Урушнинг учинчи йили эди. Қишлоқ далаларида ишлашга, экин-тикин ишларини олиб бориш учун яроқли ишчи кучи деярли қолмаган эди. Шу боис далалар ҳувуллаб қолганди. Йигитларни фронтга, аёлларни фронт ортида ишлашга олиб кетишарди. Овуллар бўшаб қолди. Ҳар куни овулда йиғи товуши эшитиларди.
Хат ташувчи Ҳабиб ота пойи-пиёда юриб, фронтдан хат-хабар йўқ ва афсуски, кўпроқ қора хат келарди… Ҳеч бир гуноҳсиз, шўрлик одам кўпларга ёмон кўриниб бўлди. Айрим хонадонларда «Ана, қадами совуқ келди» деган шивир-шивирларни ҳам эшитиб, қаттиқ изтироб чекарди, бечора отахон. Изидан отилган тошларга, ёмон шивир-шивирларга ҳам дош бериб, уйига борганда тўлиб-тўлиб йиғлаб, ҳовуридан тушиб оларди.
Ана шундай долғали йилларда далани айланиб юрган кекса раис, уҳ тортиб, бўш ётган экин майдонларига надомат билан назар солди.
– Жамила, қани ишчи кучи бўлса-ю, далага вақтида экин-тикин қилиб, ундан ҳосил йиғиштириб олсак.
– Раис ота, бўш далаларимиз қанча гектарни ташкил қилади?
– Кеча аниқлаштирдик. Нақд 115 гектар еримиз бу йил бўш қоляпти. Ишчи кучи етмаяпти, қизим. Далада фақат кексалар, болалар ва аёллар ишлашяпти.
– Йўлдош ота, бир таклифим бор. Бироқ унга қўшиласизми, йўқми, билмайман.
– Хўш, нима таклиф экан?
– 115 гектар ерни имкониятларига қараб, оилаларга тақсимлаб берсак. Дони ҳам, меҳнати ҳам ўзларидан. Сувини вақтида назорат қилиб, етказиб турамиз. Хирмоннинг тенг ярми – ўзларига, қолгани фронтга ёрдам сифатида топширилади. Улар билан келишиб оламиз, албатта.
Раиснинг ранги ўчиб кетди.
– Қизим, нималар деяпсан? Колхознинг ерини одамларнинг ихтиёрига бериб бўларканми? Юқоридагилар эшитса борми, ҳечам рози бўлишмайди. Бу аниқ. Таклифинг менга сираям маъқул эмас…
– Ота, агар бирор ишкали чиқса айбнинг ҳаммасини менга ағдаринг. Иш ўнгидан келишига ишонаман. Мана кўрасиз. Натижаси зўр бўлади.
– Агар одамлар панд бериб қўйишса-чи. Уларга ишониб бўлармикан?
– Ҳар бир уйда ўлим бўляпти. Кимдир отасидан, кимдир ўғлидан, яна кимдир укаси ва акасидан жудо бўляпти. Ҳамманинг юраги эзилиб қолган. Бунинг устига ўтган йили кўрдингиз, қандай очарчилик бўлди. Бу ерда ерларимиз бўш ётибди. Адолатданми шу? Келинг, ўтинаман сиздан, бу йил ҳам шу хатони такрорламайлик.
– Йўқ, қизим, йўқ. Гапинг сираям тўғри келмайди. Бу ҳақда оғзингни ҳам очма. Мен сургунда ўлиб кетишдан қўрқаман. Давлатнинг еридан ўз манфаатинг йўлида фойдаланиб бўлмайди. Зинҳор…
– Қандай манфаат?! Бу ерда одамларнинг, бутун халқнинг тақдири турибди-ку!
– Ўтган йили қўшни қишлоқда бир одам бесўроқ 5 гектар ерга экин эккан эди, нима бўлди, деб ўйлайсан… Шу одам барака топдими? Йўқ, шўрликни оёғини ерга теккизмай олиб кетишди.
– У бошқа масала. Ахир биз ҳосилнинг ярмисини давлатга топширамиз.
– Қариган пайтимда бошимга бало орттирмай деяпман, қизим. Бу бўладган иш эмас…
– Менга ташланг. Нима бўлса-да мен тураман. Жавобгарлик менинг зиммамда, – қатъий гапирди қиз. – Сиз ҳеч нарса билмайсиз. Эшитмадингиз, кўрмадингиз.
– Эй, бор-эй, кетдим, – раис бу таклифга ичидан жон-жон деб рози бўлди-ю, аммо барибир қўрқди.
Жамила овулнинг ҳар бир хонадонига кириб чиқди. Аҳолини йиғди. Уларнинг розилигини олди. Кимда нима бор, ўрганиб чиқди. Рўйхат қилди. Икки кун давомида ҳаммасини режалаштирди. Февраль ойи охирлаб, баҳор эшик қоқмоқда эди. Суғориш, гўнг чиқариш ишларини бошлаб юбормаса, икки йилдан бери тарашадек қотиб қолган ерларни тобига келтириш қийин. Деҳқончилик сир-синоатларини отасидан пухта ўрганган қиз барини чуқур ўйлаб ва режалаштириб олди. Унга отаси бу гал ҳам яқиндан ёрдам берди. Бу йил баҳор қандай келиши, уруғни қачон экиш, тупроқни ишлаш, суғориш илмини яхши билган Ҳожибой бор билим ва тажрибасини қизига эринмасдан ўргатди.
«Кимгадир бош бўлмоқчимисан, аввал ўзинг шу соҳани пухта ўзлаштир. Назорат қилиш ҳамиша зарур. Деҳқончилик – катта илм. Унинг илмини билишинг муҳим», – дерди Ҳожибой ака. Зеро, унинг ўзи деҳқончилик илмини шу даражада пухта билардики, бир ҳовуч тупроқни кафтида ушлаб туриб, унга қандай ишлов берилса, қанча ҳосил олиш мумкинлигини олдиндан айта оларди.
Ерларини колхоз ихтиёрига бериб бўлганидан сўнг ҳам анча йилларча бригада бошлиқлари ундан маслаҳат олиб туришарди. Ернинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, дон экиш, уларга ишлов бериш масаласида колхозда унинг олдига тушадигани йўқ эди.
– Мана, бир ҳовуч тупроқ, у ризқ. Уни ардоқласанг, тўйдирсанг, эртага у ҳам сени боқади.
– Ота, бу сифат менга қаердан ўтиб қолди десам, худди ўзингиздан олган эканман…
– Қизим, сенга ҳамиша ишонганман. Тўғри ва ҳалолсан. Аллоҳ бундай инсонларни ҳамиша ўзи қўллаб-қувватлайди. Сен тўғри ва хайрли ишнинг бошидасан. Қўрқма, қизим, қийинчликлар бўлиши табиий, лекин сен ортга чекинма…
Отасининг ишончи қизга доимо куч бағишларди. Бундан ортиғи бўлмайди. Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Оилаларга бўлиб берилган 115 гектар ерда кишилар туну кун ишлашди. Оёғида кучи бор одам-ки, далага чиқди. Негаки, тақчиллик, очарчилик барчанинг тинкасини қуритган эди. Одамлар жон деб, рози бўлиб далада ишлашди.
Ниҳоят ҳосилни йиғиштириб оладиган фурсатлар яқинлашмоқда эди. Раис буванинг мазаси қоча бошлади. Юқоридан келадиган қатъий чоралардан хавотирда кунларини ўтказди. Бироқ ҳеч кимдан бирор сас-садо чиқмади. Ҳосил йиғиштириб олинаётган иккинчи куни райкомдан вакил келди. Букчайиб қолган, лекин анча зуваласи пишиқ бу киши ҳар жойда қаттиққўллиги билан танилган одам эди. Раис бува уни таниди-да, тарвузи қўлтиғидан тушди. Идорага ўзига хос важоҳат билан кириб келаркан, бирин-кетин саволлар ёғдирди.
– Хўш, Йўлдош ота, оламда нима гаплар?
Колхоз раиси дабдурустдан берилган бу саволдан довдираб қолди. «Ҳойнаҳой, 115 гектар ернинг тақдиридан хабар топган кўринади», – ичида ўйлади, у. Бу қаттиққўл кишининг ёши Йўлдош отадан катта бўлса-да, раисга киноя биланми, ё ҳурмат қилибми, ҳар ҳолда «ота» деб мурожаат қиларди.
– Урушни айтмаганда, Неъматжон ака, қишлоқда тинчлик.
– Ҳосил нима бўляпти. Пахта, дон-дун, дегандай? Сабзавот, полиз экинлари бу йил мўл бўлдими? Бу йил одамларнинг оғзидагини тортиб олмаймизми, ишқилиб?
– Йўқ, бу йил ҳосилимиз чакки эмас. Одамларимиз баҳоли қудрат меҳнат қилишди. Ёш болалар дейсизми, қариялар борми, ҳеч ким уйида ўтирмади, ҳисоб.
– Ҳа, яхши. Юр, унда фойтунни ҳозирла, далаларни бир айланайлик.
Бу гапдан Йўлдош отанинг юраги нақ қинидан чиқиб кетай деди.
– Ҳисоботларни ўз вақтида берамиз. Ёшингизнинг ҳурмати бор, дала кечиб юрасизми. Ҳаммасини ўзимиз назоратга олганмиз.
– Майли, шундай бўлса-да яраганимча, бир айланай. Яқинда газетада ўқиб қолдим. Мен тенги қария ўз хоҳиш иродаси билан жангга кирибди. Буни кўрган аскарлар, руҳланиб, жангларда душманни ер тишлатишибди. Бунга нима дейсиз. Биз-ку жангда эмасмиз. Ўлим хавфини енгишимиз имконияти катта. Сал қимирласак, ҳаракат қилсак, ризқимизни топиб, умр кўряпмиз. Жангда-чи, жангда ҳозир борсан, бирпасдан сўнг йўқсан. Ана шундай гаплар Йўлдош ота. Кетдик.
Ҳар гал шашти баланд Йўлдош отанинг кайфиятини кўриб, бироз таажжубга тушди, бир нимани сезгандай бўлди.
– Йўлдош ота, бунча шаштингиз паст. Нима бўлди? Бетоб эмасмисиз?
– Ҳа, йўқ,
– Фойтун тайёрми?
– Ҳа, тайёр.
– Фойтунда ким?
– Ўзим.
– Қария қани?
– Боласидан қора хат келганини эшитиб, мусибатга дош беролмай, оламдан ўтди.
– Ахир нима қилардингизлар, айтиб?
– Ҳабиб ота бир йилдан бери қарияга индамасдан келаётган экан. Кимдир айтибдими, эшитиб қолибдими. Қўярда қўймай, Ҳабибни роса… Отаси ҳам, онаси ҳам қолмабди. Раҳматли, сўкишни яхши кўрарди. Ҳабиб отани эса роса дўппослабди. Етиб борганимда, Ҳабиб ота ерга чалқанча ётган экан. Ҳар тугул, унга ҳеч нарса бўлмади. Ҳаммадан калтак еябериб пишиб кетган, бечора. Аммо қария жудоликни кўтаролмади…
– Ҳа, уруш кўпларнинг ёстиғини қуритяпти. Оталар, оналар фарзандларидан жудо бўлишяпти.
Неъматжон ака барча карталарни айланишни ихтиёр қилган эди. Айнан Жамила қишлоқдагиларга тақсимлаб берган майдондан мўл ҳосил етиштирилганини ўз кўзи билан кўрмоққа қарор қилганди. Бундан бир ҳафта бурун Жамила Неъматжон акани топиб, унга бор гап-сўзни етказган. Айбни ҳам ўз бўйнига олган эди. Вазиятни бафуржа тушунтирган қиз Неъматжон аканинг хонасидан кайфияти чоғ чиққанди…
– Йўлдош ота, юринг, сизга бир нарса кўрсатаман, – деди ҳазил аралаш вакил.
Раиснинг тоби қочди. Наҳотки хабар топган бўлса. Қаердан, кимдан. Марра-маррада-я? Ёлғон сўзлаб ўрганмаган Йўлдош ота яхшиси, ҳеч нарса демасликка қарор қилди.
– Сен, ҳа деб довдираяпсан. Нима бўлди? – Вакил яна қистовга олди.
– Ҳа, ҳаммаси жойида. Яхшиман…
– Йўлдош ота, қўйинг. Саломатлигингиз керак. Ёлғон гапиролмаслигингиз шундоқ билиниб қолди. Ҳаммасидан хабарим бор. Яқинда Жамила ҳузуримда бўлган эди.
Раиснинг ранг-рўйи қув ўчиб, аҳволи тамом оғирлашди. «Расво бўлдим, мени бадарға қилишади, энди. Шуниси ҳам бормиди, пешонамда?» – Хаёлидан ўтказди у. Бироқ вакилга яна индамади. Экин экилган майдонни кўриши билан раиснинг ҳам чеҳраси очилди. Лекин барибир, қўрқди.
– Жамила, сиздан яшириб, бир иш қилибмиш, деб эшитдим. Бироқ хайрли бўлибди. Далада ҳосил мўл-ку. Одамларнинг кайфияти ҳам аъло, Мош, ловия, ошқовоқ, сабзи, пиёз, шолғом, маккахўхори, оқжўхори, турп… Гап йўқ. Баракалла.
– Неъматжон ака, тўғриси мен жуда қўрққан эдим. Жамиланинг ғайрати, шижоати баланд. Ҳеч нарсага қарамасдан, аҳолининг фикрини бир ерга жамлади. Уларнинг оғзибирчилигини таъминлади. Сувга келсак, ўзим бош бўлдим. Иложим ҳам йўқ эди-да…
– Бу гапларни юқорига айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Ердан унумли ва самарали фойдаланиб, ризқ йиғиштириб олингани муҳим. Уруш бораётган пайтда шундай қилмасак ҳам бўлмайди. Баъзан таваккалчилик ҳам яхши натижа беради. – Вакилнинг бу гапидан раиснинг кайфияти кўтарилиб, кўнгли батамом тинчланди.
Вакил ҳосилни йиғиштириш билан машғул бўлаётган одамларга яқинлашаркан, улар билан ҳол-аҳвол сўрашди.
– Хирмонга барака, ҳорманглар?
– Бор бўлинг. Саломат бўлинг.
Халқнинг кайфияти яхши эди. Бу йилги қишни омонликда ўтказишдан умидвор кишилар ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиштирмоқда эдилар. Одамлар тўпланган ҳосилнинг тенг ярмини фронтга жўнатишга аҳд қилишганди. Бу аскарлар, фронтдагилар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эди.
Жамиланинг шашти, шижоати боис халқнинг қорни тўядиган бўлди. Уруш йилларида бундай вазиятда кескин бирон иш қилиш жуда таҳликали эди. Аммо қизнинг қатъиятлилиги, халқпарварлиги ҳамма нарсадан устун келди.
Davomi bor.