Аммо унинг ҳаёти моҳияти қанча яшагани, неча йил умргузаронлик қилгани билан эмас, балки қандай фаолият юритгани, қанча ишларни амалга оширгани, одамлар учун, миллат учун, юрт учун не хизматларни қилиб улгургани билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан эндиликда етмишвойлар сафини тўлдирган журналист, адиб, жамиятнинг илғор фикрли вакилларидан бири Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳаёт йўлларига назар ташласангиз, унинг фаолияти ҳар жиҳатдан баркамол кечганини кўрасиз.
У 70-йилларнинг ўрталарида пойтахтдаги университетнинг журналистика факультетини битириб, ишни Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Фан” нашриётидан бошлади. Кейин шу ерда нашр этиладиган “Фан ва турмуш” журналида қаламини чархлади. Илм-фаннинг етук намояндалари Восил Қобулов, Саъди Сирожиддинов, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Ёлқин Тўрақулов каби академиклар билан танишди, улар билан суҳбатлар уюштирди. Фан фидойилари ҳақида мақолаларини эълон қилди. Кейинги фаолияти “Қишлоқ ҳаёти” газетасида кечди. Деҳқонларнинг, чорвадорларнинг фидойи меҳнатлари ҳақида очерклар ёзди. Ҳар бир инсон ўзига хос олам эканлигини, журналист одамларнинг қалбидаги ўй-фикрларни чуқурроқ англаб етсагина яхши асарлар яратиши мумкин эканлигини дилдан ҳис қилди.
“Ёш куч” журналида бош муҳаррир сифатида тўплаган тажрибаси “Ҳуррият” мустақил газетасини бошқарган пайтида қўл келди. Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасидаги адолатсизликларни, жамият тараққиётига ғов бўлаётган камчиликларни очиб ташлашга алоҳида аҳамият берди. Унинг бош муҳаррир сифатида “Судларнинг мустақил, адолатли, инсонпарвар, фақат қонунга бўйсунадиган одил суд бўлишини истайман” деган фикрлари ўша пайтларда янгради. “Ҳуррият” газетасидан кейин “Ўзбекистон матбуоти” журналида ҳам бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатди. У кейинчалик журналистик фаолияти хусусида тўхталиб, “Истаймизми, йўқми, журналист ҳукмрон сиёсат, ҳукмрон мафкура билан ҳамкорликда ишлайди. Шу ҳаводан нафас олиб яшайди. Ўзининг фаолиятини унинг йўриқларига мослаштиради. Лекин мен ўзимга қарши бориб ёзганимни эслолмайман. Ёки жуда кам ёздимми? Билмадим. Мен бирорта мақоламда, бадиий асаримда ҳижолат бўладиган ўрин, эътиқодимга қарши борган жойим йўқ”, деб ёзган эди. Бундай сўзни айтиш учун журналистда чинакам талант ва юксак эътиқод бўлиши керак. У эл-юрт орасида ана шундай журналист сифатида танилди.
Адибнинг илк асарлари ўтган асрнинг 70-йиллари охири, 80-йилларнинг бошидан матбуот нашрларида кўзга ташланди. “Алам”, “Қазо бўлган намоз”, “Васий”, “Беозор қушнинг қарғиши”, “Ўн биринчи эшик”, “Йўлакдаги одамлар”, “Қичқириқ” каби ҳикоялари билан китобхонларга танилди. “Ҳовли этагидаги уй” деб номланган биринчи китоби 1989 йилда нашр этилди. Унинг “Жажман” деб аталган ҳикояси ўша йилларда адабиётимизда чинакам воқеа бўлган асарлардан бири сифатида баҳоланди.
Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоячилик билан бирга кейинчалик катта жанрларда ҳам ўзини синаб кўрди. “Нигоҳ”, “Паноҳ”, “Оромкурси”, “Чаёнгул”, “Ҳижроним мингдир менинг” сингари қиссалар яратди. Уларда адиб замондошларимиз образлари билан биргаликда яқин ўтмиш тарихимизда яшаб ўтган аждодларимиз, салафларимиз ҳаёти, фаолияти, орзу-умидларини ҳам ёритиб берди. Ёзувчи “Ёлғиз” қиссасида улуғ адиб Абдулла Қодирий ҳаётига мурожаат қилди. Қисса китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Ушбу асар асосида яратилган “Йиғинди гаплар” спектакли Аброр Ҳидоятов номидаги республика драма театрида саҳналаштирилди.
Адибнинг “Бозор”, “Донишманд Сизиф” романлари кейинги йилларда адабиётимизнинг яхши асарлари сифатида эътироф этилди. Унинг бу романларида кутилмаган воқеалар, антиқа ҳолатлар, ғаройиб образлар ўзига хос шаклларда, кўринишларда намоён бўлади. Бир қарашда улардаги воқеалар бизнинг ҳаётимизга хос эмасдек, қаҳрамонлар, образлар бизга нотанишдек, уларнинг хатти-ҳаракатлари ажабтовурдек таассурот уйғотади. Лекин бу асарларни ўқиб, уларни чуқурроқ англаганингиз сайин ҳаётимизнинг турли қирралари, замондошларимизнинг турфа характерлари, инсонларнинг ғаройиб хислатлари юз оча бошлайди. Уларга дарддош, қалбдош бўлиб қоласиз. Уларнинг орзу-ўйлари, эзгу мақсадлари сизга ҳам юқади.
Қадимги юнон ривоятларида Сизиф думалоқ тошни тоғ чўққисига олиб чиқишга интилган инсон сифатида тасвирланади. Лекин у ҳарчанд уринмасин тошни чўққига олиб чиқолмайди. Ривоятга кўра, тошни чўққига олиб чиқишга уринишнинг ўзи бемаъниликдир. Ёзувчи худди ана шу ҳолатни асари асосига олади. Сизифнинг тош думалатишдек беъмани ҳаракатларидан маъни топишга уринади. Асар қаҳрамони Сизиф ҳар гал пастга қулаган тошни чўққи томон қайта олиб чиқар экан, ҳаётнинг моҳиятини янгича инкишоф этади, идрок қилади, инсоннинг инсонийлик қудратини англайди. Шу тариқа оддий Сизифдан донишманд Сизифга айланади. “Сўзлаш – ўтиб бораётган ҳозирнинг шарпалари бўлса, сукут – боқийлик, мангулик тимсолига айланарди унинг назарида. Бамисоли гап сотса – ҳозир билан, сукут сақласа – абадият билан мулоқотга киришаётгандек сезарди ўзини Сизиф. Бир йўла ҳам бугун, ҳам келажак билан битим ё сулҳ тузиш эса кони азоб, азоб! Бугунга хизмат қилсанг келажак олдида муттаҳамсан, келажак ва боқийлик руҳида яшасанг бугун учун бегонасан, ётсан, ёт! Топ бунга ўзининг жавобни, банда: қай бири афзал?” Ёзувчининг Сизиф орқали берган бу саволи ҳар қандай одамни ўйга толдириши шубҳасиз. Сизифнинг донишмандлиги ҳам шунда!
Хуршид Дўстмуҳаммад ҳаётда илм-фанни юксак қадрлайдиган, бошқаларни ҳам шунга ундайдиган, инсон камолоти, ақл-идроки, тафаккури китобхонликда, қироатхонликда деб биладиган ижодкор. Мен уни адабиётимизнинг, журналистикамизнинг донишманд Сизифи деб атагим келади.
Очиғи Хуршид Дўстмуҳаммад асарларини ёшлигимдан мутолаа қилиб келсамда, уни давлат арбоби сифатида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қўмита раиси лавозимида фаолият юритаётган пайтларда илк бор учратганман. Мен ўшанда бу олий даргоҳга биринчи киришим эди. Тўсатдан олдимда чиқиб қолган халқ фарзандини майин табассумда кўриб, мансабдор шахслар ҳам оддий одамларга табассум қилишига имон келтирганман. Шундан кейин кўзлари кулиб турадиган бу адибга бўлган эътиқодим осмон қадар ошган. Бир неча бор суҳбатини олишга муяссар бўлдим. Унинг одамлар билан муомалада самимийлиги, камтарлиги ва айни вақтда ҳозиржавоблиги инсонпарварлик фазилатини яққол намоён этарди.
Ҳа, у ҳеч бир ишни чала қилмайдиган одам. Уни ҳаракатсиз кўрмайсиз. Нуқул фаол, нуқул қимир-қимир, нуқул “нима учун” деб савол қўяётган ва шу саволга жавоб излаётган, шу жавобни топаётган, топганига қониқмаётган бўлади. Унинг фаоллиги – инсоний, иймоний, виждоний фаоллик. Унинг фаоллиги – ижодий, мулоҳазакор, мушоҳадакор фаоллик.
У кишини яхши таниганим сайин атрофидаги гапларга ҳам эътибор бера бошладим. Бир тадбир сўнгида иштирокчилардан бири Хуршид ака ҳақида гап очиб, журналистик асарларга ном қўйишга устаси фаранг эканлигини таъкидлади. Ҳа, хоҳ унинг мақоласи, хоҳ катта бир асари бўлсин, биринчи навбатда унинг жозибадор номи одамлар қалбига тушарди. Бундай хусусиятни адибнинг асарлари – фарзандларига қўйилган “Чаёнгул”, “Донишманд Сизиф” каби номлардан билиш қийин эмас.
Хуллас, юраги тоза, ҳар қандай шахс учун қалби очиқ бу фидойи инсонни кўришга, унинг майин ва ширали табассумига шерик бўлишга, маъноли ва тарбиятли суҳбатини олишга, асарларидан баҳраманд бўлишга интилган инсонлар қаторида сезаман ўзимни.
Абдукамол РАҲМОНОВ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси