ҒИЛОН ҚИШЛОҒИ – гўзал гулдастасидан биридир ЎЗБЕКИСТОНнинг

0
307
марта кўрилган.

Ёш шоир Баҳодир БАҲРОМ “Мангу баҳор дедим мўъжаз Ғилонни” деб таърифу тавсифини келтираётган ушбу қишлоқ  – Шаҳрисабз шаҳридан 80, Мироқи шаҳарчасидан 30 километр узоқликда, денгиз сатҳидан 2 минг 223 метр баландликда жойлашган Ҳазрати Султон чўққисига ёндош, Ҳисор тоғи этагидаги мўъжаз маскан.

Ушбу беқиёс гўзал гўшага бағишлаб кўплаб шоирлар шеърлар битишган. Баҳодиржоннинг ўз юрти ҳақида нозик дид билан айтган дилкаш сўзлари ҳам ушбу шеърият майдонида муносиб ўзига хос ўрин эгаллайди. “Яшар бир-бирининг пинжига кириб, Худди мусичадай вассали уйлар”, “Миллион юлдузчалар кифтимда туриб, “Ойдин кечалар”ни завқ билан куйлар”, “Музли чўққиларга тираб тирсагин, Кузатар ҳайратга кўмилганча ой”каби нафис  сатрлар қишлоқ манзараларини кўз олдингизда  ёрқинлик ила шоирона намоён қилади.

Баҳодиржоннинг ижодига  парвозлар тилаб қоламиз.

Раъно Зарипова

Баҳодир қоялар салтанатида,

Азим чўққиларнинг ҳайбати аро

Улуғворлик жамдай бор талъатида

Табиатга бериб тургандай оро

       Биллур баданини этганча кўз-кўз,

       Эриган олмосдай оқар Оқдарё.

      Ногоҳ баҳор билан келдим юзма-юз,

      Ғилон – баҳорларга бурканган дунё!

Адирлар бағрида кўклам, майсазор,

Саратон тиғидан қочолган омон.

Одамлари каби содда, хокисор,

Одамлари каби тоза, покдомон.

      Яшар бир-бирининг пинжига кириб,

      Худди мусичадай вассали уйлар.

      Миллион юлдузчалар кифтимда туриб,

     “Ойдин кечалар”ни завқ билан куйлар.

 Музли чўққиларга тираб тирсагин,

Кузатар ҳайратга кўмилганча ой.

Шабада эсади хотиржам, сокин,

Ё маҳлиё этган уни ҳам чирой.

       Маржон шодаларни оқизганча шўх,

      Булоқлар тошади – шиддати нафис.

      Танимда насимдай эса бошлар руҳ,

      Ҳали ҳам бормидинг, эй, беғубор ҳис.

Ҳали ҳам бормидинг, юрак – асов от,

Ҳали ҳам гўзаллик этармиди лол?!

Ҳали ҳам мунаввар демак бу ҳаёт,

Ҳали ҳам интизор сенга истиқбол.

      Англадим, тириклик таъмини шу дам,

      Англадим, ҳайратнинг умри боқийдир.

     Англадим, у менман, – эй, сармаст одам,

     Англадим, табиат кўҳна соқийдир.

Кўкни тутиб турган тераклар – улфат,

Чайқалиб-чайқалиб завқ туяётир.

 Мевазор боғлар ҳам айни шу фурсат,

Пишиқчилик дамин туш кўраётир.

       Таъзимим қабул эт бетакрор юртим,

       Бағрингда бахтиёр сайр этиб юрдим.

       Қандай тушунтирай ахир, завқимни

       Айни саратонда баҳорни кўрдим.

…Гўзал гулдастаси Ўзбекистоннинг,

Мангу баҳор дедим мўъжаз Ғилонни.

Баҳодир БАҲРОМ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.