Дилбар Саидова: Тунги қўнғироқдан сўнг…(Ҳикоя)

0
141
марта кўрилган.

Тунги соат ўн икки эди. Телефон совуқ жиринглади.
– Аямларнинг тоблари қочиб қолди. Иложи бўлса эрталабгача етиб кел, – деди опам.
Бирдан карахт бўлиб қолдим. Самарқандгача беш соатлик йўл. Эрталабгача етиб бориш учун қачон йўлга чиқишим керак? Тонгги олтида. Йўқ бешда. Бир нарса томоғимда тиқилиб қолди. Дераза ёнига бориб ташқарига қарадим. Тинимсиз қор ёғаяпти. Ҳали-вери тинадиганга ўхшамайди. Эрталабгача аллақанча ёғади. Хаво ҳам совиб кетади. Беихтиёр болаларим ухлаб ётган хонага кирдим. Улар ётаверишсин, дея ўйладим. Телефон овози боя эримни ҳам уйғотганди.
– Нима гап экан? – дея кўзларини ишқалаб сўради.
– Аямнинг тоблари қочибди. Тез борармишман. Йўлга отланаверай. Нима гап бўлса сизларга телефон қилиб айтаман, -“болаларни энди ўзингиз эплаштирип турарсиз”, – дедим мен.
Бу гап эримга ҳам маъқул тушди. Уйқусини келган жойидан давом эттириш учун ётоқхонага қайтиб кириб кетди. Йиғина бошладим. Энг аввало хаёлимга, мен кетганда болаларим нима ейди, нима кияди, мабодо дадаси билан ортимдан боришадиган бўлса, қиш хавоси, қандай кийинишлари керак, деган ўйлар ёпирилди. Бораман. Озгина хасталанган аямни кўраман, қайтаман холос. Ўзимни шу фикрга ишонтиргим келади! Лекин эрталабгача етиб кел, деган гап вужудимга енгил титроқ солиб турарди.
Телефон орқали тунги таксини чақираман мени бир зумда автовокзалга етказиб қуяди. Ярим тундан озроқ ошган, автовокзалда ҳаёт ўз маромида давом этарди. Йўловчиларни кутиб турган енгил машиналардан бирининг орқа ўриндиғига жойлашдим. Ёнимдан ўрин олган икки йўловчи дарҳол пинакка кетишди. Менинг эса юрагимни оғриқ, ғашлик эгаллаганди. Олдинда тун, хали ёришиб улгурмаган тонг, Самарқанд ва тоби қочган онам.
Аяжоним… Кўзларимдан тирқираб ёш қуйилиб келди… Тунги қўнғироқдан кейин энди ўз хаёлим билан ўзим ёлғиз қолаётгандим. “Аяжоним. Бормисиз? Илойим бор бўлинг. Аяжонгинам… Аяжоним…”
Аям (етмишдан ошиб қолгандилар, мен эса 30 ларда эдим) бир борганимда, энди буткул Тошкентда қоласизларми? – деб сўрагандилар. Сўнг: Одам қаерда яшамасин, барибир киндик қони тўкилган жойни, қариндош-уруғларини қўмсайверади. Ана кўрасан, хали бирон вақт қайтиб келасизлар, – дедилар. Шу гапми ва ё пул алмашади деган миш-мишлар баҳонаи-сабаб бўлибми, маблағимизга яраша ҳовлича сотиб олгандик. Энди унда ким яшаб туради, – деган муаммо пайдо бўлганда:
– Мен кўчиб бориб яшайвераман, – дедилар аям.
– Бир ўзингизми? – дея ажабландим мен.
– Нима бўлибди? Бир-иккита талаба қизларни ёнимга оламан. Ҳовлига доимий қаров хам керак, бировга бериб қўйсанг, ўзингдай қарамайди, – дедилар. Аям шунгача опам ва унинг фарзандлари билан кўп қаватли уйда яшардилар. Ховлига кўчириб келдик. Қариганда бир парча бўлса хам еринг бўлсин экан, бирам яйраб-яшнаяпманки, дердилар нуқул. Ховлига дарахт, атиргул ниҳоллари келтириб ўтқаздилар, райхону шивит экдилар, катак ясаттириб товуқ боқдилар. Ёнларида ҳамиша талаба қизлар ҳам яшаб туришган бўлса-да, хар келганимда:
– Ая, қийналмаяпсизми? Қийналаётган бўлсангиз, айтинг, ўзим билан олиб кетаман ёки яна опамникига кўчириб олиб бориб қўяйлик. Ҳовли эгасиз қолмасин, деб ўзингизни қийнаб юрманг, – дердим нуқул.
– Йўқ, мени сира ўйламанглар. Агар ўшандоқ холга тушсам, ўзим айтаман, – дердилар. Аяжоним беозор эдилар яна ғурури баланд аёл. Бировларга юк бўлишни, ҳеч кимни ташвишларига шерик қилишни хоҳламасдилар. Лекин кейинги пайтлар сал инжиқроқ бўлиб қолгандай эдилар. Аввалига синглим қўнғироқ қилди.
– Опа, – деди у ташвишли оҳангда, – икки кундан буён Феруза (опамнинг яқинда узатилган қизи) йўқолиб қолди. Қидирмаган жойимиз қолмади. Мабодо Тошкентга, сизникига бормадими?
– Ие, қаёққа йўқолади? Нега йўқолади? – ваҳимага тушдим мен.
– Эри билан уришиб қолган экан. Чиқибди-кетибди. Ҳеч жойда йўқ…
Юрагим сиқилиб кетди. Бу ёқда ўз ташвишларимга ўзим ботиб, кунимни зўрға ўтказиб юрган одам бўлсам. “Хорма, бор бўл”,- дейдиган яқинларим узоқда бўлишса… Тунов кунгина “ўлдим-қўйдим”лаб турмуш қурган бу беқарор қиз қаёққа йўқолади? Хўп, майли, йўқолган бўлса, менинг қўлимдан нима иш келади? Кўнглимдан ана шунга ўхшаш гаплар ўтсада, синглимга ошкор қилмадим. Тасалли бериб гўшакни қўйдим. Кечқурун ишдан чарчаб уйга кириб борарканман, ҳали оёқ кийимимни ечмай туриб ўғлим қўлимга телеграмма тутқазди. Телеграммада: “Зудлик билан етиб келгин. Аянг”, – деб ёзилган эди… Турган жойимда қотиб қолдим. Нима қилиш керак? Кийимимни ҳам ечмай, йўлга тушайми ё аввалига гап нимадалигини қўнғироқ қилиб билайми? Мен иккинчи йўлни маъқул топдим. Лекин яшаб турган массивимиз янги бўлганлигидан ҳали бу атрофда ҳеч жойда телефон йўқ эди. Биздан 3-4 бекат нарида яшовчи бир танишимизникига борибгина қўнғироқ қилишим мумкун эди. Бир зумгина тин олдимда, ўша танишимизникига йўл олдим. Аям яшаётган ҳовлида телефон йўқ эди. Опамга қўнғироқ қилдим. “Аям сенга нега телеграмма жўнатганини билмайман. Лекин Ферузани ҳамон излаяпмиз. Ҳатто моргга ҳам бориб келдик. Бир донғи кетган ўткир фолбин бор экан. Ўшандан сўрасак: ташвиш тортманглар, бир қари аёлникида яшириниб ўтирибди, эрта-индин хабардор бўласизлар, деди. Бу гапдан анча тинчландик. Балки аям ҳам сенинг шу қидирув ишларида аралашишингни сўраб, телеграмма йўллангандирлар. Ҳозирча йўлга чиқмай тур. Зора Феруза эртагача топилиб қолса, – деди опам. Мен тинчландим. Эртаси куни ишга бордим. Ферузани топдик. Аям ичкариги уйда устидан қулфлаб яширган эканлар, деган хабарни эшитдим. Ўша телеграмма туфайли нечоғлик безовта бўлганим ёдимдан чиқмай Самарқандга навбатдаги боришимда аямга ўтиндим:
– Аяжон, унақа ваҳима қилиб менга телеграмма жўнатаверманг. Одам минг бир хаёлга бораркан. Ферузангиз эри билан сал жанжаллашса, қочса, қаергадир яширинса бу ёқда мен азият чекишим керакми? Бола-чақали, давлат хизматидаги одам бўлсам. Хаммасидан ҳам телеграммани кўриб юрагим чиқиб кетганини айтмайсизми? Ундан сўнг, нега энди сиз уни яшириб сақладингиз. Ахир опаму синглим, қайнона-қайнотаси, эри қанчалар зир югуриб излашибди. Ҳаммадан ҳам менга қийин бўлди. Шартта сумкамни кўтариб югуриб келишга имконим йўқлигини биласиз-ку, ахир, – дедим.
– Э, буни қара-я, сени шунчалар қийналади, деб ўйламаган эканман. Лекин биласанми, Ферузани яшириб эри-ю, қайнона-қайнотасининг боплаб таъзирини бердим ўзиям. Ферузанинг ўшандаги аҳволини кўрганингда эди… Тунги изиллаган совуқда, соат 11 ларда битта кўйлак ва шиппакда эшикни тақиллатиб келиб қолди. Юз-кўзи кўкарган, шишиб кетган. Эри роса дўппослабди ўзиям. Куёв нуқул муштлаб бошига ураркан. Бир неча марта уйига қочиб келган экан. Мендан яширибди. Опанг яна етаклаб уйига олиб бориб қўяркан. Эр деганнинг қўли хотинни уришга бир ўргандими, тамом. Охиригача уради. Бунақада болани майиб қилиши ҳеч гап эмас, ахир.
– Энди, аяжон, Ферузангизнинг ўзидан ҳам ўтган бўлса керак. Эркатой ўсди, уй ишларига ношудроқ. Ўжарлиги, қўполлиги ҳам бор. Феълидан кўраверадида. Лекин бунда менинг гуноҳим йўқ-ку, ахир. Узоқдаги одам бўлсам…
– Э, сен менинг қийналганимни кўрмадингда. Бир пайт кечқурун яна эри сўроқлаб келди. Уни уйга киргиздим. Аввалига роса насиҳат қилдим. Сўнг Ферузани чақирдим. Ўзаро гаплашиб келишиб олишар,сўнг қўл ушлашиб ярашиб кетишар, деб ўйласам, кўз олдимда неварамга яна муштини кўтараяпти. Бу ҳолатни кўриб, билмайман менда қандай куч пайдо бўлди. “Боламни урадиган қўлларинг шу бўлса, синдириб ташлайман”,- деб жон ҳолатда ўрнимдан туриб итаришимни биламан, боши билан бориб деворга урилди. Қарасам, бошининг бир чеккаси ғурра бўлиб шишиб ҳам кетибди. “Билиб қўй”,- дедим, агар бундан сўнг неварамни яна бир бор чертсанг, уронғич қўлларингни синдириб ташлайман. Камчилиги бўлса, майли, тушунтир, йўлга сол, муштумга зўр берасанми, нобакор…
Мен саксонга яқинлашиб қолган аямнинг нозик жуссасига қараб, ўшандаги жанжални кўз олдимга келтириб, ваҳимага тушдим.

– Ая, куёв ўзингизни кўтариб урганда нима бўларди, хеч ўйлаб кўрдингизми? Ёшлар-ку, бир-бири билан уришиб, ярашиб, яна яшаб кетаверишади, сиз жим турсангиз бўлмасмиди?
– Йўқ, бунақаларни ўз вақтида, ўз ўрнида таъзирини бериб қўйиш керак.
Аям, аягинам… 35 йил мактабларда ўқитувчилик қилган, ўқитувчиликнинг камтарингина нони билан бизни боқиб катта қилган аягинам. Ўшанда ярим тунда менга қўнғироқ қилишганда аягинам бу дунёдан ўтган эканлар. Мен эрта тонгда кириб бордим. Ҳамма йиғилган эди. Йиғлаб, бирма-бир кўришдик. Сўнг аягинамни дод-вой билан кузатиб ҳам қолдик. Ҳаёт деганлари шу экан, келаркансан, яшаркансан, бир кун кетаркансан. Қолганлар худди шу йўлда, шу зайлда яна ҳаётни давом эттиришавераркан…
Мен ўшанда ўз-ўзимга шундай деб далда бердим, ўзимни бардам тутишга, куйинмасликка ҳаракат қилдим. Лекин бирон йилдан кейин чарақлаган бир кунда…
Уйда ҳеч ким йўқ эди. Кир ювдим. Учинчи қаватда яшаймиз. Айвон деразасини очиб стул устига чиқиб, чўзилганча ташқарида тортилган дорга ювилган нарсаларни бирма-бир оса бошладим. Негадир бир муддат бошим айлангандай, таянч нуқтамни йўқотгандай, пастга томон йиқилиб кетгудай бўлдим… Ўзимни ичкарига олдим. Стулга қалтираб ўтириб қолдим. Йиқилиб тушишимга сал қолди-я. Йиқилиб кетсам нима боларди? Ўз-ўзидан бўғзимга йиғи тиқилди, йиғлашга тушдим. Йиқилсам, жоним узилса, мен учун ким куйинади, ким йиғлайди? Болаларимми? Улар ҳали ниҳоятда ёш. Қоринлари очганда бир-икки кун пиширган ош-овқатларимни қўмсаб йиғлашар, сўнг бот-бот эслашар-у, йиғлашмас. Уларнинг дадаси ҳам баъзи-баъзида эслаб кўзлари ёшланар, бора-бора эркакман-ку, деб йиғига кўп ҳам эрк бермас…
Опа-синглим, укамнинг ҳам ўзларига яраша ташвиш-юмушлари кўп. Куйиниб йиғлашга ҳам вақт керак, юрак қувватини, тафтини сарфлаш керак . Майли, хаммалари омон бўлишсин. Мен учун фақат аям жон-дилдан, балки умрининг сўнгги кунигача йиғлаши мумкин эди. Аям эса йўқ… Етимман… Етимлик оғир экан.
Мен қирқдан ошиб қолган одам ўшанда қон-қон йиғладим, ўзимни чинакамига етим ҳис қилдим, етимликнинг аччиқ қисматига тан бердим. Онажонларимиз нечоғлик кекса бўлмасин, нечоғлик заиф бўлишмасин, тирикликларида биз учун суянч ва таянч тоғларимиз эканликларига чин кўнгилдан иқрор бўлдим…

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.