Олима ва ёзувчи Дилором ЁРМАТОВАнинг «НОДИРАБЕГИМ МУҲАББАТИ» қиссаси тарихий ҳақиқатлар асосида битилган бўлиб, у шоира ва малика Моҳларойим ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. АЁЛ ЗАКОВАТИни ўзида ифодаловчи ушбу асар «Фан ва технология» нашриётида 2018 йилда нашр этилган. Китоб муқовасидаги суврат ўзбек халқининг машҳур рассоми Чингиз Аҳмаров қаламига мансуб. Ушбу асардан олинган аёл муҳаббатини, ақлу заковатини ёрқин бўёқларда акс эттирган афсонавий ҳақиқатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Қўқон хони Амир Умархон давлат ишларидан ортиб, шеърлар битган. Умархоннинг жуфти халоли, малика Нодирабегим эса бетакрор шоира эди. Хон саройида мунтазам ташкил этилган мушоираларда мана-ман деган шоирлар билан «беллаша олган».
… Буни карангки, шох хонадонида ҳам эр-хотин ўртасида «ғиди-биди»лар бўларкан-да! Кунларнинг бирида Умархон билан Нодирабегим арзимаган масалада гап талашиб колибдилар. Аслида-ку Нодирабегим хак экан. Аммо, Умархон — барибир ХОН-да!
– Маликам, – дебди жахл отига миниб хон. – Сизга рухсат! Салтанат хазинасидан ўзингиз учун энг қимматли нарсани олинг-да, юртингизга жўнанг!
Базми жамшид давом этибди. Умархон толикиб, мудроққа кетибди… Бир маҳал кўзини очса, қўш отли фойтонда кетаётганмиш. Бийдек дала… Ҳаммаёк зулмат… Осмонда юлдузлар… Навкарлар отининг туёги гурсиллайди… Караса, ёнида Нодирабегим ўтирганмиш…
– Бу не синоат? – дебди хон хайрон бўлиб. – Каёкка кетяпмиз?
– Андижонга! – дебди Нодирабегим кулимсираб. – Ўзингиз юртингизга жўнанг, деб амр этдингиз.
Хон, шу куни бўлган хангомани эслаб, яна аччиқланибди.
– Мен сизни Анжон боринг, деб эдим! Анжонга мен ҳам бораман, деган эмасмен!
– Тўғри, олампанох! – дебди Нодирабегим. – Сиз мени Анжон юборишни ҳукм этдингиз. Аммо, салтанат хазинасидан ўзинг учун энг кимматли нарсани олиб кет, дедингиз. Ҳукмингиз вожиб! Салтанат хазинасида мен учун энг бебаҳо бойлик – Сиз буласиз! Мен ўша хазинани ўзим билан олиб кетишга жазм этдим!
… Карвон дарҳол ортга кайтибди.
Ўша-ўша жаннатмакон Амир Умархон саройида осойишталик ҳукм сурган, дейишади.