DILBAR BEKCHANOVA: OQIBAT MEHROBI (Qissa) – Омонатга хиёнат (davomi)

1
70
марта кўрилган.

Яшаш давом этавераркан. Орадан йиллар ўтди. Юрт анча тинчиб, бир-биров билан кўнгилдан сўрашадиган, сирлашадиган даврлар келди. Бироқ аравачи Қосим воқеаси ҳеч кимнинг эсидан чиқмади.

Бикажоннинг фарзандлари катта бўлиб, жамиятда ўз ўринларини топа бошлашди. Бири  педагог, бири фан номзоди, яна бири етук зоотехник сифатида элга танилишди. Билими чуқур, зеҳни  баланд, иймони бутун, ҳалол ва тадбирли инсонлар ҳамиша ҳамма даврларда ҳам ўзи ва оиласини, рўзғорини юритишга имкон топаркан. Икки нафар онанинг берган тарбияси билан ақлини таниган болалар шу тариқа вояга етишди, оналарини қувонтиришди. Бир кун кичкинтой Хўжаёз кўчадан югуриб келди.

– Хола, акаларим ўқишга киришди. Менинг ҳам институтда ўқигим бор, – деди у меҳрибон холасига ичидагиларни тўкиб.

– Болагинам, ўқишга қизиқишинг жуда яхши. Навбати билан сени ҳам ўқитамиз. Айни пайтда учалангизни бирданига ўқитишнинг имкони йўқ. Аканглар тугатишсин. Сенга ҳам навбат етади.

– Пулни ўйлаётган бўлсангиз. Мен Қосим аравачида оталаримизнинг мулки борлигини эшитдим.

– Нималар деяпсан болам, бу гапларни қаердан олдинг?

– Мендан яширманг. Акаларим индашмаса-да, ҳаммаси  билишади. Лекин қўрқишади, бирон нарса дейишга. Юринг, бирга борамиз, сўраймиз ҳаққимизни.

– Йўқ гапларни айтаяпсан, – деди Пошшажон. Шу тобда у  Хўжаёзнинг  шижоатини кўриб қўрқиб кетди.

– Хола, ўзингиз «ўзганинг ҳақига хиёнат қилиш ёмон гуноҳ, нариги дунёда азоби ва саволи оғир бўлади», – деган эдингиз. Биз етимларнинг ҳақини индамасдан еб кетаверадими улар? Юринг борамиз.

Пошшажон қанчалик тушунтирмасин, Хўжаёз ўз гапида туриб олди. Мактабни тугатиб, акаларининг ўқишига деб кимларнинг юкини, яна бировларнинг уй сувоқларини қилиб, ҳожатини чиқариб пул топаётган йигитча акаларидан бу воқеани эшитганидан сўнг сира  тинч туролмаганди. Дарҳол холасига дардини очиб ташлади.

– Ўғлим, замона ҳали ҳам тинч эмас, бу гапни айтиб борсак, бизни туҳматчига чиқаришади. Мелисага топшириб юборишади. Кел, шу меҳнатимиз билан ҳам кам бўлаётганимиз йўқ, – деди суҳбатга аралашиб Бикажон.

– Она, биз бориб сўрайлик. Агар беришмаса, майли гуноҳ ўзларида. Кундан-кун бойиб кетишяпти. Мансаб курсиларида ҳам улар ўтиришибди. Ҳаммаси пулнинг зўридан, хола, она. Кўрмаяпсизларми, улар жуда пишқириб кетишган. Ўғли колхоз раиси қилиб тайинланган қишлоққа кеча юк олиб бордик.  Бир машина юк раиснинг уйига туширилди. Уйини кўрсангиз қаср дейсиз. Бировнинг мол-мулкига бойиб кетиб, қоринлари қаппайиб, кўзларини ёғ босган, болалари ҳеч кимни менсишмайди. Менинг ёмон жаҳлим чиқди. Номусим келди, уларнинг эшигида ишлаётганимга.

– Болам, сенинг меҳнатинг ҳалол, Аллоҳ ҳаммасидан бохабар. Синовли дунёдамиз. Бизга нима кераклигини ёлғиз Аллоҳнинг ўзи билади. Шуларга ўхшамаганимизга шукур қил.

– Она, бир марта бориб кўрайлик. Бизнинг ҳам бу воқеадан  хабардор эканлигимизни билишсин, хиёнаткорлар.

– Майли, кўрамиз.

Бу суҳбатдан сўнг яна орадан ойлар ўтди. Хўжаёз ҳайдовчиликка ўқиб олди. Автопарк директори йигитдаги шижоат ва ҳалолликни кўриб дарҳол ишга қабул қилди. Очиқкўнгил, самимий Хўжаёз меҳнати билан ҳамманинг бирдек  меҳрини қозонди. Бир куни у бу масалани яна кўтарди.

– Ука, қўй, ўқишингга қанча керак бўлса, етказамиз. Ҳаммамиз сени ўқитамиз ахир, – дейишди акалари. Хўжаёз эса автопаркдаги ишини жуда яхши кўриб қолди. Уни шаҳар йўналиши бўйича ҳайдовчи қилиб тайинлашганди.

– Зарифбой ака, энди ўқимасам ҳам бўлади. Ойлик маошим сизларникидан яхши. Яқинда холамлар сени уйлантириб қўямиз, дейишяпти, – деди укаси кулиб.

– Хабарим бор, ука, ҳаммамиз ўзимиз билан бўлиб кетиб, сенга эътибор ҳам бермабмиз. Холам билан келишиб қўйдик. Кўҳна қалъада Ҳайитбой акани қизи Соражон институтда ўқияпти. Яқинда тугатади. Жуда оқила, саводли қиз. Эртага совчиликка бормоқчимиз, деди акалар.

Хўжаёзнинг чеҳраси очилиб кетди. Кўпдан бери ўзи ҳам  Соражонни кузатиб юрганини акалари билганмикан, деган савол ўтди кўнглидан.

– Кўнглингдагини топдик, деб ўйлайман, ука. Тиржайишингга қараганда?

– Ака, энди, сизга дангалини айтсам, қизлар жуда кўп, аммо холам сен билан гаплашиб юрган қизларни олмаймиз, – дедилар. Соражонни кўпдан кузатиб юрибман. Биронтаси билан гаплашмайди. Институтдан чиқиб, тўғри уйига келади. Уйдан чиқиб ўқишга шошади.  Кўп  марта синаб кўрдим, яхши қиз.

– Ҳа, биламан. Сен тайёргарлигингни кўравер. Эртага совчиликка борамиз. Кейин ўзи билан учрашиб, гаплашиб ҳам кўрасан.

Хўжаёзнинг хурсандчилиги чексиз эди. Бироқ ўтмишдаги адолатсизлик уни ҳечам тинч қўймасди.

– Хола, агар Қосим отаникига сиз бормасангиз ўзим бораман, – деди ниҳоят тоқати-тоқ бўлиб.

– Опажон, бу Хўжаёз ҳеч биримизга қулоқ солмаяпти. Акаларининг гапларига ҳам. Мен бориб келаман. Аллоҳга таваккал. Яна бир бор ҳаракат қилиб кўрамиз.

– Ҳозир улар бойвачча бўлиб кетишган. Давлат уларнинг қўлида. Бизни писанд ҳам  қилишмайди. Мелиса чақиришса нима қиламиз. Кел, Пошшажон, бормай қўяқолинглар? Керак эмас, шу дунё бизга.

– Ўғлингиз қўймаяпти. У ҳеч нарсадан қўрқмайди.

Пошшажон жияни билан шаҳарга чегарадош қишлоққа етиб келишганида, аллақачон шом кирган эди. Ёз маҳали бўлгани учун  кўча чеккаси ариқ бўйлаб экилган мирзатерак япроқлари чангга тўлиб, нохуш манзара касб қилаётган эди. Трактор, арава ўтавериб, чангдан либос ясаган теракларни бир бошдан кесиш жараёни олиб борилаётган эди. Теракли кўча тўппа тўғри Қосим аравачиникига олиб чиқаркан.

– Тераклар колхозникими?

– Йўқ, Қосим отага тегишли. Меҳнатини биз қилиб, роҳатини яна бировлар кўряпти, – деди  дарахтларни кесаётган киши.

Хўжаёз холасига бир қараб қўйди. Сой ҳам бойникига қараб оқаркан-да…

– Болам, лекин сира уриша кўрма. Уларнинг қўлида ҳамма нарса бор. Мелисага бериб юборса, нима қиламиз?

Катта уйнинг дарвозасидан кириб боришаркан, ҳовлининг ўнг ва чап томонларига қурилган  уйларни кўриб, меҳмонлар ҳайрон қолишди. Боғнинг ўртасига супа ясаб, юмшоқ кўрпачаларни ёйиб дам олаётган  Қосим ота уларни кўриб, ялт этиб қаради-ю, ўрнидан турмади. Орадан ўтган йигирма йил ичида у деярли ўзгармаган эди. Ўғли шу колхознинг раиси, яна бир  ўғли райкомда, яна бири озиқ-овқат  савдоси корхонаси раҳбари бўлиб ишлашарди. Отасининг анчагина кибрга мингани, оёғи остидаги хасга парво ҳам қилмаслиги худди пешонасига ёзиб қўйилгандек эди.

– Ассалому алайкум, Қосим ота, – деди Хўжаёз қўлини кўксига қўйиб. – Мени танимайсиз. Йигирма йил бурун мен бир ёшда эдим. Холамни таниётган бўлишингиз керак.

– Сал танигандайман, – деди у холага қараб ва бир зумда ранги бошқача тус олди. Хўжаёз ҳам, хола ҳам бу ўзгаришни сезмаслиги мумкин эмас эди.

– Қосим ака, биз омонатга келдик, – деди Пошшажон.

– Қанақа омонат ҳақида гапиряпсан яна. Илгари ҳам сенга батафсил тушунтирган эдим, чоғи.

– Қосим ота, етимларнинг ҳақини ейиш гуноҳ бўлишини мендан ҳам яхши биласиз. Тағин бир жойингиздан тешиб чиқмасин, – деди қўполроқ қилиб Хўжаёз.

– Сен мишиқи, нималар деяпсан. Гуноҳ ва савоб ҳақида нима ҳам билардинг. Катталарнинг ишига аралашма. Қўлларинг билан менга берганмидиларинг. Устимга келасанлар.

Собиқ аравачи Қосим жуда пихини ёрган одам эди.

– Менда эрингдан қолган ҳеч вақо йўқ, яна бир бор келадиган бўлсанг, НКВД га сени ёзиб бераман, – дея қўрқитди.

– Етимларнинг ҳақи уради, Аллоҳга солдим сени, – деди Пошшажон норози кайфиятда. Ундан нарига ўтолмади, ўтолмасди ҳам. – Бу дунёда бой бўлишинг мумкин, аммо нариги дунёда энг ночори, дўзахда куядигани ҳам  ўзинг бўласан. Фарзандларим билан эшак қилиб минамиз, сени.

– Кет, бу ердан, қайта уйимга келмаларинг.

– Бу қарғишлар етти авлодингга етади.

– Сенинг қарғишинг пуч.

– Қосим ота, холамга дўқ қилманг. Соқолингизни ҳурматини қиляпман. Акс ҳолда болаларингизга ҳам, ўзингизга ҳам кучим етади.

– Отангга ўхшаб турманинг тўрида чирийсан, тилингни тий, занғар. Менинг болаларимни кўролмай келгансизлар. Ҳаммаси элда, юртда обрўли инсонлар. Бир ишора билан ҳаммаларингни жазоингни беришади.

– Қосим, сен кўр экансан. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Сенга ҳам Аллоҳнинг қўйган жазоси бордир. Ҳамиша эркаланиб юрмассан. – Пошшажон дилидагини тилига чиқариб айтиб олди.

Омонатга хиёнат қилган Қосим аравачидан шу воқеадан сўнг ҳеч ким ҳеч нарса сўраб бормади. Бироқ билишарди-ки, бир кун келиб омонатга хиёнат ўз жазосини олиши муқаррар. Жабр кўрганлар аксинча кўп мукофотларга сазовор бўлишади, иншааллоҳ

Ёйиш

1 мулоҳаза

  1. Дилбаржон Бекжанова қиссасини мароқ билан ўқидим. Жуда мазмунли ва таъсирли воқеалар билан қизиқарли тарзда ёзилган. Асарда мехнатсеварлик, халоллик, бир-бирига меҳр-оқибат ва садоқатлилик каби инсоний фазилатларга урғу берилган. Албатта бу ёшларимизга катта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.