Мадинаи мунаввара зиёрати

0
285
марта кўрилган.

Мадинаи мунавварага юзимиз тушганидан-оқ, Салавоти Иброҳимияни гуруҳимиз билан жўр бўлиб айтдик. Мадинаи мунавварада уч кун турдик, «Равзатул жаннат»да гуруҳимиз билан  намоз ўқиш бахтига муяссар бўлдик. Уч кун Масжиди Набавийга зиёрат қилдик.  Биз тушган меҳмонхона Масжиди Набавий зиёратгоҳининг ёнгинасида эди. Беш маҳал  намозга чиқиб келиш имконияти борлигидан биз янада хурсанд бўлдик.

Қўлимизда барча зиёратчиларга  давлатимиз томонидан берилган муфтий Нуриддин домла Ҳолиқназаровнинг  “Умра – улуғ амал” китоби. Ўқиган сари ўқимоқ истайсиз. Унда шундай сатрлар битилган: Эй, имон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан баланд кўтарманг ва унга бир-бирингиз билан сўзлашгандек баланд сўзламанг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин. Албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатганлар – ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Уларга мағфират ва буюк ажр бордир” (Ҳужурот  сураси, 2-3-оятлар). Қуръони каримда таъкидланганидек, равзаи мунавварада минглаб умматлар зиёрат қилаётган бўлса-да, гўзал сукунат ҳукмронлик қилар ва зиёратчилар юзи кўзида самимийлик, осойишталик ифодалари!  Ўнг оёқни ташлаб, дуолар ўқиб кирган сари киргинг келади, вужудинг нурларга тўлади, қалб осойишталигини ҳис қиласан…

Саҳарлаб бомдод намозига чиқдик. Ассалому алайкум ва рахматуллоҳи ва баракатуҳ, дея масжиди Набавияга ўнг оёқ билан қадам ташладик. Намозларимизни ўқиб олдик. Яна икки ракат намоз ўқиб, фарзандларимнинг саломини етказдим. Яна икки ракат намоз ўқиб дўстларимнинг саломларини  етказиб, илтижо қилдим. Боқий оламга ўтган ота-онам, ака-укаларим, ўзимдан икки ёш катта бўлган 18 ёшида вафот этган опагинамнинг  охиратини сўраб, дуолар қилдим. Аллохимнинг ўзи дуоларимизни қабул этсин. Кўнглимиздагини, дилимиздагини Аллоҳим ижобат килсин. Ўзи кўргувчи эшитгувчи, билгувчи!

Шу куни Мадинаю мукаррамада қурилган биринчи масжидни, мушриқлар билан жанг бўлган Ухуд тоғини ва пайғамбаримиз хуш кўрган хурмозорга саёҳат уюштирилган эди. Масжиди Набавийдан меҳмонхонага келсак ҳали автобус келмаган экан. Уйга кириб кийимларимни ўзгартираётсам, эшик тақиллаб қолди. Ҳамхонам келди, ўзи очиб киради, дея ўйладим. Бироқ, кирмади. Калитини йўқотиб қўйибди деб ўйладим ва кийиниб бўлгач, эшикни очсам ҳеч ким йўқ. Пастга тушсам, автобус жўнаб кетибди. Мени йўқлаб келишганини тушиндим.

 Сўнгра,  Ўзбекистон ва Арабистон байроғи турган стол ёнига яқинлашдим.  У ерда ўзбек тилини биладиган бир пайтлар келиб қолган ўзбекларнинг авлодлари ишлайди. Ўзбекистондан келган зиёратчиларнинг раҳбарияти билан телефон орқали улашини сўрадим. Шавкат деган вакил билан уладим деди вакил. Мақсадимни тушинтирдим. “Ўзингиз ишонган, ўзингиз билган бирор таксига чиқариб юборсангиз” дея илтимос қилдим. Ҳозир элликбоши билан гапиришай опа дея жавоб қилди у.

 – Опа, бугунги уюштирилган саёҳат Умра зиёратига кирмайди. Гуруҳдошларингиз режалаштирилган биринчи масжид билан танишиб бўлиб, иккинчи саёҳатга йўл олишаётган экан. Етиб борганингиз билан битта саёҳатни ўтказиб юборасиз. Яхшиси сизни эртага бошқа гуруҳ билан қўшиб юбораман.

 –  Эртага биз Маккаю мунавварага кетамиз-ку.

– Обеддан кейин кетасизлар унгача саёҳатдан келасиз, – дея тушинтирди. Эртасига элликбошимиз мени нариги гуруҳ жўнайдиган меҳмонхонага кузатиб қўйди. Шавкатжон билан таништирди. Кутиб турган экан хурсанд бўлдим. Учтепа туманининг имоми саёҳатдош гуруҳимнинг элликбошиси билан таништирди. Қайтгач, яна ўзимнинг ёнимга олиб келасиз, дея тайинлади. Мамлакатимиз вакилларининг жонкуярлигидан, ҳар бир зиёратчига эътибори катталигидан жуда хурсанд бўлдим.

Пайғамбаримиз Мадинага келгач, қурилган биринчи масжидга зиёратга бордик “Пайғамбаримиз туяси чўккан жойда биринчи масжид қурилганлиги ҳақида биз таржима қилган “Қисаси Рабғузий” асарида ёзилган эди. Элликбоши таъкидлаганича, дастлабки масжид бузилиб кетиб ёнидан янгиси  қурилган экан. Элликбоши масжид ҳақида гапираётганда, масжид нозималари аёлларни олиб кетиб, чор атроф билан таништиришди ва намозгоҳга бошлаб боришди. Бироқ улар имо- ишора билан гапиришарди. Чунки, йиғилган аёллар турли мамлакат зиёратчилари бўлиб, биз араб тилини билмаймиз улар бизни тилни. Биттагина гид – аёллардан ҳам саёҳатбоши бўлганида янада яхши бўларди. Мен-ку қаерга келганимни билдим, тушундим, бироқ ҳамма борган жойини англаши, билиши керак, деб ҳисоблайман.

Баланд-баланд минорали, оппоқ сутдек мармарлар билан жило берилган, зиёратчиларга таҳорат учун  барча шароитлар яратилган масжидда икки ракат намоз ўқиб, саёҳатимизни давом қилдирдик.

Ундан Ухуд тоғига ўтдик. Элликбоши тарихий жой ҳақида, Ухуд жанги ҳақида маълумот берди. Қадамжойда  “Қисаси Рабғузий” асаридаги манзаралар кўз олдимда қайта жонланди.  Ухуд жангида пайғамбаримизнинг тиши сингани, оёғи лат егани, амакиси Ҳамза қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ва Абу Сўфённинг хотини Ҳинд унинг қорнини ёриб, бағрини чайнагани, ислом йўлида кўплаб саҳоба ва ансорлар жон фидо қилгани бир-бир кўз олдимдан ўтди.

Бир пайтлар катта жанг бўлган даргохда  бугунги кунда тинчлик рамзи каптарлар инсон қўлидан дон еб юрибди. Гўё улар шохидларнинг руҳидек туюлди, менга. Шоҳидларнинг жойи жаннатдан бўлиб, охирати обод бўлсин. Бир чеккага ўтиб, тиловат қилиб, шоҳидларга бағишлаб юбордим.

Учинчи саёҳатимиз  хурмозорлар билан танишув эди. У ерда Араб Бирлашган амирлиги  билан Туркия мамлакатининг байроғи осиғлик экан. Демак, осмон билан беллашаётган улуғвор хурмо дарахтлари, хурмозор боғлар ва  хурмо  бозори ҳамкорликда яратилган экан. Кўпчилик хурмони кўрмаган. Улуғвор кўркам боғда эсдалик учун сувратга тушяпти. Афсуски, хурмолар йиғиб олинган пайт экан.  Бозорчада хурмонинг турфа турларини томоша қилиш билан бирга Қуръони каримнинг турли шаклда чоп этилган, турли тилда изоҳланган нусхаларини топиш мумкин эди. Жойнамоз-у тасбеҳларнинг ҳам турфалиги саёҳатчиларни қизиқтиради. Айниқса, пайғамбаримиз хуш кўрган ажва  номли хурмонинг турли  катталикдалигини топиш мумкин эди. Ҳа, дунёнинг ажойиботлари кўп. Олмадек келадиган ажванинг қуритилганлари ҳам сотилаётган эди.

Яна шуни таъкидлаш керак-ки, онасини ниятига етказиш мақсадида аравача олиб юрган юртдошларимизга тасаннолар айтдик.

Шу билан саёҳатимиз тугаб, эрталаб жўнаган меҳмонхонамизга қайтиб келдик. Шавкатжон кутиб турган экан, (Аллоҳ ундан рози бўлсин) бир вакил қўшиб берди, ўз меҳмонхонамга етиб келдим. Эшик тагида ўзимизнинг элликбошимиз кутиб турган экан, унга топшириб орқасига қайтди. Барчасидан Аллоҳ рози бўлсин. Дуоларимизни Аллоҳ ўз даргоҳида қабул айласин! Аллоҳим, қутлуғ даргоҳларга, Қуръони карим нозил бўлган шаҳарларга,    Арши аълонинг тагида жойлашган, Арши аълонинг сояси – КАЪБАИ муаззамага, «АЛЛОҲНИНГ ЕРДАГИ УЙИ»- деб айтиладиган муқаддас даргоҳларга етказганингга шукроналар айтамиз!

Р. ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 Муаллиф олган фото суврат

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.