Мумтоз адабиёт оламининг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асари милодий 1309–1310 йилларда ёзилган. Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган ёзма ёдгорликда Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган.
Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган икки жилдли ушбу бебаҳо асарнинг замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.
Дурдона асарнинг навбатдаги қисмини эътиборинггизга ҳавола қиламиз.
Сора бир юз ўттиз ёшда эканлигида, Жаброил башорат келтирди. Қуръони каримда шундай дейилади: “Биз унга башорат бердик. Исҳоқ билан ва у пайғамбар бўлар. Башорат бердик у хотинга Исҳоқ билан ва Исҳоқдан кейин Ёқуб билан. Биз унга Исҳоқни бердик ва зиёда қилиб Ёқубни ҳам бердик ва ҳаммаларини солиҳ бандалардан қилдик”. Исҳоқ яловач Иброҳим ялавочнинг ўғли эди.
Башорату каромат туфайли Иброҳим ялавоч билан Сора бир-бирини севиб, суйиб яшадилар. Узоқ вақт фарзандлари бўлмайди. Шунинг учун Сора Иброҳимга ўз жорияси Ҳожарга уйланишига рухсат беради. Бироқ, Соранинг Ҳожар билан муносабати бузилади. Иброҳим ялавоч Соранинг топшириғи билан Ҳожарни жами озиқ-овқатини бериб, узоқ бир чўлга ташлаб келади. Иброҳим ялавоч Ҳожарни ва фарзанди Исмоилни кўргани борганида ҳам жуфти ҳалоли Сорага берган сўзи туфайли отдан тушмайди.
Сора юз ёшдан ўтгач, фарзанд кўришдан умидини узган эди. Жаброил адашган Лут қавмини мудҳиш ҳаракатлари учун ҳалок қилгани келганида Иброҳим ялавочга меҳмон бўлди. Ўшанда Жаброил фаришта Сорадан Исҳоқ отлиғ ўғил бўлишини башорат этди. Фаришта башоратидан етти кун ўтгач, Сора ҳомиладор бўлди.
Исҳоқ туғилган куни кўкдаги минг юлдуз Иброҳим алайҳиссаломнинг уйи теграсига йиғилди. “Эй, Оллоҳим, бу не аломат”, – деб мурожаат қилди Иброҳим ялавоч. Хитоб келди: “Исҳоқ ўғлингдан минг пайғамбар дунёга келади”. Иброҳим пайғамбар шукрона билдирди. “Исҳоққа бу кароматни бердинг, Исмоилга не берарсан?”, – яна мурожаат қилди у.
Яна хитоб келди: “Эй, Иброҳим, Исмоилни менга топширғил. Кетидан бир Муҳаммад Расулуллоҳ ялавоч бергайман. Унинг нури туфайли юз минг йигирма тўрт ялавоч ҳам, сен ҳам яратилгансан. Аслида одам аҳлини унинг суюклиги туфайли яратдим. Иброҳим севинди. Ҳожарга хабар берди. Барча шод бўлди. Авлодларига шукрлар билдириб, минг қўй, юз сигир, юз тева садақа қилдилар.
Исҳоқ улғайгач, Илёс ўғли Батвилнинг Руқъа отлиқ қизига уйланди. Ундан Ияз ва Ёқуб номли икки эгиз ўғил кўрди. Ёқуб Ияз оёғининг товонини ушлаб туғилди. Шунинг учун номини Ёқуб деб қўйишди. Ияз ўсиб-улғайиб овчиликка меҳр қўйди. Исҳоқ Ияз ўғлини ортиқ суяр эди. Бир куни Исҳоқ ўғли Иязга кийик овлаб келиб қовурдоқ тайёрлаш лозимлигини, уни тановул қилгач, дуо қилишлигини гапирди. Исҳоқнинг кўзи ожиз эди. Хотини Ёқубни кўпроқ яхши кўрарди. Бир қўй сўйиб тўнини Ёқубга кийгизди. Чунки Ияз сержун эди. Ёқуб терини кийиб ота ҳузурига кирди ва сўради: “Ота, кийик гўштидан қовурдоқ келтирдим. Дуо қилинг”.
Отаси овқатни егач, Ёқубнинг қўлини ушлаб, дуо қилишга чоғланганида ажабланиб, деди: “Қўлинг Иязга, овозинг Ёқубга ўхшайди”. Ота ўғлига дунёнинг жами дуосини қилди. Ўғлининг кети пайғамбарлар авлоди бўлишлигини Аллоҳдан сўради. Аллоҳ Исҳоқнинг дуосини ижобат қилди.
Ундан кейин Ияз келди. Унга эзгу тилаклар қилди, бироқ пайғамбарлик дуосини қилмади. Шу–шу икки ўғил ўртасида адоват пайдо бўлди. Исҳоқ уларнинг адоватидан қўрқиб Иязни Рум вилоятига жўнатди. Румликлар Ияз авлодидир. Ёқуб ялавоч авлоди Исҳоқ ялавоч дуоси билан ялавочлар авлодига айланди.