1941 йилнинг июнь ойида, юқорида ҳикоя қилинганидек, Сапабой оғир хасталикдан сўнг оламдан ўтди. Қамоқхонадаги азоб-уқубатлар, ноҳақлик уни қаттиқ ҳолдан тойдирган эди. Тақдирнинг яна аччиқ қисмати аёллар бошига кўп мушкулотларни солди. 22 июнь куни бошланган уруш, фашистларнинг Россия чегараларини бузиб кириши Марказий Осиё халқларининг ҳам бошига катта мусибат келтирди. Ўша йили Бикажоннинг тўнғич ўғли Зарифбой 19 ёшга, кенжа фарзанди 3 ёшга кирган эди.
Ака-укаларни олиб кетишган ўша машъум кунда айрим ҳужжатларни йўқотиб қўйган аёллар болаларининг гувоҳномаларини қайта тиклашга мажбур бўлишди. Номинг ўчгур уруш кўпгина оилаларнинг ёстиғини қуритди. Зарифбойни ҳам урушга олиб кетиш ҳақида гап чиқиш арафасида ҳужжатлар қайта расмийлаштирилди ва унинг туғилган йили кичикроқ кўрсатилгани боис чақирув қоғози келмади. Опа-сингиллар бу ҳам Аллоҳнинг бизга кўрсатган инояти, деган яхши ният билан қаттиқ қувонишди. Негаки, катта рўзғорни хола ва Зарифбой юргизиб туришган эди. Агар бу бола ҳам урушга кетиб қолса, оила ниҳоятда танг ва ночор ҳолда қолиши тайин.
– Болагинамни урушга олиб кетишса, нима қиламан, деб ҳар кун қон ютиб ўтиргандим, Пошшажон, – деди опаси бир куни бу хушхабардан қувониб.
– Аллоҳ бизни ёрлақади. Зарифбойни ҳам урушга олиб кетадиган бўлишса, аҳволимиз не кечарди.
Зарифбой шу тариқа холаси билан енг шимариб, рўзғор ташвишига шўнғиди. Укаларини боқиш, ўқитиш масъулияти ёшгина йигитнинг зиммасига тушди. Этик тикиб, кун кўраётган шу дамларда отаси ҳақида кимдир сўраса оғиз очиб бирон сўз айтишга қўрқарди. Пошшажон жиянларига жуда эҳтиёт бўлиб, гапириш кераклигини ҳар кун таъкидлагани-таъкидлаган эди. Кўнглига таскин берувчи инсонлар жуда камлигидан баъзан ёш йигитнинг юраги сиқиларди.
Уруш йиллари касб-корга эга кишилар жуда кам эди. Борлари ҳам фронтга кетишган. Отасининг дўсти косиб Машариф ака анча қариб қолган бўлса-да, Зарифбойни ёнига олиб, унга касбининг майда сир-синоатларигача ўргатди. Зарифбой катталар-у болалар учун ҳам чиройли пойабзаллар тика бошлади. Устози ундаги зеҳнни, абжирлик ва ҳаракатни кўриб қувонди.
Урушнинг асорати энг чекка-чекка қишлоқларгача етиб борган эди. Унинг иккинчи йилида очлик, юпунчилик бошланди. Бу азоб-уқубатларни, муҳтожликни яна бир бор Бикажон ва Пошшажон болалари ҳам ўз бошларидан ўтказаётган эдилар. Қўлида бирор ҳунари бор киши ҳар нечук кунини кўриши мумкин эди-ю, оддий халқ, айниқса болалар кўп азият чекишди. Бу икки аёлнинг сабру бардоши, ақл-заковатига тан бермай илож йўқ эди. Уруш орти меҳнат фронти машаққатлари олдида ҳеч бирининг иродаси букилмади. Аксинча, табиатан курашувчан, шижоати ўткир Пошшажон барча қийинчиликларни енгиб, курашиб яшашга ўрганган эди. Пошшажон кундузи тикув фабрикасида ишлаб, кечқурунлари опаси билан бирга уйда тикиш қилишарди…