Маънавий ганжина -Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигига

0
835
марта кўрилган.

         Янги йўл, янги поезд. Қамчиқ довонида бунёд этилган темир йўл орқали пўлат карвонда, гўзал тоғ манзараларидан баҳраманд бўлиб сўлим водийга боришни, гўзалликни кўришни ҳар бир юртдошимиз қатори мен ҳам иштиёқида эдим. Бир йил аввал  Андижонда Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллигини нишонланиши умидимга қанот бағишлади. Бир гуруҳ ижодкор-у олимлар Андижонга Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллигини нишонлашга бориш учун Тошкент Андижон поездига чиқдик.

Поезд улкан қоялар оралаб елиб боради. Оппоқ қор билан қопланган даралар, арчазорлар, улуғвор дарахтлар ҳайратингга ҳайрат, қувончингга қувонч қўшади. Поездга монанд ёнма-ён равон  авто магистраль йўл ўтган. Ўзбекистоннинг турли русумдаги машиналари гўё поезд билан беллашаётгандек учиб боради. Равон йўллар, обод қишлоқлар, юртимизда тоборо кўпайиб кетаётган намунали уйлардан иборат маҳаллалар кўзни қувонтиради.

Вагондаги осойишта муҳит, қулай шарт-шароит сафарга маъно, вужудга ором бағишлайди. Вагон хизматчиларининг хуш муомаласи, илтифотидан кўнгил хушнуд бўлади. Элимиз одамларининг мақтаганича бор экан. Поезд озода, саранжом саришта, Ўтирғичлари ҳам худди самолёт креслоларидек, уни силжитиб қулай жойлашишингиз, ором олишга мослаштиришингиз мумкин. Фақат самолёт креслоларидан кенгроқ ва оёғингиз шишиб кетмаслиги учун уни бироз кўтариб ўтиришнинг ҳам имконияти мавжуд. Бу айниқса кекса одамлар учун жуда қулай. Столга бугун чоп этилган, ҳали бўёқ ҳиди кетиб улгирмаган газеталар қўйилган. Одамларнинг хавфсизлигини назорат қилиб бориш мақсадида ҳар бир вагонга милиция ходимлари-қўриқчилар белгиланган. Вагон хизматчилари ҳам қўли кўксида бўлган йигит- қизлар водийча мулозамат ва ҳалмлиги билан дилингизни хушнид этишади. Айнан шу хусусиятлари борлиги учун ҳам мудом самолётда юрардим. Бу сафар бугунги поездлар ҳам чакки эмас экан деб қўйдим. Ён ўриндиқда ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган нуроний онахон кумуш маржон таққан дарахтларни, қор қоплаган атроф-оламни кузатиб бораётиб, беихтиёр сўз очади:

  • Авваллари бундай қуюқ қор ёққанда давондан ўтиб бўлармиди?! Яратганга шукр, ватанимиз эришган шундай ютуқларни, ажиб-давру давронни кўрдик… Бир пайтлар бу довондан ошиб ўтиш амри-маҳол эди. Йўлни қор босиб, кунлаб совуқда қолиб кетган кезларимиз бўлган.
  •  Поезд ўриндиғининг қулайлигини айтмайсизми, бемалол чордона қуриб ўтирса бўлади. – унинг сўзига жавоб қайтарди ёнидаги отахон.

Хушрўйгина вагон хизматчиси кекса йўловчиларнинг суҳбатини бўлиб қўйганидан хижолат тортиб, илтифот билан “чанқоқбосди” учун ичимлик таклиф қилди:

– Мен кўп чой ичаман, қизим, оғринмайсизда, – деди онахон жилмайиб.

  • Бувижон, сиздек дуогўй бобо-бувиларга хизмат қилиб ҳоримаймиз, бемалол айтаверинг, ҳали замон иссиқ овқат ҳам бераман – қизнинг юзида самимий табассум югурди…

Ким телевизор кўряпти, кимдир китоб ўқияпти. Кимдир шахмат-шашка ўйнаяпти. Кимдир кўзини юмиб ором оляпти. Вагонни осойишталик, йўловчиларини дўстона кайфият, ўзаро самимият чўлғаб олган.

Албатта, бу янги йўналишда янги поездларнинг ва ундаги қулайликлар-у намунали хизмат кўрсатишнинг самарали йўлга қўйилгани, бир сўз билан айтганда Мустақил Ўзбекистон шарофати эди.

  Андижон.  Андижонликлар азал-азалдан зиёга интилувчан, мутолаани хуш кўрувчи кишилардир. Ўқиш-ўрганиш, интилиш бор жойда маънавият, маърифат, пировардида, юксалиш бўлади. Айни шу салоҳият туфайли мустақилликнинг ўтган йигирма олти йилида вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича ўзига хос тажриба тўпланди. Автомобил заводи, кўплаб қўшма корхоналар ишга тушди. Ўзига хос архитектура асосида бунёд этилган муҳташам иншоотлар, обод кўчалар, маҳаллаларни айтмайсизми?!

  Барча вилоятлар қатори ривожланиш ва равнақ йўлига кирган  Андижонда ободлик кундан кунга ошиб, меҳнат завқу-сафоси дилларни хурсанд қилмоқда. Вилоятдаги хайрли ишларни биргина Бобур номидаги жамоат фонди мисолида ҳам кўриш мумкин.

   Бобур номидаги фонд. Бугун мамлакатимизда олти мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритаётган бўлса, улар орасида давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаб, юрт тинчлиги, эл фаровонлиги, халқлар дўстлиги, қадимий гўзал қадриятларимизни тиклаш йўлида муносиб меҳнат қилаётган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, геология фанлари номзоди Зокиржон Машрабов етакчилигидаги ташкилотнинг ҳам алоҳида ўрини бор.

Поезддан тушганимизда, Бобур номли хайрия фонди деб ёзилган машина бизни кутиб олди. Ташкилотга қарашли меҳмонхонага элитиб қўйди. Мўъжазгина меҳмонхона унинг ҳовлиси, ошхонаси шоир, ҳукмдор ва моҳир саркарда Бобур таваллудининг 534 йиллиги муносабати шарафига гуллар билан безатилган.  Алломанинг сийрати ва сувратини ифодалаовчи шиорлар байрамона кайфият бағишлайди.

Афғонистон, Тошкент, Фарғона, Наманган, Қорақалпоғистондан бир гуруҳ меҳмонлар  ташриф буюрган. Ташкилот фаолиятининг кўлами кенг эканини, унинг қошида бунёд этилган Бобур музейи, кутубхона, “Бобурнома” асарида тилга олинган ўсимликлардан иборат Чорбоғ мисолида кўриш мумкин. Ташкилот турли хайрия тадбирлари уюштириш, шоир меросини Ўзбекистон ва жаҳон олимлари билан биргаликда чуқур ўрганиш, асарларини жаҳоннинг турли тилларига таржима қилиш, чоп этиш каби эзгу ишларга ҳомийлик қилиб келмоқда. Шу билан бирга, юртимиздан етишиб чиққан, жаҳон тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк зотлар меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, халқаро экспедициялар уюштириш каби хайрли ишларга бош-қош бўлмоқда.

 Андижон шаҳридаги 300 гектарлик “Бобур боғи”ни ободонлаштириш, ушбу масканни аҳолининг маданий -маърифий дам олиш ва кўнгил очар гўшасига айлантириш, тадбирлар уюштириш саъй -ҳаракатлари ҳам таҳсинга лойиқ.

  Бобурга аталган гуллар. Андижон шаҳрининг марказий майдони! Тадбир Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг ҳайкали пойига гулчамбарлар, гулдасталар қўйиш маросимидан бошланди. Майдонга минглаб кишилар йиғилган. Кетма-кет гапиришаяпти. Мен от устида мардоновор ўтирган сийратни меҳр билан кузатаман. Унинг бир қўли ўзбекона тарзда кўксида, иккинчи қўли қиличининг сопида. Салласининг олд қисмида парқу, орқа томонида салланинг учи учиб  шамолда пирпираб турибди. Унинг мағрур ва шиддатли қиёфаси, кўксини шамол-у довулларга тутган инсоннинг намунали ҳаётини ифодалаб турибди. Уни диққат билан кузатаётганимни кўриб,  Дилором Ёрматова ушбу ҳайкал яратилишининг ташаббускори ва ҳомийси ҳам Зокиржон Машрабов бошлиқ фонд бўлганлигини таъкидлади.

  Турли ташкилотлардан пойига қўйилган саватдаги гулчамбарлар ўн тўққизта бўлибди. У Андижонни тарк қилганида айни шу навқирон ёшда эди. Бу тасодифмикан!  Аслида у ҳаётининг энг навқирон даврларини ўзга юртларда ўтказган бўлсада,  киндик қони тўкилган юртни қўмсаб, унинг донғини оламга таратиб, ўзининг юртига хос анъаналарни тарғиб-ташвиқ қилиб  яшади.

Қабри она юртига яқин бўлишини истаб, жисмини ўз империясининг бир ҳудуди бўлган Қобулга қўйилишини васият қилган. Аввало унинг қабри ўзи вафот этган Аграда бўлган.  Сўнгра васиятига кўра Қобулга олиб ўтишган. Фонд эса деярли беш юз йил ўтиб, унинг ич-ичида қолиб кетган орзусини амалга оширди. Қобулдаги мақбарасига ўхшаш Андижонда рамзий мақбара бунёд этиб, у ерга Қобулдаги қабридан келтирилган ҳокни сочди. Фонддан, юртдан, элдан Бобурнинг руҳлари шод бўлсин.

  Конференция. Буюк бобокалонимиз Бобур таваллуди муносабати билан халқаро конференция ўтказилди. Тадбир ўтказиладиган жой шоир, ҳукмдор ва моҳир саркарда шарафига гуллар билан безатилган. Фонд аъзолари Мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг “Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади” деган сўзларини ўзларига шиор қилиб олишган.

Фонднинг манзилгоҳида Бобур номидаги кутубхона, маданият ва маърифат маркази ва музей мавжуд бўлиб, халқаро экспедиция вақтида олиб келинган кўплаб қадимий қўлёзмаларнинг нусхалари сақланмоқда. Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги ва фонд ташкил этилганлигининг 25 йиллигига бағишланган конференцияда бобуршунос олимлар, шоирлар, мухлислар иштирок этишди. Тадбирни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али кириш сўзи билан очди. Мамлакатимиз  президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон аҳли билан бўлган учрашувда  Бобур ҳақида айтган фикрлари экран орқали намойиш қилинди.

Ўша учрашувда Президентимиз шоир шахси ҳақида гапириб, унинг номи билан аталувчи боғни янада сўлим гўшага айлантириш, Бобур ижоди ва фаолиятига оид халқаро конференциялар уюштириш лозимлиги хусусида алоҳида кўрсатмалар берди.

Зокиржон Машрабов анъанага кўра ўтган бир йил ичида фонд томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Шунингдек, фонднинг ташкил этилиши, халқаро экспедиция фаолиятига йигирма беш йил тўлиши  муносабати билан ўтган чорак асрда босиб ўтилган йўлга ҳам назар ташланди, келажак режалари хусусида сўз юритилди. Жумладан, ЮНЕСКО ташкилотига Андижон шаҳрининг 2500 йиллигини тасдиқлаш учун маълумотномалар юборилгани таъкидланди.

Ҳисоботни тинглаб, фонд амалга ошираётган ишлар ниҳоятда кенг қамровли ва таҳсинга сазоворлигини ҳис қилдим.  Сўнгра Бобуршунос олимлар бир-бир сўзга чиқишди. Шоир асаридан намуналар ҳамда Бобурга аталган замондош шоирларимизнинг шеърлари янгради.

Уларга қулоқ тутиб зални кузатаман. Мажлислар залининг тўрида Амир Темур ва  Бобур ҳаёти ва фаолияти акс этган иккита рангли понно турибди. Тасвирнинг бирида  Амир Темурнинг Испания элчиси Клавихони қабул қилаётган соатлари акс эттирилган. Уч зинопоя орқали шоҳсупага чиқилади. Супанинг орқа томони миллий безаклар билан жилоланган. Шохсупа устидаги маҳобатли тахтда ҳукмдор невараси билан ўтирибди. Саккиз ёшлар чамасидаги шохзоданинг салласида товусдан иккита парқу. Ён атрофида вазирлар, ясавуллар, мирзолар ифодаланган.. Тахт рўпарасида турли мамлакат элчилари тасвирланган бўлиб, улардан бири Клавихо тавозе билан ҳужжатнома узатаяпти.

Иккинчи рангли тасвирда Бобурнинг халқни қабул қилиш манзаралари, улар билан мулоқот даври акс этган. Иккала сувратнинг чор атрофи шарқона нақшлар билан безатилган.

Албатта бу манзаралар йиғилиш қатнашчиларига кўтаринки кайфият бағишлайди. Беихтиёр шоир, моҳир саркарда ва шоҳ Бобурнинг фаолиятини кўз олдингизда намоён қилиш билан бирга Амир Темурнинг невараси эканлиги ҳақида ҳам маълумот беради.

 Конференцияда афғонистонлик олим Азимулло Орол сўзга чиқиб, Бобур саркарда, шоҳ, шоир бўлиш билан бирга, ўсимликшуносликка, табиатни асрашга, миллатларнинг урф-одатларини ўрганишга, тарихни билишга муносиб ҳисса қўшганлиги, жумладан, “Бобурнома” асарида лоланинг 18 тури борлигини тилга олгани, бугунги кунда ундан ўн тури фанга маълум эканлигини таъкидлади. Фонд томонидан ташкил этилган халқаро экспедиция аъзолари шоир изидан бориб, Афғонистонда муқим макон топган кўплаб буюк инсонларнинг қабрини тиклашдек, улуғвор ишларни амалга оширганлигини фахр билан тилга олди.

Конференция охирида З.Машрабов бобуршунослик соҳасида муносиб саъй-ҳаракатларни амалга оширган кишиларни, олим-у ижодкорларни фонд номидан рағбатлантирди. Шунингдек, ҳозиргача халқаро Бобур мукофоти билан ўттизга яқин жаҳон ва юртимиз олимлари тақдирланди.       

Бобур монголми?  Жаҳон адабиётида Бобур монгол миллатига мансуб деб тилга олинади. Ҳиндистонга, Европага борган ўзбеклар бу адашувларни эшитганида ажабланишади. Зокиржон Машрабов ана шу қарашларни  Ўзбекистон ҳукумати ва олимлар билан бирга ўзгартиришга интилаяпти. Ўтган йили Ҳиндистонда “Чингизхон ва Амир Темур” номли конференция бўлиб ўтди. Зокиржон Машрабов халқаро конференцияда чиқиб Бобур монгол эмаслигини исботлаб берди. Шунингдек, Бобур Андижонда туғилганлиги, тахтга ўн икки ёшида ўтирганлиги, “Бобурнома” асари қадимий туркийда ёзилганлиги ҳам буни исботлаб турганлигини таъкидлади. Шундан кейин монгол олимлари бу масалани ўргангани юртимизга келганлиги айтилди. Тарихий ҳақиқат қарор топиб, ўтмишдаги чалкашликлар барҳам топишига фонд муносиб ҳисса қўшиб келяпти.

  Бобурни ўрганиш. Фонд шоир ва тарихнавис Бобур асарларини излаб топиш ва юртига қайтариш учун Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Саудия Арабистони, Россия, Қозоқистон каби кўплаб мамлакатларга 25га яқин халқаро экспедициялар уюштирди. Самарали натижаларга эришди. Бобур ва бобурийларга оид тўрт юздан ортиқ китоб, альбом, асарларнинг қўл ёзма нусхаларини ва ҳатто тошбитикларни келтириб, Бобур боғидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейига тпширдилар. Уларнинг кўпчилиги илмий ўрганилмоқда. Фонднинг моддий ва маънавий кўмагида элликдан ортиқ мумтоз адабиётлар она тилимизга таржима қилиниб чоп этилди.  Улар асосида  уч марта Бобур ва бобурийлар библиографияси тузилди ва чоп этилди. Энг йирик ишлардан яна бири Россия Фанлар академиясининг Туркология институти бин ҳамкорликда Москвада чоп этилган “Захриддин Мухаммад Бобур. Бобуриды. Библиография” асаридир. Унда 6684 та мақола, эссе, илмий ва бадиий асарлар рўйхати шарҳи  билан келтирилган.

Ўтган йигирма беш йилда тарихшунос олима ва хонзода, Бобурнинг синглиси Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асари форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди ва йилнинг энг машҳур асари номига сазовор бўлди. “Бобурнома”нинг қомусий луғати яратилди. Араб тилида сўзлашадиган йигирма икки мамлакатга рус олимаси таҳлилидаги “Бобурнома” асари ўз тилида етказилди. Шунингдек, математика фанлари доктори Абдулла Аъзам муҳаррирлигида “Заҳриддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” икки марта нашр қилинди. Шунингдек, Бобурийлар яратган асарларнинг библиографияси инглиз тилида чоп этилди. Ундан 150 та нусха келтирилиб, юртимиздаги барча олий ўқув юртларига, кутубхоналарга тарқатилди.

Бобурнинг холаваччаси Ҳайдар Рашидийнинг “Тарихий Рашидий ” асари  ўзбек тилига ўгирилиб, чоп этилди. Шунингдек, Алишер Навоийнинг 14 жилдли китоби 14 тилда чоп этиляпти. Бу ишни амалга ошириш 10 йилга мўлжалланган. Унинг дастлабки жилдлари конференцияда кўрсатилди.

Фонд шу йил май ойида жаҳон олимларини жамлаб, “Жаҳон маданиятида Бобурийлар сулоласининг тутган ўрни” деган мавзуда халқаро конференция ўтказишни режаштиришмоқда.

Индонезия, Гонконг, Малайзияда Бобур ҳаёти ва ижодини тарғиб-ташвиқ қилиш масаласида элчихона билан келишиб олинди.  “Бобурнома” асарида 18 йил мужассамлашган. Албатта,  бунинг қолган қисми ҳам бўлиши керак деган мулоҳаза бор. Шунингдек,  тарихий манбаларда Бобурнинг “Мусиқа сирлари” китоби мавжудлиги ёзилган бўлиб, ҳамон у топилмаганлиги ҳам таъкидлади Ўзбекистондаги барча кутубхоналар ўрганилиб чиқилди. У қаерда?! Шу саволга жавоб топиш керак деган фикрлар ҳам таъкидлади. ҳисоботда Зокиржон Машрабов

Фонд раиси “Бобур” видиофильмидаги тасвирларда Ҳиндистондаги воқеалар Кримда олингани, уни ўз жойида олиш ва уч қисмли видио фильм яратиш керак деган фикрни ҳам айтиб ўтди. Албатта, улар амалга оширган ишлар ҳам ва  келажак учун режалар ҳам бисёр. Фонд самарали фаолият олиб бораётганини хорижлик бобуршунос олимларнинг фикри ҳам ифодалаб турибди.  Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган 2013 йил Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманда жаҳоннинг машҳур бобуршунослари япониялик Эйжи Мано, германиялик Клаус Шониглар X1X асрда Ғарбий Европада шакллана бошлаган Бобуршунослик илми Ўзбекистонга кўчганлигини, Ўзбекистонда бобуршунослик маркази пайдо бўлганлигини мамнуният билан эътироф этдилар.

Буюк зотлар изидан. Ташкилот аъзолари буюк аждодларимизнинг қабрларини излаб топиш, аниқлаштириш билан бирга, қаровсиз қабрларни тиклаш, атрофини ободонлаштиришдек савобли ишлар билан ҳам шуғулланишяпти. Алишер Навоий, Абу Райхон Беруний, Боборахим Машраб, Лутфий, Али Қушчи,  Ал Хоразмий(Боғдодда),  Ҳайдар Рашидий(Кашмирда), рассом Беҳзод каби  кўплаб алламоларимизнинг боқий оламга муқим қўним топган жойларини аниқлаштиришди.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, олима ва ёзувчи Дилором Ёрматова шундай дейди: – Бир куни тунда телефоним жиринглаб қолди. Хориждан Зокиржон Машрабов экан.  Улар  Қўқон хони Худоёрни қабрини топишганини, унга мармартош қўйиш учун таваллуди ва вафотини аниқ айтиб юборишни тегишли мутахассислардан сўраб аниқлаштиришни илтимос қилди ва уларнинг телефонларини берди. Бу Худоёрхон қабрини топиш ва ободонлаштиришдаги дастлабки қадамлар эди. Айтган олимларини топиб, маълумотни аниқлаштириб турсам яна телефон жиринглаб қолди. Зокиржон ака ана шундай тезкорлик ва масъулият билан ишлайди.

Шунингдек, фонд раиси Абу Райхон Беруний хокини Ватанимизга келтириб, унинг туғилган юрти Берунийга топширди. Ушбу саъй ҳаракатлари учун “Қорақалпоқистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлди.

Ибрат гули. Ўтган йили нуроталик сангтарош ёрдамида Кобулдаги Алишер Навоий, Лутфий, Беҳзод, Қўқон хони Худоёрхон қабрига мармартош қўйилиб, атрофи ободонлаштирилиб, 2150 та кўчат экилди. У ерда гўзал боғ барпо этилиб, бу хайрли ишга маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам жалб қилинди.Ўн беш-йигирма киши вақтинчалик иш билан таъминланди. Афғонистон ҳукумати вакиллари бу саъй-ҳаракатларни кўриб, “Ўзбекистон Афғонистон учун ибрат гулини, маънавият нурини сочиб кетяпти” дея ўз миннатдорлигини  билдирдилар. 

Кенг қамровли ижодий фаолият. Дилором Ёрматова иссиқсевар ўсимлик зайтунни Ўзбекистон тупроқига, иқлимига, умуман шароитга мослаштириб кўпайтириш фикрини кўтариб чиқди. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукуматидан лойиҳа ҳам олди. Аввало, Сурхондарёдаги фермер хўжалигида ўстириб кўрди. Бир қишдан чиққандан кейин ушбу хўжаликка борса, новдалари кесиб олинган, зайтун дарахтлари фақат таёқ бўлиб қолган экан. Нима бўлди, деб фермердан сўраса, одамлар ниҳол сўраб келишганди бўлиб бериб юбордик дея жавоб берган. Олима илмнинг қадрига етадиган одамларни излай бошлади. Зокиржон Машрабовни ана шу муносабат билан йўқлаб борди, учрашиб фикрини тушунтирди.

– Менга Бобурнинг «Бобурнома» асаридан зайтун ҳақидаги фикрларини ва зайтун ўстириш ҳақидаги олимларнинг китобларини олиб келинг,– деди фонд раиси.

Олима архив титкилаб, зарур маълумотларни турли хил олимларнинг китобларини топиб, олиб борди. Шундай қилиб зайтунни экишни бошлаб юборишди.

– Ҳамкорлигимиз ёмон бўлмади. Юринг ўз кўзингиз билан кўринг,– дея мени боғ сари бошлади Дилором опа.

Мен Бобур боғида гуркираб ўсиб турган зайтун дарахтларини кузатиб, ҳайратландим. Дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган зайтунлар қиши қаттиқ  юртимизда ҳам баргини тўкмасдан мана мен деб турарди. “Дарахт нихоллари уч қишни кўрди, юртимиз иқлимига, тупроқига ўрганишди”, дея хурсанд бўлади Дилором опа. Олима юзлаб зайтунни кузатиб, баргини сийпалаб, ўз фарзандининг камолини кўрган онадек хурсанд бўларди. “Буларга алоҳида парвариш керак. Шунинг учун Зокиржон ака зайтунларга қарайдиган деҳқонларни ажратган. Мен уларга  парваришлашни ўргатиб, ишларини кузатиб бораман. Илмнинг қадрини ҳамма ҳам билавермайди, шунинг учун ҳам у кишига ҳурматим баланд”– дейди Дилором Ёрматова.

Иссиқхонада ўстирилаётган зайтунлар билан ташқаридаги зайтунларни солиштирамиз. Пленка остидагилари уч йилда жуда баландлаб кетган. Шундан ҳам уларнинг иссиқсевар эканликларини билиш мумкин. “Бироқ, ташқаридагилари ҳам тутиб кетди. Баргларини ушлаб кўринг. Иссиқ ўлкаларда булар арчалардек ёзин-қишин баргини тўкмайди, Бизда ҳам шундай турибди. Шохчаларининг учини қайириб кўринг, у инграйди, чунки тирик”–дейди фикримни уққандай Дилором опа.

Мен ҳам Дилором опа авайлаб ушлаганидек ушлаб кўраман. Фонд фаолияти жуда кенг қамровли эканлигига тан бераман. Беихтиёр Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Алининг тантанани очаётганида айтган сўзларини эслайман. ”Кишида исътедод-у юртга меҳр-муҳаббат бўлса, элга нафи тегадиган кўп иш қилиши мумкинлигини Зокиржон ака мисолида кўриб турибмиз”. Дарҳақиқат,  бу  айнан Зокиржон Машрабов учун  ўз ўрнида  топиб, айтилган сўз эди.

( Ушбу мақола «Соғлом авлод» газетасида 2017 йил 9-сонида қисман чоп этилган)     

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист     

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.