Абдулла Қодирий ўзи қурган уй…
Лек бунда Жулқунбой кўрсатмайди бўй.
“Ўртар..”, бунча маҳзун, бунча дардли куй,
Нега мўъжизалар рўй бермайди, рўй?!
Айвонига боқинг, юлдуз, ой ёруғ,
Саволлар дилларни этмайди форуғ.
Лекин бунда кезар абадий бир руҳ
Шу рух-ки, дилларга беради шукуҳ.
“Меҳробдан чаёну”, ул “Ўткан кунлар”
Ўтди қанча савдо, уйқусиз тунлар..
Барига гувоҳ уй, гувоҳ остона,
Айтилмаган дардлар, ютилган унлар..
31 санаси, айни қиш фасли..
Уни олиб кетди тайинсиз насли
Айби нима эди билмай кетди у
Ҳамон маълум эмас не эди асли.
Бир қултум сув беринг, бу сўнгги сўзи
Ва сўнгра покланди, қиблада юзи
Намозин ўқигач, уни отдилар,
Ажалга тик боқди, чиқмади бўзи.
Ўлимдан қўрқмади юраги довли
Тақдир..бунча аянч, бунчалар ғовли,
Кимсасиз хувуллаб қолди бу маскан
Абдулла Қодирий қайтмаган ҳовли…
Бугун бахтга тўлиқ, дўстларга тўлиқ
Адибсиз мунғайиб қолган бу ҳовли
Бугун унга Аллоҳ назари тушган
Абдулла Қодирийсиз қолган бу ҳовли…
Бугун унда жамдир дўстлар яқинлар!