Жажжи фарзандингиз билан кутубхонага борасизми?

0
1024
марта кўрилган.

Фарзандингизни охирги марта қачон кутубхонага олиб бордингиз? Фарзандингиз билан кутубхонада охирги марта қачон мутолаа қилдингиз? Афсуски, бу саволларга жавоб ҳамиша ҳам ижобий эмас. Нега шундай? Халқимизда фарзандини кутубхонага мутолаа учун олиб бориш кўникмаси шаклланмаганми ёки кутубхоналаримизда кичкинтойларга мос фаолият яхши йўлга қўйилмаганиданми?

Тақдир тақозоси билан дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири – АҚШда бир оз муддат бўлиб, мамлакатимиз кутубхоналари билан АҚШ жамоат кутубхоналарида ёш китобхонлар учун яратилган шарт-шароитларни қиёслаб, шундай хулосага келдимки, мамлакатимиздаги кутубхоналарнинг, айниқса болалар кутубхоналарининг фаолиятини ривожлантириш эҳтиёжи мавжуд. Чунки, жаҳоннинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва уни миллий қадриятларимиз асосида янада ривожлантириш кони фойда албатта.  Айниқса мамлакатимизда  ҳар бир маҳаллада кутубхона ташкил этишга  Президентимиз ташаббуси билан эътибор бериляпти.  Бу кутубхоналарни ҳақиқий зиё масканига айлантириш керак. Бу борада  АҚШдаги жамоат кутубхоналари фаолиятидаги мен кузатган бир қанча намунали жиҳатларни келтириш ниятидаман:

Аввало, кутубхоналарнинг моддий базаси бой. Китоб заҳираси улуғвор. Ҳар бир туманда бир неча жамоат кутубхонаси мавжуд. Бугун АҚШда 16 мингдан зиёд жамоат кутубхонаси бор. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, жамоат кутубхонаси деганда давлат бюджети томонидан моддий таъминланадиган ва барча учун очиқ бўлган кутубхоналар тушинилади. Ундан ташқари, мамлакатда мактаб кутубхоналари, академик кутубхоналар, турли давлат ҳамда нодавлат идора ва ташкилотларнинг зиё масканлари мавжуд бўлиб, жами мамлакатда 119 мингдан зиёд кутубхоналар фаолият юритади.

Кутубхоналарнинг китоб заҳирасида  мавзулар бўйича кенг кўламли. Бу ерда турли ёшга ва турли қизиқишга мос неча миллионлаб китоблар бор. Улар болаларнинг ёшига, қизиқишига мос тарзда жавонларга бўлинган.  Масалан, бир жавонда уч ёшгача бўлган болаларга катта-катта суратли, ранг-баранг, қаттиқ ва оппоқ қогозда ишлаб чиқарилган китоблар жойлаштирилган бўлса, яна бир жавонда энди ўқишни ўрганаётган болаларга, яна бир жавонда эса ўзи мустақил китоб мутолааси билан шуғуллана оладиган болалар учун китоблар ўрин олган.

Ёдимда, Вашингитонга эндигина борганимизда, фарзандимни янги шароит, янги мактаб, янги дўстларга кўникиши жараёнини осон ўтказиши учун кутубхоначидан шу мавзуга доир бирор китоб тавсия қилишини сўрадим. Зиё маскани ходими мактабга янги борганда, янги дўстлар орттириш, ўқитувчи билан дўстлашиш ҳақида юзлаб китобларни кўрсатди.

Кичкина қизим учун тувакка ўргатиш, кийинишга ўргатиш каби китобларни сўраганимда, жажжилар учун белгиланган жавонга йўллади. Жавондан эса жажжи болалар учун ўз кийимини ўзи кийишга даъват этувчи юзлаб китоблар терилганини кўрдим. Яна бир тўпламда болакайларни тувакка ўргатишга қаратилган кўплаб китоблар мавжуд эди, яна бирисида эса соч олдириш унчалик ҳам қўрқинчли эмаслигини содда, тушунарли ва жуда қизиқарли тилда тушунтирилган китобчалар терилган эди. Хуллас, жавонлардаги китоблар ҳам ана шундай тарзда мавзулар бўйича жойлаштирилган эди. Уларнинг бари катта-катта суратли ва ранг-баранг  безаклар билан ишланган оппоқ қоғозларга чоп этилган  рангли муқовали китоблар бўлиб, боланинг ўзи қизиқиш билан томоша қиладиган даражада эди.

Яна бир жиҳати — уйга 50 тагача китоб, 20 тагача аудио ёки видео материалларини олиб кетишингиз мумкин. Таълим соҳасида фаолият юритувчилар учун эса имтиёз берилган бўлиб, соҳа вакиллари 100 тагача китоб олиб кетишлари мумкин. Яна бир яхши жиҳати, кутубхоналарнинг он-лайн хизмати яхши йўлга қўйилган. Қуйида унга оид мисолларни келтирамиз: Китоблар 21 кунга берилиб, агар яна кўпроқ ушлаб туришни истасангиз, уйда ўтирган ҳолда кутубхона сайтига кириб, муддатини яна 21 кунга 10 мартагача узайтиришингиз мумкин. Бу эса заҳиранинг ниҳоятда бойлигини ифодалаб турибди. Китобни топшириш санаси яқинлашганида автоматик тарзда электрон почтага эслатма хабари юборилади.

Айнан бирор мавзудаги китоб керак бўлиб қолдими? Унда уйдан чиқмаган ҳолда онлайн тарзда кутубхона сайтидан керакли мавзуда ва керакли ёшга мос китоб излаш ва сиз учун топиб, алоҳида ажратиб қўйишлари учун буюртма бериш мумкин Бу усул эса вақтингизни тежайди. Жамоат кутубхоналарининг барча бўлимлари бир тизимга бирлашган бўлиб, сиз излаган китоб сиз борадиган кутубхонада мавжуд бўлмаса, бошқа бўлимидан сиз ташриф буюрадиган кутубхонага олиб келиб қўядилар.

Жамоат кутубхоналари сайти турли ўқув материалларига жуда бой. Кутубхонага бормасдан, уйда ўтирган холда матнли, аудио, видео ўқув-илмий материллардан фойдаланишингиз мумкин. Масалан, фарзандингизга нима учун киши терисига ажин тушади, нима учун китлар сув пуркайди, нима учун темир занглайди қаби  саволларга жавобни содда тилда, кўргазмали тарзда тушунтиришни истасангиз, унда марҳамат, кутубхонага аъзо бўлиб, сайтнинг аудио ва видео имкониятларидан фойдаланишингиз мумкин.

Яна бир афзаллиги кутубхоналар  ёш болалар ва ўсмирларга мўлжалланган пуллик маърифий сайтлар билан шартнома тузган бўлиб, кутубхонага ташриф буюрган китобхон ана шу сайтлардан бепул фойдаланиши мумкин.

Шу ўринда яна бир жиҳатни айтиб ўтиш керакки, кутубхоналарда интернет хизматларидан бепул фойдаланишингиз мумкин.

Шунингдек, зиё масканларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши аъло даражада деса арзийди. Кичкинтойларни мутолаага ўргатишга бўлган муносабат айниқса эътиборга молик.  Буларни мутолаа маданиятининг амалиёти дейиш мумкин. Китобхонликни тарғиб қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида узлуксиз равишда болалар ва катталар учун турли мавзуларда тадбирлар уюштирилади.

Масалан, ҳар ҳафтанинг душанбасида икки ёшгача бўлган болалар учун “Эртаклар олами” соати ташкил этилса, ҳафтанинг яна қайси бир кунида 2 ёшдан 4 ёшгача, навбатдаги кунда эса 4-6 яшар болалар учун ташкиллаштирилади. Тадбирларда кутубхона ходимлари болаларга турли ўйинчоқлар ёрдамида эртаклар айтиб берадилар, болалар билан биргаликда қўшиқ куйлайдилар, рақсга ҳам тушадилар. Шунингдек бу ерда қизиқувчилар учун тўқиш машғулоти, компюьтер саводхонлиги дарси, “Келинг, жаҳон маданияти билан танишамиз”, “Ёзишни ўрганамиз”, “Жажжи олим ва олималар”, “Оилавий мутолаа соати”, “Шахмат ўйнаймиз” каби машғулотлар ташкил этилади.  Машғулотларнинг кунлари белгиланган. Белгиланган вақтда мунтазам бўлади. “Оилавий мутолаа” соатида эса  мунтазам келган жажжи китобхонларга ўзиги мос совғалар бериб, рағбатлантирилади. Кутубхонага келган жажжи китобхон мутолаадан чарчаганида ўйинчоқлар ўйнаб бир оз дам олиши, сўнгра яна китоб мутолаасини давом эттириши мумкин.

Умуман кутубхонага келган бола ҳеч қачон зерикиб қолмайди. Кичкинтойларга китобни мажбурлаб ўқитиш мумкин эмас. Такрор-такрор “Китоб ўқиш керак – китоб ўқиш керак” деяверган билан бола китобхон бўлиб қолмайди. Бу жараённи болаликдан бошлаш керак. Бу эса фарзандларимиз билан мунтазам биргаликда мутолаа қилиш, кутубхоналарга етаклаб бориб, китоб олиб бериш ва шу тариқа китоблар билан доимий тарзда “мулоқотда” бўлиш кўникмасини шакллантириш лозим.

Бизнинг кутубхоналарда катталарга, мактаб ўқувчиларига турли тадбирлар бисёр, бироқ мактабгача бўлган болаларга аталган тадбирлар жуда кам. Зеро, мутолаа маданияти кўникмаси  ана шу даврдан мактаб остонасига қадам қўйгунича пайдо бўлиши керак. Ана шунда кичкинтой мактабда ўқишга тезда кўникади.

 Бунинг учун кутубхоналаримиз китоб заҳирасини бойитиши,моддий-техник базасини кучайтириш, маънавий-маърифий ташкилий фаолиятини ҳам янада яхшилаш зарур. Зеро, жажжи китобхонларимиз зиё масканига борар экан, кўнглида яна бориш истаги билан қайтсин.

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.