Денгиз ва инсон бир-бирига уйғун. Бу оламда иккаласининг ҳам ўз ўрни мавжуд. Бир бирини тўлдиради, бир бирига кўмаклашади, вақти келса бир бирини йўқ ҳам қилади. Иккаласининг ҳам макони битта Она Замин…
Бир боланинг оёқ кийими денгизда йўқолди. Бола қирғоққа «бу денгиз ўғри», деб ёзиб қўйди.
Денгиздан бир киши кўп балиқ овларди. У овчи қирғоққа «бу денгиз сахий», деб ёзиб қўйди.
Бир бола денгизда ғарқ бўлди. Унинг онаси «бу денгиз қотил», деб ёзиб қўйди.
Бир чол денгиздан кўп марварид олиб чиқарди. У қирғоққа «бу денгиз жўмард», деб ёзиб қўйди.
Сўнгра бир баланд тўлқин келиб барча ёзувларни ювиб кетди. Ҳаёт давом этаверди.
Биринчи дарс: Баъзиларни қанчалик уринма рози қила олмайсан. Агар уларга ўнта бармоғингни шам қилиб ёқсанг ҳам улар: “Нега бунинг нури паст?”, дея нолишади. Агар улар учун тоғда нина билан чуқур ковласанг сенга: “Нега кечикдинг?”, дея дағдаға қилишади. Агар уларнинг йўлларини киприкларинг билан супурсанг ҳам сенга: “Бундан яхшироқ қилишинг керак эди”, дея ўдағайлашади. Одамлар ўзи шундоқ. Олдин ҳам шундай бўлишган. Бундан кейин ҳам шундай бўлишади. Ўзингни қийнама. Ҳамманинг кўнглини олиш етиб бўлмас қоядир. Бу йўлда ҳеч ким муваффақият қозонмаган, ҳатто пайғамбарлар ҳам. Атрофингдаги кишиларга қарасанг кўпчилигининг ҳатто Аллоҳдан ҳам норизо эканлигини кўрасан. Сендан қандай рози бўлишсин! Шоира Саида Зуннунованинг бир шеъри бор. Хулосаси шундай: Атрофимдаги барча одамлар мени яхши дейишса, хафа бўлардим. Қандай қилиб яхшига ҳам ёмонга ҳам бирдек яхши бўлиш мумкин?…
Иккинчи дарс: Қанчалик уринмагин бошқаларни ўзингни нусхангга айлантира олмайсан. Хилма-хилликка ўзингни ўргат. Агар ҳаётга диққат билан назар солсанг чор –атрофнинг ҳаётнинг гўзаллиги турфалигида эканлигини англайсан. Агар нарсаларнинг зидди бўлмаса унинг қиймати ҳам бўлмайди. Ҳақнинг гўзаллигини биз ботилнинг қабиҳлигидан англаймиз. Адолатнинг одиллигини зулмнинг ёвузлигидан англаймиз. Тинчликнинг орамбахшлигини уруш оловидан англаймиз. Бу дунё фикрлар, қарашлар ва йўналишлардан иборатдир. Ўз фикрингни хотиржам айт. Қарашларингни тушунтир. Истаганнингга ишон. Аммо мухолифингга ўзингни қурбон қилиб юборма. Баъзи бир ихтилофлар бойликдир. Гоҳида биз ўзимизга ўхшаганлардан кўра кўпроқ мухолифларга ҳам муҳтож бўлиб қоламиз.
“Юнус Содафий дейди: “Шофиъийдан ақллироқ инсонни кўрмаганман. Бир куни у киши билан бир масалада тортишиб келиша олмай қолдим. Кейин мени бир жойда кўриб қолиб шундай деди: “Эй Абу Мусо! Бир масалада ихтилоф қилсакда, биродар бўлиб қолаверишинг тўғри эмасми?!”.
Учинчи дарс: Хусумат пайтида энг кучли раддия ҳақида ўйлама. Балки, энг гўзал раддия ҳақида ўйла. Инсонларнинг қалбини эгаллаш ўрин-мансаб эгаллашдан муҳимроқдир. Бир киши Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳуни сўкди. Холид розиёллоҳу анҳу унга: “Саҳифа сеники, уни истаган нарсанг билан тўлдиравер!”, деди.
Биз учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламда ҳаёт тарзида ибрат, намуна бор. Баъзи тоифлар у кишини тошбўрон қилишди. Қонлари оқди. Бир жойда сояда ўтирганларида Жаброил алайҳис салом бир фаришта билан келдилар ва дедилар: “Бу фаришта тоғларга вакил қилинган фаришта. Истасангиз мана бу икки тоғни буларнинг устига ташлайди”. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам жароҳатларидаги қонни артиб туриб дедилар: “Мен уларнинг наслидан Аллоҳга ибодат қиладиган инсонлар чиқишини умид қиламан!”.
Туфайл ибн Амр розиёллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб деди: Эй Аллоҳнинг Расули! Давс қабиласи ҳалок бўлди. Улар осий бўлиб Аллоҳдан юз ўгиришди! Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Аллоҳим! Давс қабиласини ҳидоят қил. Улар сабабли инсонларни тўғри йўлга бошла!
Тўртинчи дарс: Денгиз каби бўлинг. Сиз ҳақингизда инсонлар гапирган ёмон гапларни ўчириб юборадиган ўчирғичингиз бўлсин. Манзилга етишмоқчи бўлган одам бироз ўзини билмасликка солиши керак. Агар сиз ҳақингизда айтилган ҳар бир гапга тўхтайверсангиз олдинга қараб бир қадам ҳам юра олмайсиз. Инсонларнинг гапи йўлдаги чуқурга ўхшайди. Йўлда чуқур кўрсангиз унинг ичига тушмайсиз-ку! Уни четлаб ўтиб йўлни давом эттирасиз. Бу чуқурлар бизни мақсадимиздан чалғитмаслиги лозим. Чуқурга тушсак у ердан тоза ҳолатда чиқмаймиз. Баъзи бировларга раддия берсак энг аввало ўзимизга ёмонлик қилган бўламиз. Улардан юксакроқда турайлик!
Хулоса: Ижтимоий тармоқлардаги хабарларни ўқиганимда мен уларни ана шу мавжли денгизга қиёс этаман. Ундай пайтларда донишманд халқимизнинг ҳикматини хаёлимдан ўтказаман: “Кенгга кенг дунё, торга тор дунё!”
Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист