ФИКРЛАЙМИЗ ВА ДУНЁНИ ЎЗГАРТИРАМИЗ!

0
503
марта кўрилган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг «Инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш ғояси» қанчалик устувор эканлигини бугун даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Айниқса, халқимиз учун бугунги синовли дамларда инсон ўзини тафтиш қилиши, ўзига четдан назар ташлаши, керак бўлса ўзини ўзи қайта ислоҳ қилиши каби оғриқли кечадиган руҳий ва маънавий тозариш жараёнига эҳтиёж катта.

Бугун бутун дунёдаги “фақат ўзим бўлай” қабилида яшашга ўрганган одамизод, ўзидан анча узоқлашиб кетди. Ўзига яна қайтиши осон кечмаяпти. Зеро, ҳозир дунёнинг кўплаб эшиклари, чегаралари ёппасига коронавирус оқибатида ёпилаётган бир пайтда ўзимизни имтиҳон қилиш, виждонимиз қўядиган саволларга жавоб бериш, вазиятдан тўғри хулоса чиқаришнинг айни фурсати.

Қолаверса, бугун қалбимиз, руҳиятимиз, эътиқодимиз, фикримиздаги ўзгаришларни баён этиш, бу борада бир-биримизни эшитишга ҳар қачонгидан кўпроқ андармонмиз.

Шу боис, яна бир хайрли ишга қўл урдик. Мулоқотнинг манзил маконини ижтимоий тармоққа кўчирдик.  

Шундай экан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Фарида Афруз ташаббуси билан янги “Фикрлар чорлови” лойиҳасини эълон қилади ва шоиранинг мазкур масала юзасидан қуйидаги мурожаатини сизга йўллайди.

Салом азизларим!

Файзи Боғимиздаги дўстларим!

Мана, бир неча кундирким, уйдамиз. Бу бахтми, имтиҳонми, мусибатми, синовми, хали унчалик тушуниб етганимиз йўқ. Бунга бироз вақт керак бўлади. Ҳаммага гўзал сабр тилайман!

Мен уйда ўтириб, бу пандемия муаммоларининг моҳиятини англамоқчи бўлдим. Аммо саволларим кўпайиб кетди. Жавоб эса…?!

Шунинг учун “Фикрлар чорлови” гуруҳини тузишга қарор қилдикки, зора….

Ўзи азалдан аён, инсониятнинг хатолари кўп. Бунинг устига миллатларга хослари ҳам бир талай.

Ўзбекникичи?! Тўғри, ютуқларимизнинг ҳам чеки йўқ, айтайлик, меҳмондўстмиз, болажонмиз, меҳрибонмиз, саҳиймиз, гўзалмиз……. ва ..ва ҳоказолар. Келинглар, бугун дўппимизни ерга қўйиб, ўзимизни мақтамасдан, хато ва қусурларимиз ҳақида гаплашайлик. Тил ва дил бирлиги ҳақида қайғурайлик. Ахир шу эмасми, бани башарни хароб этган?!… Нега дунё шу ҳалокатга дучор бўлди?!  Хуллас, гап кўп…

Зеро, чин иқрор – тавбаларнинг онаси!

Энди вақтимиз бор, энди ҳеч нарсани баҳона қила олмаймиз.

Фикрлашайлик! Ҳамфикрлар дунёлар яратган! Фикрлар алмашиш мақсадида “Фикрлар чорлови” гуруҳини яратдик. Шунингдек, телеграмда ҳам “Фикрлар чорлови” гуруҳини ташкил этдик. Сиз ҳам қўшилинг ва ўзаро фикрларингизни биз билан ўртоқлашинг.

Мақсад: ватандошимизни, миллатдошимизни равнақини кўриш.

Лойиҳа доирасида билдирилган энг сара фикрлар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ижтимоий-сиёсий нашри “MILLIY TIKLANISH”да ҳамда партиянинг электрон манбаларида чоп этилади.  Шунингдек, gujum.uz  электрон нашрида ёритилишини ҳам келишиб олдик. Лойиҳа доирасида энг фаол фикр етакчилари шоира қаламига мансуб ижод намуналари билан рағбатлантирилади ҳамда улар билан алоҳида кўрсатув тайёрланади. Шунингдек, энг сара фикрлар “FIKRLAR CHORLOVI” тўпламида чоп этилади.

Феруза МУҲАММЕДЖОНОВА, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.