Кекса аёлнинг ҳикояси: КЕНЖА КЕЛИНни танладим…

0
375
марта кўрилган.

Уч ўғил тарбиялаб, уйлантириб, алоҳида уйли-жойли қилганмиз. Кунларнинг бирида катта ўғлимнинг уйига бордим.

Эрталаб бомдод намозига таҳорат олиш учун келинимдан сув олиб келишини сўрадим. Таҳорат қилдим. Намозимни ўқидим. Қолган сувни ётган ўрнимга тўкдим. Кун ёришганида келинимни чақириб:

– Қизим,  қаричилик! Ўрнимни ҳўл қилиб қўйдим, – дедим узрли оҳангда.

Унинг асаблари бузилди. Энг ёмон сўзларни тўкиб солиб, чойшабларни ювишни буюрди. Бошқа бу ишни қайтармаслигимни талаб қилиб, акс ҳолда уйга қўймаслигини таъкидлади. Чойшабларни ювиб, қуритиб, дазмолладим.

Иккинчи кун ўртанча ўғлимникига бордим. Айни ишни такрорладим. Келиним ўғлимга зарда қилиб, қилган ишимни айтиб берди. Ўғлим унга бир оғиз сўз сўзламади.

Учинчи куни кенжа ўғлимнинг уйига бордим. Ўша ишни яна такрорладим. Келиним тонгда ёнимга келди. Унга ҳам ўрнимни ҳўл қилганимни айтдим. У:

– Ойижон, хижолатга ўрин йўқ, бу оддий ҳол. Гўдаклигимизда биз- фарзандлар  оналаримизнинг либосларини ҳўл қилиб қўярдик. Сизлар ижирғанмасдан тозалардингиз. Ҳеч қиси йўқ, ойижон. Энди навбат бизга келди, энди биз фарзандлар тозалаймиз. – дея, кўрпа — тўшакни  ювиб тозалади. Меҳрибонлигидан миннатдор бўлдим.

– Қизим, бир дугонам мендан унинг  учун узук сотиб олишимни илтимос қилди. Мен бармоғининг ўлчамини билмайман. Унинг қўллари тахминан сизникичалик. Ўлчамингиз нечи? – деб сўрадим.

Ўғлимнинг уйидан чиқиб, тўғри заргарлик дўконига бордим. Бор маблағимга узуклар, тақинчоқлар олдим.

Уйимга ўғилларим, келинларимни чақирдим. Тилла тақинчоқларни уларнинг олдига қўйдим. Бўлган воқеани баён қилдим. Мен кўрпа — тўшакни ҳўллаб қўймаганим, синов учун сув тўкканимни айтдим. Тиллаларни кичик келинимнинг қўлларига тутқазиб:

– Қарилик пайтимда хотиржам суянишим, бирга яшашим мумкин бўлган қизим – кичик келиним. Қолган умримни у билан кечираман, – дедим  икки катта ўғлимга қараб, – худди шу кундагидек надоматга тайёр туринг! Чунки, сизнинг менга муносабатингиз албатта, фарзандларингиздан қайтади. Мен сиз иккингизга чиройли тарбия бераман деб ҳаракат қилганим, заҳмат чекканларим бесамар кетганидан афсусдаман. Инша Аллоҳ сизларнинг укангиз ўз аҳли ила бу дунёда масрур яшаб, Роббисига ёруғ юз билан йўлиқади. Афсуслар бўлсинки, сизлар онангиз қадр — қийматини аёлингизга билдира олмагинингиз учун бундан маҳрумсизлар! Ҳар қандай вазиятда қўлларингни қўйиб юбормайдиган яқининг бўлиши бахт экан…Буни мени ёшимга етганда тушинасизлар…

Насиҳат учун, сабоқ учун бу гапни айтдим-у яна Аллоҳга мурожаат қилиб  ич-ичимдан йиғлаб, уларни кечиришни, сўзларим қарғишга айланмаслигини, уларга меҳр-оқибат, инсоф-тавфиқ  ином этишини илтижо қилдим. Бошқа нима ҳам қилардим, онаманда. Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё, дея ота-боболаримиз бежиз айтишмаган.

Дилдора МАВЛЯНОВА тайёрлади. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.