Васила Пўлатова таржимаси: Ҳасадгўй шафтоли

0
344
марта кўрилган.

Машҳур мусаввир ва ихтирочи Леонардо до Винчи болаларга ҳам кўплаб эртаклар ёзган адибдир. Олим ва ёзувчининг эртакларида табиат, жониворлар ва ўсимликлар, турли-туман иш қуроллари орқали, улар тилидан ота-оналарнинг фарзандига меҳри, инсоний саҳовати, сабр-тоқати улуғланади. Ёлғончилик, мақтанчоқлик, манманлик, хасадгўйликнинг аянчли оқибатлари ҳақида қисқа, лўнда хулосалар берилади. Таржимон Васила Пўлатова ана шу кичик эртакларни ўзбек тилига ўгирди. У “Ўзбекистон” нашриётида “Леонардо да Винчи хазинасидан” номи билан чоп этилди.

Қуйида ушбу китобдан жой олган эртаклардан бирини ўқийсиз.

Ҳасадгўй шафтоли. Бир боғда ёнғоқ дарахти билан шафтоли дарахти ёнма-ён ўсар экан. Шафтоли ҳасадгўй экан. У ёнғоқ дарахтининг бақувват танасига, шиғил мевасига ичи куйиб қарар, ундан ўзиб кетгиси келар экан.

– Бу инсофдан эмас, – минғирларкан у, – нега энди ёнғоқ шиғил-шиғил ҳосил солар экан-у мен қараб турарканман. Мана кўрасизлар, ҳали ундан-да кўпроқ мева тугаман.

– Беҳуда чиранма, – дебди унинг вайсашлари жонига теккан кекса олхўри дарахти. – Наҳотки ёнғоқнинг ниҳоятда бақувват, шохлари эса эгилувчанлигини сезмадинг. Беллашаман, деб белингни синдирма. Яхшиси, меваларингни ширин шарбатга тўла бўлиши учун ҳаракат қил.

Бироқ, ҳасадгўй шафтоли ён қўшнисининг фойдали маслаҳатига қулоқ ҳам солмади, ўйлаб ҳам кўрмади. У илдизларига ерга мустаҳкамроқ ва чуқурроқ ёпишиб олиб, ҳаёт шарбатидан кўпроқ сипқоришни буюрди. Шохларига кўпроқ куртак отишни, гулларидан эса тўлиқ мевага айланишни талаб қилди.

Баҳор ўтиб, ёз келганда шафтоли дарахти муродига етган, шохларининг учларигача йирик мевалар билан тўлган эди.

Дарахт кундан кунга шарбат йиғиб, мевалари йириклаша борди. Ҳосил залворидан эса шохлари соат сайин эгилмоқда эди.

Кунлардан бир кун шафтоли шохлари ҳосилни кўтаролмай қарсиллаб синиб кетди. Шарбат тўла шафтолилар дувиллаб ерга тўкилдилар.

Улар ёнғоқ дарахти пойига бош уриб, узоқ ётишди, кейин эса чириб, бир уюм ахлатга айланишди.

Васила Пўлатова таржимаси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.