Вақт ўз маромида оҳиста оқадиган дарёга ўхшайди. Яратганнинг яралмиши бўлмиш вақт ва унинг маромига ҳар неки эркин сингишса, унинг боқий ҳамнафасига айланади, ўзлигини намоён қилади.
Асарлари Шарқ фалсафасининг узвий бир қисми бўлган Алишер Навоий ҳақида ана шундай дейиш мумкин. Тарих силсиласи олдида унинг ўз мавқеи, шону-шуҳрати, сабоғу анъаналари алоҳида аҳамиятга молик. У халқимизнинг ғурури ва фахридир!
Халқ ва ҳақиқат мангудир. Ҳақиқат эгиладию синмайди, дейди халқимиз. Ҳақиқатни, адолатни ардоқлаган кишилар эса халққа айланадилар. Демак, улар биргаликда мангудир. Бу математика тили билан айтсак, исбот талаб қилмайдиган аксиомадир. Халқ ва ҳақиқатни улуғлаган Алишер Навоий асарлари ҳам сиймоси ҳам мангудир
Ҳақиқат ва халқ етти мўъжиза янглиғ гўзал ва товланаётган камалакдай ҳайратомуз, қуёш янглиғ сўнмасдир. Чунки, ҳақиқат бор жойда эл тинч ва шод бўлади, эл шод бўлса, юрт обод бўлади. Ҳазрат Алишер Навоий сатрлари ила айтсак: Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.
ХХ аср ниҳоясида халқимиз қарамликдан қутилди. Юрт озодлиги, тил озодлиги истиқлол бирла қалбларга, шуурларга нур бўлиб йўғрилди. Истиқлол, Истиқбол, Ислоҳот сўзлари дилимизга уйғунлашди. Ана шу уч тушунча, уч эзгулик бирла қисқа вақт ичида янгиланиш жараёни вужудга келиб, демократик-ҳуқуқий давлат қуриш йўлига дадил тушиб олдик.
1991 йил 4 сентябрда Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Миллий боғида қад кўтараётган Алишер Навоий ҳайкалини ва боғда олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечираётиб, ёдгорликнинг очилишида наҳор оши тортилиб, Қуръон тиловат қилиб юборилишини айтганларида тинглаб турган ҳар бир кишининг қалби бир қалқиб тушгани табиий. Бу билан жамиятда адолат тамойилларини ҳаётга сингдириш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди. Зеро, мустақил Ўзбекистонимизнинг миллий қадриятларига монанд тадбири ҳазрат Алишер Навоий номи билан бошланганлиги тасодиф эмас. “Хамса” асаридаги Садди Искандарий достонида обод, озод юрт ва одил подшо орзуси куйланади. Ҳазрат Навоийнинг озод ва обод юрт ҳақидаги орзу – умидлари бугунги кунда амалиётда ўз ифодасини топмоқда.
Бугунги кунда аллома тимсоли бунёд бўлган жойда Миллий боғ – Адиблар хиёбони пайдо бўлди. Янги Ўзбекистонни мустақилликни орзу қилган адибларнинг руҳи қўллаб қувватлаб турибди.
Бугунги янги Ўзбекистон Навоийнинг яна бир асари-“Фарход ва Ширин” достонида куйланган обод ва озод мамлакат ҳақидаги орзуларининг амалиётидир, десак арзийди.
Мустақилликдан кейин соғлом авлод тарбиялаш вазифаси умумхалқ ҳаракатига айлантирилди. Эл-юрт ҳавас қиладиган фарзанд тарбиялаш туйғуси барча халқимизга, ҳар бир миллатдошимизга бирдек таниш ва бирдек азиз. Фарход-у Алпомишдек алп ўғлонлар, Ширину Барчинойдек ой юзли, гўзал хулқли қизлар тавсифи алломанинг ҳар бир достону шеъриятида куйланиши бугунги кун билан, бугунги давр билан ҳамоҳанг.
Қадим қадимдан халқимиз соғлом авлод тарбиясига алоҳида эътибор берган. Халқ достонлари эртаклари афсонаю қўшиқлари ва алломаларнинг асарларида гўзал сиймоли хушсуврат йигит-қизлар меҳр – муҳаббат билан таърифу тавсифланиши ҳам буни тасдиқлайди. Маcалан, ҳаммамизга мактаб дарсликларидан таниш Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳоднинг жасоратини, Ватан ишига камарбаста матонатини ёки Ширин ва унинг ўн нафар канизагининг таърифу тавсифини бир эсланг.
Дилорому Дилоро-ю Дилосо
Гуландаму Суманбўю Сумансо
Паричеҳру, Паризоду Париваш
Парипайкар зиҳи ўн исми дилкаш.
Аллома ўн канизагининг ҳар бирида орзу ҳавас қилгудек фазилатлар борлигини ва уларнинг бари Фарҳоду Ширинда мужассамлашганини фахр билан куйлайди. Ҳар бири битта йўналиш-тарих, физика, математика, мантиқ, астрономия, ҳуқуқшунослик каби илмларнинг етук соҳибалари бўлмиш канизаклар Фарҳодни саволга тутадилар. Фарҳод ҳозиржавоблик билан камолат соҳиби эканлигини намоён этади. Ҳазрат Алишер Навоий наздидаги бўлажак оналар шу қизлар тимсолида мужассамлашган. Соғлом фикрловчи ҳам жисмоний ҳам маънан гўзал фарзандлар ана шундай етук илмли, комил инсонлардан бино бўлишлигини аллама шоиримиз орзу қилган бўлса ажаб эмас. Зеро, соғлом онадан соғлом фарзандлар дунёга келади. Лекин бу орзуни умуммиллий вазифага айлантириш, уни тўла руёбга чиқариш имконияти фақат Ўзбекистон истиқлолга эришгандан кейин вужудга келди. Халқимизнинг асрий орзулари ушалди. Янги Ўзбекистонда ушбу йўналиш янада янги босқичга қўтарилди.
Салоҳиятли ёшларни янада қўллаб қувватлаш учун ҳар бир вилоятда Президент мактаблари ҳамда Ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани, магистр қизларга имтиёзлар берилиб, жаҳон олимпиада ғолиблари рағбатлантирилаётганлиги, кириш имтиҳонларида тўплаган балига қараб истаган бирор олий ўқув юртини танлаш имконияти берилаётгани комил инсон тарбиялаш йўлидаги, учинчи ренессансга қўйилган дадил қадамлардир.
Янги Ўзбекистонда мутолаа маданиятига алоҳида эътибор берилиб, «Ёш китобхонлар» танлови ўтказилаётгани ва ғолибларни рағбатлантириш учун енгил машина ҳам қўйилгани учинчи ренессансга қўйилган яна бир қадам, ёшларга бўлган яна бир ғамхўрликдир.
Саҳийлик ва аҳийлик. Аллома Навоий ўз асарларида мурувватга, саховатга жуда кўп эътибор каратади.”Маҳбубул-қулуб” асарида саховатсиз кишини ёғингарчиликсиз баҳорга, мевасиз ёғочга, ёғинсиз булутга қиёслайди. Ҳазрат ўз асарида ҳиммат бобида шундай дейди “Битта утмакни икки бўлиб ярмини бир очга берганни сахий де, ўзи емай барини муҳтожга берганни аҳий де” дея ўгит беради. Сахийлик, мурувват ҳимматлиликни улуғлайди.
Навоий айтадики, ҳар бир одам бировнинг оғирини енгил қилиши керак, биров йиғласа, унинг бошини силаб, жисмига жон, жонига дармон бўлиши керак. Ушбу асарнинг Саховат бобида яна шундай ёзади: “Саховат одамга бадандур ва ҳиммат анга руҳ… ҳимматсиз киши эр сонида эмас ва руҳсиз баданни киши тирик демас”.
Ҳазрат Навоий ёниб куйлаган бу ўгитлар ҳукуматимизнинг бугунги сиёсатини ўзида ифода этади. Ҳар бир маҳаллада “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби йўналишлар ташкил этилиб, муҳтож хотин-қизларга, ногиронларга берилаётган эътибор, имтиёзлар Янги Ўзбекистоннинг гўзал дастур-у амалларидир.
Айни кунларда кам таъминланган ва турар-жойга муҳтож кишиларга арзон уйлар берилаётгани, кредит олишда имкониятлар яратилаётгани ҳам давлатимиз томонидан халқимизга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан яна биридир.
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист