша қўл келган. Негаки, бирон юмуш билан қалъага бориб қолишса, ишнинг ярмини уддасидан чиқиш қизининг гарданига тушган. Ҳожибой қизидаги шижоатни, ғурурни кузатаркан, унда доимо ўзини кўрарди. Ўғиллари оғир ва босиқлик билан ҳаракат қилишса, бу қиз ёниб турган оловнинг ўзгинаси.
Ота-бола шаҳарга келишганида, кеч кириб қолаётган эди. Тўппа-тўғри дўстининг хонадони томон юришиб, торгина усти очиқ айвонли уйнинг эшигини қоқишди.
Илгари ҳамиша Сапабой дўстини айтиб чақирадиган Ҳожибой эшик олдида бироз тараддудланиб турди, Жамила вазиятни дарров англаб, ичкарига кириб, Пошшажон опани чақирди. Эшикдан мўраларкан, кичик тегирмонда буғдой янчаётган болаларга кўзи тушди. Улар орасида энг баланди тўнғич ўғил – Зарифбой эди.
– Пошшажон опа, Пошшажон опа…
– Ҳа, дўрмиян, кир, кир, – деди Зарифбой қизга ҳазил қилгиси келиб. Жамила жуда кичкиналигидан бу хонадонга келиб, болалар билан бирга ўйнаган пайтларини эслади. Ўшанда ҳам унга «дўрмиян» , яъни дўрмонлик дея кўп ҳазиллашишарди. Орадан ўтган уч йил ичида булар ўзгаришмабди.
Ичкаридан оппоқ юзли, хушқомат аёл югуриб чиқди.
– Жамила, кел, қизим, кел. Шу маҳалда нима қилиб юрибсан?
– Отам билан келувдик. – Дўрмонча талаффуз билан гапирган эди, тегирмон айлантираётган болалар гурра кулиб юборишди. Уларга жуда қизиқ туюлди, чоғи, бироқ Жамилага оғир ботди.
– Эй сартлар, нимангга куласан, – деди у ҳам бўш келмай.
–Болалар, бўлди-бўлди. Бас қилинг. Жамилани танимаяпсизларми?
– Мен танидим, – деди Зарифбой қизга кулиб. Аллақандай илиқлик билан яна дўрмонлик қизга кўз остидан қайта назар солди.
Ҳа, болалар катта бўлиб қолишганди. Уларнинг шўхлигидан Ҳожибой ҳам кулди, хурсанд бўлди.
– Ҳожибой ака, киравермайсизми, киринг, – деди Пошшажон. Хонадоннинг азиз меҳмони, марҳум эрининг қадрдон дўстини кўриб, ичкаридан Бикажон ҳам югуриб чиқди.
– Пошшажон, болаларга ҳосилдан увшир кавсар олиб келдик. Аравадагиларни, болаларга айтсанг, ичкарига киргизишсин.
– Зарифбой, укаларинг билан юкларни туширинглар. Барака топинг, Ҳожибой ака, умрингиз зиёда бўлсин. Фарзандлар роҳатини кўриб, узоқ яшанг.
– Энам, Бибижон ҳам сизларни сўраб қолишди.
– Уларни ҳам олиб келмабсиз-да.
– Кейинги гал, насиб этса, келишар. Ҳозир даладаги ҳосилни йиғиштириб ётишибди.
– Майли, саломат бўлишсин. Бизнинг ҳам саломларимизни етказинг. Ризқингиз зиёда бўлсин. – Бикажон кўзларига ёш оларкан, шундай қийинчилик, очарчилик дамларида оиласига меҳр-мурувват қилаётган Ҳожибойга узундан-узоқ тилак қилди.
– Бикажон, Пошшажон Жамила бир ой ҳисобчилик курсида ўқимоқчи. Ҳужжатларни топширдик. Эртадан ўқишни бошлайди. Кечга қолиб кетадиган кунлари сизларникида қолиб ўқийди. Рози бўлсангизлар.
– Бош устига Ҳожибой ака. Жамила бизнинг ҳам қизимиз. Қийналмаймиз, – опа-сингилларнинг розилиги бир жойдан чиқди.
– Ҳозир уруш кетяпти. Институтдаги ўқишини вақтинча тўхтатди. Колхозга бухгалтер керак. Кеча раис мактабга келиб Жамиланинг ҳисоб-китобга уста эканлигини эшитиб, ўзи танлаб олибди. Қиз тушмагур, ўқишни урушдан сўнг ҳам давом қилдиравераман, амакиларим, акам урушда бўлса, мен ўқиб юрсам тўғри келмайди, деяпти. Худо хоҳласа, қисқа вақт ичида ўқиб, қишлоқда иш бошлайди. Ҳаммамизга шуниси маъқул.