DILBAR BEKCHANOVA: OQIBAT MEHROBI (Qissa) – Qishloqdagi ish (davomi)

0
44
марта кўрилган.

Иккинчи жаҳон урушининг биринчи йили. Қисқа курсда ўқишини тугатиб-тугатмасдан, Жамила колхозда иш бошлади. Зеҳни ўткир, ҳисоб-китобга чаққон қиздаги қобилиятни кўриб, кекса раис ҳам эмин-эркин нафас олди. Барча ҳисоб-китоб ишларини эгасига топшириб, ўзи бошқа муҳим юмушлар билан машғул бўлди.

– Қизим, ҳадемай қиш ҳам эшик қоқиб келади. «Танка пули»  йиғишимиз зарур. Топшириқ бўлди. Қурол-аслаҳа ишлаб чиқарадиган заводларимиз туну кун, тинимсиз ишлаяпти. Ёрдам бермасак бўлмайди.

– Йўлдош ота «Танка пули», деб яқиндагина йиғиштириб берилганди-ку.   

– Ҳа, тўғри, лекин буйруқ шундай. Шикоятга ўрин йўқ. Ахир уруш кетяпти. Биз-ку жангда эмасмиз, аммо жон олиб, жон бераётганларнинг тақдирини  ўйлашимиз керак.

– Раис бува,  тўғри айтасиз. Армия сафида хизмат қилаётган Раҳимбой акамни тўғри урушга олиб кетишибди. Қайтишини қанчалик интизорлик билан кутиб ўтирган эдик. Кўролмадик ҳам.

– Номинг ўчгур уруш бирпасда қанча одамларнинг ёстиғини қуритди. Раҳимбой ҳам соғ-саломат қайтсин. Қишлоғимизда ветеринар бўлиб иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаганди. Кўрмайсанми, бугун молларимизни эмлашга ҳам одам тополмаяпмиз. Ўрни билиняпти, акангни.

– Йўлдош ота, маҳалланинг фаол отахон ва онахонлари билан биргаликда ишлаймиз.  Шу кунларда улар бизга яқин кўмакдош бўлишяпти.

– Албатта. Эртадан ишга киришамиз. Сен бугуноқ уларни огоҳлантириб қўй.

– Хўп.

Эрталабдан бошланган тадбир қишлоқнинг кайвони кишилари ёрдамида кечга яқин якунланди. Кимдир сандиғида йиғиб қўйган пули, яна биров келинига атаб қўйган тақинчоқлари ва бошқа шунга ўхшаган нарсаларини  фронтга, дея топширишди. Тилхат асосида кимдан қанча пул, нималар қабул қилиб олингани рўйхат қилинди. Ёши улуғ инсонлар иштирокида  далолатнома тузилиб, йиғилган нарсалар бир қопга жойланди. 

– Жамила,  омонатни шаҳарга олиб бориб топшириш керак бўлади. Бу вазифани уддасидан чиқасан, деган умиддамиз, – деди раис аҳли жамоа ҳузурида. Ҳамма бир овоздан рози бўлди. Орада кимдир:

– Муштдек қизга шунча мол-дунёни ишониб топшираяпсизлар, қийналиб қолмасмикан? – деди.

– Ёнимда икки ойдан бери ишлаяпти. Мен унга ишонаман, – дея жавоб берди Йўлдош ота. – Шаҳарга бориб, колхознинг ҳисоботларини ҳеч  муаммоларсиз топшириб келяпти. От минишни ҳам ўрганиб олди.

– Ҳа, Ҳожибой мойхўрнинг қизини таниймиз. Отасига тортибди, ҳалол, лавзи бутун. Раҳмат. Яхши тарбиялабди, барака топсин,  — деди ўтирганлардан бири.

– Қани, Қутлимурод ота, дуо қилинг уруш тугаб, болаларимиз соғ-саломат уйларига қайтишсин, – деди раис, кекса отахонни дуога чақириб.

Қишлоқнинг саксондан ошган нуроний оқсоқоли  узоқ дуо қилди. Охирида Жамилага ҳам алоҳида тилаклар тилаб, ҳамма ўрнидан турди. Ой бориб, омон қайтишини, омонатлар эгаларига вақтида етиб бориб, душманлар тезроқ ер тишлаб, яксон бўлишини астойдил  тилаб қолдилар.

Жамила эртаси куни тонгдан  шаҳарга отланди. Отга маҳкам боғланган мол-дунёни вақтида, безиён етказиб бориш масъулияти  катта эди. Отаси яқинда қўлга ўргатган «Малла» исмли отнинг жиловидан маҳкам ушлади. Бўйи сал паканароқ бу от Жамила учун жуда қулай эди. Отаси қизининг  ҳисобот учун тез-тез шаҳарга бориб келаётгани, кечқурунлари «Ботир кал» ялангликларидан ўтаётганида чиябўрилардан аранг қочганини айтганида, эртасиёқ, «Малла» ни қизининг ихтиёрига топширди.  Ҳамиша яхши кўриб парваришлайдиган от Жамилага тезда ўрганди. Устига бир сакраб миниб олганида жонивор ҳам, қиз ҳам баб-баравар қувонишгани ҳақ эди.  Жамилани кўрганида  қоматини тик тутиб, яйраб кетадиган от, ҳар доимгидек, одатини канда қилмади. 

– Қизим, Аллоҳга омонатсан, йўлинг бехатар бўлсин, – деди Шукуржон эна, неварасининг пешонасидан ўпиб. Уни «Катта карвон»и билан мўъжазгина колхоз идораси биноси олдида Йўлдош ота, Қутлимурод ота, Ҳожибой ота ва Шукуржон момо кузатиб қолишди. Гоҳо, кимгадир қаттиқ ишониш ҳам самара беришини яхши тушунган нуронийлар қизга оқ йўл тиладилар. Жамила қарияларнинг ишончидан катта  куч олиб, отга қамчи солди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.