Ғайрат МАЖИД ижодидан: Айланайин сендан, юртимнинг ёзи!..

0
481
марта кўрилган.

 Халқ оғзаки ижоди руҳиятида ёзилган ушбу  шеър қўшиқдек кўнгилларга оқиб киради. Юрт  тинчлиги, далалар  файзи, қир-адрлар чиройи, шилдираб оққан  ариқлар садоси, заминнинг шукри бўлиб, юртимизнинг ёзи таърифу тавсифида меҳрларни меҳрларга улайди.

Айланайин сендан сўзи донишманд халқимизни, момо-ю боболаримизнинг қалб қўрини эслатади. Айланайин сендан, юртимнинг ёзи! Бўлиқ буғдойзорлар – далалар рози.  Бу сатрлар қўшиқнинг нақорати бўлишга  арзийди.

ЮРТИМНИНГ ЁЗИ

Шилдираб-шилдираб оққан ариқлар,
Англадим, заминнинг шукри, овози.
Олов атиргуллар – сўлим ошиқлар,
Айланайин сендан, юртимнинг ёзи.

Алвон шафақ каби юзи қизармиш,
Ва ё бу шунчаки, олмалар нози.
Қушчалар тилида санойи хониш,
Айланайин сендан, юртимнинг ёзи.

Чарос – боғ-роғларнинг мунис нигоҳи,
Бир ҳикмат хабари олча-гилоси.
Таъриф-тавсифингни тополмам гоҳи,
Айланайин сендан, юртимнинг ёзи.

Мен меҳр кўраман қуёш тафтида,
Бўлиқ буғдойзорлар – далалар рози.
Осмон ҳам эъзозда дарё кафтида,
Айланайин сендан, юртимнинг ёзи.

Эй мағрур тоғларим, ибрат мактаби,
Дилбандлар қувончи диллар баёзи.
Неъматлар шукридан қалблар матлаби,
Айланайин сендан, юртимнинг ёзи.

Ифтихор ҳиссидан диллар нурафшон,
Туганмас юраклар файзи, фаёзи.
Мен муножот айлар куйчи шоирман,
Айланайин сендан, юртимнинг ёзи…

ЯШАМОҚ КУРАШДИР…

Шоирнинг қуйидаги шеъри оламнинг кенгликлари, гўзалликлари ила кемтиклари ифодаланганлиги билан фикрлашга ундайди. Дарҳақиқат, шоир куйлаганидек, Ҳеч нега қодирмас бу тош худолар…

Тонг саҳар.
Деҳлида кўриб қолдим мен,
Баҳайбат тошсанам қаршисида қиз.
Кўрдиму кўп ғамгин ўйга толдим мен,
Санамга йиғларди чўкканича тиз.

Таассуф, тилини билмайман унинг,
Билмайман, не учун чекмоқда фиғон.
Тошларни парчалаб юборгудек мунг –
Шундоқ кипригида тургандайин жон.

Балки жон талашиб шифохонда,
Меҳрибон онаси ётгандир бемор.
Муқаддас, мунис зот – она, она-да,
Шифолар тилайман кўзлари хумор.

Ахир, бор нарса-ку қазои қадар,
Ҳаммаси ўткинчи, саробдир дунё.
Оламда муборак зот эрур падар,
У ҳам отасидан айрилганми ё.

Эҳтимол, ёрга дил бериб, надомат,
Кўрмаганмикин ё садоқат, вафо.
Барибир муҳаббат покиза неъмат,
Бахтиёр қай дилда берса у садо.

Минг афсус, тилини билмайман унинг,
Не ўзи қалбини ўртаган армон.
Тошларни парчалаб юборгудек мунг –
Шундоқ кипригида тургандайин жон.

Аллоҳ бор,
Мададкор,
Йиғини бас қил,
Кўксим ёриб чиқди ўтлиғ нидолар.
Яшамоқ курашдир,
Бўл бардам, дадил,
Ҳеч нега қодирмас бу тош худолар.

ИЛТИЖО

Ҳар не қилсанг, ошиқ қилғил, парвардигоро.
Хожа Аҳмад Яссавий

Шоир куйлаганидек, мафтункорлик кўнгилларни яйратадиган қўшиқ. Яшаш, мафтун бўлиш шеърда  куйлаганидек ялпизларнинг ифоридек ёқимли, унинг япроғидек ўткинчи —  баҳору ёзлик! Яссавийона ошиқлик кўнгиллар осойишталиги, охират, абадият! Ошиқ қилгин, Худойима, ошиқ қилгин! 

Боримсан-ку, дунё менга борлиқмидир,
Ёки умрим зулматларга тортиқмидир.
Ёзуқларим дил қатли-чун ёрлиқмидир,
Ошиқ қилгин, Худойима, ошиқ қилгин,
Бу барҳаёт кўнгулларда қўшиқ қилгин.

Дулдулларим юлдуз сочар туёғидан,
Қутулмадим ҳамон дуннинг сиёҳидан,
Менинг умрим ялпизларнинг япроғида,
Ошиқ қилгин, Худойима, ошиқ қилгин,
Бу барҳаёт кўнгилларда қўшиқ қилгин.

Алвон-алвон гуллар оқар дилдарага,
Ёлвораман дилим бўл, деб дилдорага.
Қачон раҳминг келади-ей бечорага?
Ошиқ қилгин, Худойима, ошиқ қилгин,
Бу барҳаёт кўнгулларда қўшиқ қилгин.

Нима келса, сендан келсин, қаҳринг гулим,
Нима тутсанг неъмат ҳатто заҳринг, гулим.
Кўкайимнннг кўзларида қаҳринг, гулим,
Ошиқ қилгин, Худойима, ошиқ қилгин,
Бу барҳаёт кўнгулларда қўшиқ қилгин.

Нигоҳимда милтиллаган ҳайратим – жон,
Изиллаган изғиринлар ё имтиҳон.
Аслим ўзим, фаслим ўзинг, васлинг қачон,
Ошиқ қилгин, Худойима, ошиқ қилгин,
Бу барҳаёт кўнгулларда қўшиқ қилгин.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.