Мумтоз адабиёт оламининг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асари милодий 1309–1310 йилларда ёзилган. Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган ёзма ёдгорликда Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган.
Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган икки жилдли ушбу бебаҳо асарнинг замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.
Дурдона асарнинг навбатдаги қисмини эътиборинггизга ҳавола қиламиз.
Кунлардан бир кун Иброҳим алайҳиссалом йўлда суяклари сочилиб ётган тева мурдасини кўрди. Намруднинг сўзи ҳаёлига келди. “Эй, парвардигоро, ўликларни қандай тирилтирасан, менга айт”, – деб сўради. Хитоб келди:
– Ишонмайсанми?
– Ишонаман. Бироқ, қалбим таскин топиши учун.
– Тўрт қуш тут. Уларни сўй, патини юл, суякларини бурда-бурда қилиб аралаштир. Уларни тўрт улуш қилиб, тўрт тоғ тепасига қўй.
Айтишларича, тўрт қушнинг бири товус, бири қарға, бири ўрдак, яна бири товуқ эди.
Яна ривоятларда айтилишича, Аллоҳ тўғри юрган қушларни эмас, жиноят қилган қушларни ўлимга буюрган. Савол: Товуснинг жинояти не эди? У жаннатда хиёнат қилди. Шайтоннинг васвасасига учди. Одам Ато ва Момо Ҳаво билан бирга жаннатдан ҳайдалди.
Қарғанинг гуноҳи не эди? Нуҳ пайғамбар уни тўфондан кейин ерни кўриб келгани юборди. У мурдаларни еб узоқ қолиб кетди. Шунинг учун доимо мурдалар билан озиқланади.
Товуқ не жиноят қилди? Товуқ бошқа товуқ билан Ияз ялавоч тўнини олди. Улар адоватли бўлдилар.
Ўрдакнинг жинояти нимада? Юнус пайғамбар балиқ қорнидан чиққанида жуда нимжон эди. Оллоҳ унга пашша қўниб, машаққати ортмасин деб қавоқ ўсимлигини ундирди. Юнус пайғамбар сув олиб келгани кетганида ўрдак уни юлиб ташлади. Шунинг учун одам боласига ушбу қушларни ўлдириш қисмат бўлди.
Яна бир ривоятда айтишларича, уларни ўлдиришнинг сабаби товус одамга ўҳшаб жуда кўркам, товуқ фаришталарга менгзар, зикр ва тасбеҳ бирла бўлур, қарға шайтонга, ўрдак париларга менгзар. Совуқ бўлиб, бирда кўринса, бирда кўринмайди.
Иброҳим уларни Тангри буюрганидек суякларини бурда-бурда қилиб, тўрт тоққа ташлади жониворларнинг суяклари қайтадан бирлашиб, Иброҳим ёнига келиб “Ло илоҳа иллоллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ” дедилар. Аллоҳ ўлиш ва тирилишни биринчи бора қушлар мисолида кўргизди.
Ҳикмат не эди? Яна бир ривоятда айтилишича, товуснинг оламга ўхшаш гўзаллиги, товуқнинг шахвати, ўрдакнинг сулувлиги, қарғанинг хаёли бор. Айтишларича, агар ушбу тўрт хусусият тириклик олами сарвари – одамизодда бўлса эди, дунё абадий мангу қолар эди.