Етмишдан ўтиб, саксонга яқинлашиб қолган бир дўстимдан ўзида қандай ўзгаришларни ҳис қилаётганини сўрадим.
У менга қуйидагиларни айтди:
- Ота-онам, ака-ука, турмуш ўртоғим, фарзандларим ва дўстларимни сева-сева, энди ўзимни сева бошладим.
- Дунё менинг елкамда эмаслигини англадим.
- Мева-сабзавот сотувчилар билан савдолашишни тўхтатдим. Яна бир неча минг сўм мени синдирмайди, лекин бу пуллар камбағал деҳқонга қизининг ўқиши учун пул тўлашга ёрдам беради.
- Мен официантга ҳам чойчақа қолдираман. Қўшимча пул унинг юзига табассум олиб келиши мумкин. Ахир унинг тирикчилиги меникидан кўра қийинроқ.
- Мен кекса одамларга битта воқеани неча марта такрорлагани ҳақида айтишни тўхтатдим. Хотира уларни умр йўлларидан қайта юриб, ўтмишни эслашга мажбур қилади.
- Мен одамларнинг нотўғри гапирганини билсам ҳам, уларни тузатмасликни ўргандим. Ҳаммани мукаммал қилиш юки менинг зиммамда эмас. Дунё мукаммалликдан қимматроқдир.
- Барчага сахийлик билан илтифот кўрсатаман. Яхши гаплар нафақат уларни эшитувчининг, балки менинг ҳам кўнглимни кўтаради.
- Мен кўйлакдаги бурма ёки доғга эътибор бермасликни ўргандим. Шахсият ташқи кўринишдан кўра аниқроқ кўзга ташланади.
- Мени қадрламайдиган одамлардан узоқлашишга ҳаракат қиламан. Улар менинг қадримни билишмайди, лекин мен биламан.
- Каламушлар пойгасида кимдир мени қувиб ўтиш учун фитнага қўл урса, мен совуққонликни сақлайман. Чунки мен каламуш эмасман.
- Мен ҳис-туйғуларимдан уялмасликни ўрганяпман. Ҳис-туйғуларим мени одам қилади.
- Мен тушундимки, муносабатларни тўхтатгандан кўра, худбинликдан воз кечиш яхшироқдир. Менинг худбинлигим мени чеклайди, ундан воз кечсам мен ҳеч қачон ёлғиз қолмайман.
- Мен ҳар кунни охирги кунимдек яшашни ўргандим. Ахир у чиндан ҳам охирги бўлиши мумкин.
- Мени бахтли қиладиган ишни қиламан. Мен бахтим учун жавобгарман ва қарздорман. Бахт бу танловдир. Сиз хоҳлаган вақтда бахтли бўлишингиз мумкин, шунчаки бахтни танланг!
Энтони Хопкинс ҳикматидан Манзура Бахтиёр таржимаси.