DILBAR BEKCHANOVA: OQIBAT MEHROBI (Qissa) – Шаҳарлик келин(davomi)

0
64
марта кўрилган.

Гарчи уруш ниҳоясига етиб, юртда осуда ҳаёт бошланган бўлса-да, халқ ҳамон оғир аҳволда кун кечираётган эди. Уруш асоратлари кишиларнинг тинкасини қуритиб, мураккаб иқтисодий мушкулотларни келтириб чиқарганди.

Жамила уруш йилларидаги чақирув қоғозлари сабаб бўлиб, тўртта колхозда ишлашига тўғри келганди. Энди ўз қишлоғига қайтди. Ана шундай осойишта кунларнинг бирида шаҳардан Бикажон ва Пошшажон опалар совчиликка келишди. Ҳожибой ака  қизининг ҳам кўнглига қулоқ солиб кўришини, яна бир маслаҳатлашиб кейин жавоб айтишини билдирди. Ҳожибой бу оилани жуда яхши билгани учун, ичидан рози бўлди-ю, лекин  таомилга кўра, буни дарров билдира қолмади.

Отаси Жамиладан розилик сўраганида, у отасига яхши кўрган ишини ташламаслиги, институтдаги ўқишини давом қилдирмоқчи эканлигини айтди. Йигит ва қиз учрашганида бу ҳақида узоқ суҳбатлашишди. Табиатан оғир ва сокин, ақли расо Зарифбой қизнинг барча таклифларига рози бўлди. Опа-сингил Бикажон ва Пошшажон тўйни унчалик чўзиб ўтиришмади. 1946 йилнинг май ойида ёшларнинг тўйлари бўлиб ўтди.

Тўйга воҳанинг таниқли созанда ва хонандалари таклиф қилинди. Тўй-тўйдек бўлиши керак эди. Қишлоқда «Жамила шаҳарнинг энг чиройли, энг ақлли йигитига турмушга чиқаётган экан», – деган миш-мишлар тарқалди. Бу гап Бозорбойнинг  ҳам қулоғига етиб борди. Жамила шаҳарга келин бўлди.

Ҳақиқатан, Зарифбой жуда кўркли, меҳнаткаш йигит эди. Жамила, тақдири, толеига шундай йигит битилганидан Аллоҳга шукроналар айтди. Отасининг энг яқин дўсти, раҳматлик Сапабой отанинг ўғлига турмушга чиқишга розилик бериб янглишмаганди. Янгиликлар, ривожланишларга майли кучли Жамила учун шаҳарда яшаш маъқул эди. Ёшликда бирга ўсган  Зарифбой ва унинг оиласи Ҳожибой ота хонадонига ҳам бегона эмас эди. Шукуржон эна, Бибижон ҳам Ҳожибойнинг қарорини шу сабабли хурсандчилик билан қабул қилишди.

Уйдаги режа кўчага тўғри келмас экан. Бирин-кетин фарзандлар дунёга келди. Севимли ишини қўйди, ўқишини ҳам давом қилдира олмади. Бир-биридан ширин ўғил-қизларнинг тарбияси, рўзғор ташвиши билан машғул бўлди. Бахтини фарзандларининг камолотида кўрган Жамила уларнинг таълим-тарбияси, келажаги билан жиддий шуғуллана бошлади. Эр-хотиннинг иноқ-иттифоқлиги, оғзибирчилигида ўрнатилган оила янада кўркам, файзли ва бахтли бўлди.

Урушдан кейинги қийинчиликлар бу оилани ҳам четлаб ўтмади. Жамила қўлидаги яна бир ҳунарини ишга солиб, уйида тикиш ишлари билан шуғулланди. Ҳар якшанба куни ҳафта давомида кийим-кечаклар-пальто, яктак, нимча тикиб, бозорга олиб чиқиб сотди. Урушдан сўнгги йиллар одамларнинг усти юпун, ишлаб чиқариш тўхтаб қолган, лекин кишилар зўр бериб меҳнат қилишарди. Жамила тиккан бежирим ва сифатли  кийимларнинг ҳам бозорда ўз  харидори бор эди. Меҳнати ортидан топилган мўмай-мўмай даромад оилани янада файзли, тўкин ва фаровон қилди.

Шу зайлда ойлар, йиллар ўтди, меҳнату заҳматга қоришиб Жамила ўзи ўқишни давом қилдиролмагани армон бўлиб қолгани учун, эрининг олий маълумотли бўлишини жуда-жуда хоҳлади. «Фарзандлар ҳам ўз оталарига ўхшашга, зиёли бўлишга ҳаракат қилишади»  деб ўйлади у. Зарифбой Тошкентдаги Низомий номидаги педагогика институтининг химия ва биология факультетини тугатиб, мактабда муаллим сифатида ёшларга дарс бера бошлади. Жамила эри иш бошлаган ўша кунларда худди ўзининг орзуси амалга ошгандек, бениҳоя фахрланди,  қувонди. Табиатан оғир ва сокин, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини тута билган,  касбининг фидойиси ва билимдони Зарифбой фарзандлари билан ҳамиша ғурурланар ва фахрланарди. Уларга муносиб тарбия бериш учун кези келганида қаттиққўллик ҳам қилгани рост. Зеро, бу тадбирлар келажакда яхши самара берганини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. 

  Оила йилдан-йилга тўлишиб, мустаҳкамланиб борди. Фарзандлар сони 11 нафарга етди. Эр-хотин уларни муносиб тарбиялашди. Барчаси олий маълумотли, муҳими одобли-аҳлоқли инсонлар бўлиб вояга етишди. Эркинбой, Розажон, Раъножон, Қадамбой, Шарифбой, Ўктамбой, Аҳмаджон, Олимжон, Дилбаржон, Солижон, Шоиражон. Фарзандларининг исмларига жон, бой сўзларини қўшиб айтишга ўрганишди.

Ҳали 60 ёшга тўлмаган оила боши Зарифбой 1981 йилда бу ёруғ дунёни тарк қилди. Худо билганини бандаси билмас экан. Жойлари жаннатда бўлсин…

Эрининг ўлимидан сўнг Жамила белни маҳкам боғлаб, енг шимариб, ўғил-қизларининг ташвишлари билан яшай бошлади. Фарзандларининг келажагини ўйлашдек масъулиятли вазифа унинг гарданига тушди. Табиатан чаққон Жамила олдда турган бу қийинчиликларни мардоналик билан енгиб ўтди. Ҳаммасининг уддасидан чиқди. Аллоҳ унга беназир куч-қувват, сабр-тоқат ҳадя қилган эди. «Шукур, шукур, Ўзингга шукур. Менга сабр бер, куч-қувват ато қил» . Ушбу сўзлар унинг дилида ҳар кун, ҳар сония такрор-такрор айтиларди….

Davomi bor.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.