Таҳририятдан: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида «Дўстлик» ордени соҳибаси, шоира Фарида Афрўз ижодига бағишланган матбуот анжумани ва китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Шоиранинг 4 жилдлик — бадиий адабиётнинг тўрт йўналишини ифодалаган «Сайланма» китоблари анжумон қатнашчиларида қизиқиш уйғотди. Тадбир савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Иккинчи босқич тадбирда эса Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғофуров, профессор ва ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, “Жаҳон адабиёти” бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар сўзга чиқиб, шоира ижоди ҳақида ўз фикрларини ифодалашди.
Қуйида ЎзА да шоира ижодига бағишлаб ёзилган филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шуҳрат Ҳайитовнинг адабиий шарҳини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
*** ****
Адабиётда турли қоидалар, мезонлар бор. Аммо шоир қалби қоидаларга кўпам бўйсунавермайди. У юрак амри билан ёзади. Энг муҳими, бундай ижодкорларнинг ижоди замонлар ўтсада ўқилаверади, қалбларда мангу яшаб қолади. Назаримизда, Чўлпон, Усмон Носир, Рауф Парфи каби бетакрор шоирлар ижоди бунга мисолдир. Адабиётимизда буюклар силсиласини давом эттираётган ва ўз йўналиш, услубини яратган ижодкорлар кўп. Ана шундай ўз йўналиши, сўзи ва услубига эга бўлган замонамиз адабий сиймоларидан бири Фарида Афрўздир.
У 1956 йилнинг 5 мартида Фарғона водийси, Учкўприк туманининг Хонхўжа қишлоғида дунёга келган. Қўқондаги 10-ўрта мактабда таълим олган. Сўнг Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институтини тамомлаган. Фарида Афрўз Румий, Алишер Навоий, Нодира ва Увайсийлар қатори Бобур ижодини севишини айтади. Бу севги унинг шеърларида ҳам кўринади. У шеър ёзишни машқ қилишда ҳам Бобурга тенгдошдир. У ҳам ўн бир, ўн икки ёшларида шеърлар ёза бошлаган. Шоиранинг шу пайтга қадар “Қирқкокиллигим”, “Изтироб кўйлаги”, “Тунлар исёни”, “Кўзим маним”, “Ўзимдан ўзимгача”, “Ушшоқ”, “Тасбеҳ” каби шеърий китоблари чоп этилган. Қатор асарлари ўндан зиёд тилларга таржима қилинган. Тасаввуф адабиётига ошно бўлган шоира Румий, Навоий, Нодира, Увайсий, Чўлпон, Рауф Парфи ижодини қадрлайди ва уларни ўзига пир деб билади.
Фарида Афрўз адабиётга ўтган асрнинг 90 йилларида кириб келган бўлиб, 2000 йиллардан ўзига хос йўналиш ва сўзига эга ижодкор сифатида танилган. Унинг шеърияти ҳақида Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Норбой Худойберганов, Иброҳим Ғафуров, Умарали Норматов, Қозоқбой Йўлдошев, Йўлдош Солижонов, Нўмон Раҳимжонов каби олимлар гўзал фикрларни айтишган. Бундан ташқари, Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби устоз шоирлар гўзал таърифлар ёзишган. Фарида Афрўз шеърияти ҳақида шу кунга қадар кўплаб диссертацион тадқиқотлар, илмий-публицистик мақолалар ёзилган, шунингдек, қатор радио ва телевизон материаллар тайёрланган. Аммо шеърият шундай куч эканки, бу ижодга муносабат ҳали ҳам давом этмоқда, шоира қалби, у демоқчи бўлган фикрлар тизгини қулфини очиш учун кўплаб калитлар суқилмоқда. Дарҳақиқат, шеърият – куч. У очилмаган қулф. Ҳар доим ҳам, ҳаммага ҳам ўз бағрини очавермайди. Ўзи севган хос бандасигагина насиб этадиган илоҳий неъмат. Адабиётшунос Нўмонжон Раҳимжонов таъкидлаганидек, Фарида Афрўз шеърларида кечинмалар ҳаёти – ҳайрат, таажжуб, нафрат, эҳтирос, севинч, сурур, қайғу, ўкинч, йиғи, афсус-надомат, сабр, алам, армон, қаноат, ғурур ва ҳаказо турфа ҳис-туйғулар силсиласи бирга яшайди.
Ф.Афрўз сўзнинг нозик латофатини чуқур англайди. Унинг ҳар бир китобининг номи ҳам буни тасдиқлайди. Шоиранинг шу кунларда нашрдан чиққан тўрт жилддан иборат асарлар тўплами бу фикрга яна бир исботдир. Тўплам аввало номи, сўнг ўзига хос дизайни ва ички безаклари билан ҳар қандай ўқувчини бефарқ қолдирмайди, ҳайратлар оламига тортиб кетади. Шоира мазкур тўрт йирик китобнинг ҳар бирига алоҳида: «Мени кутинг…», «Ўзимни соғиниб…», «Ўлими йўқ ҳаёт…» ва «Пардани очайлик…» дея ном қўяди.
Шоир борки, шеъриятга ўз таърифи бор. Ушбу китоб муқаддимасида Ф.Афрўз ҳам аввало шеър ва шеърият, ижод ва ижодкор олами тушунчаларини таърифлашга уринади.
Шеърият – баланд тоғ чўққисидаги
шифобахш булоққа ўхшайди.
Унга фақат ўзинг чиқиб борасан.
Булоқдан юз—қўлингни ювиб,
бир қултум ичганингдан кейин эса
ортга сира ҳам кетгинг келмай қолади.
Шоира назарида, шеърият олами – асрларни тебратгувчи бешик. Унда улғайган қалб кишилари даврнинг тили, миллатнинг юзи, кўнгилларнинг таржимони бўлиб келадилар.
Токи бунда айрилиқлар бор,
Надомат бор, ғамлар, армонлар,
Сен ҳам борсан, сен борсан ШEЪРИМ!
Фарида Афрўз учун шеър – фикрнинг гули, бир зарб билан очилгувчи ғунча. Шу боис ҳам унинг тўрт жилддан иборат китобларининг биринчисида шеърларини жамлагандир. Шоира “Мени кутинг..» китобига ғунча шеърларни илҳом боғларида аёздан пана қилиб, кўкламдан қувват олиб, ёзнинг салқин оқшомларини қучиб, сумбуланинг армонлари билан сирлашиб ёзиб тақдим этганини урғулайди. Китобдан жой олган ҳар бир мисра баъзан тўкилиб, гоҳ сочилиб, шошилиб, титраб ёзилгани, шунингдек, уларда шоиранинг изтироблари, армонлари, муҳаббати, ҳижронлари, қувончлари, фахр-ғурури ва ор-номуси акс этгани кўринади.
Тўпламдан жой олган «Ўзимни соғиниб…» номли иккинчи китоб асло бошқа китобларга ўхшамайди. Чунки, тасбеҳлардан иборат битиклар ўзбек адабиёти учун янгиликдир. Бу янгилик руҳий дунёнгизнинг туб-тубларида ухлаб ётган ҳайратларингизни уйғотади. Шоиранинг бундай адабий тажрибалари, янгича шеърий шакллари хусусида таниқли олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев шундай таъкидлайди: “Фарида Афрўз тасбиҳларида кам сўзли мисралар ёрдамида чуқур маънони ифодалашга эришади. Қизиғи шундаки, барча тасбиҳлар уч сатрдан иборат бўлса ҳам уларнинг ички қурилиши, жойлашуви йўсини ва бўғинлар миқдорида қатъий бир хиллик йўқ”. Шунингдек олим, “тасбеҳ” илгари поэтик атама сифатида қўлланилмагани, шоира Фарида Афрўз учликларини тасбеҳ шодасидек тизиб, тасбеҳни шеърий жанрга айлантириб бадиийлаштирганлигини таъкидлаб ўтади. Ўйлаб қараладиган бўлса, бу ҳам Фарида Афрўз учликларига хос битта хусусиятни ифода қилади.
Шоира ёзади:
Юзимни ювиб
Ҳар саҳар
Шукр сочиғига артаман…
Ёки
Умидимни узолмадим,
Умидини узмаган
Одамдан… деб ёзади.
Одатда кичик шеърий жанрга мойиллик ижодкорнинг табиатида мавжуд бўлмоғи лозим. Фарида Афрўз учлик жанрида ижод қилар экан, унинг ҳиссий фитрати аввало шунга мойил бўлгани аён бўлади.
Осмонга интилдим,
Чақмоқлар чақди,
Ёмғир ёғаверди кечаю кундуз.
Аслида, ижод аҳлининг қарашларини, шеърий дунёсини уларнинг ўзлари ёзган асарлар моҳиятидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдириш ўринли бўлади. Ижодкор сўз излаш, янги фикр айтиш, ўз қалбини намоён этиш фурсатини пойлайди. Сўз устида мушоҳада юритади. Шоирлар сўзнинг турли маъно қирралари беэътибор бўлмайди. Шоира бир ўринда шундай ёзади:
Чумчуқ сўйса, қассоби сўйсин,
Гўрков либос тиккани қизиқ,
Нонинг куйиб кетди, ямоқчи.
Замонавий адабий жараён маҳсули сифатида юзага келган бу кичик лирик шакллар структурал-семантик хусусиятларига кўра янги бадиий-эстетик ҳодисадир. Бу хусусият Рауф Парфи, Хуршид Даврон, Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир каби ижодкорлар ижодида ҳам кузатилади. Шеъриятдаги бу каби кичик лирик шеърий шакллар, бир томондан, халқ оғзаки ижоди, иккинчидан, жаҳон адабиётининг таъсири, учинчидан, шарқ мумтоз шеърияти анъаналаридан ижодий озиқланиш натижасида юзага келгани кўринади.
Ф.Афрўз учликларида ҳам жаҳон шеърияти ва Шарқ мумтоз адабий анъаналарнинг замонавий бадиий тафаккур контекстидаги давомийлиги, шаклнинг ихчамлик томон борилаётгани, шоира кам сўз билан кўп маъно баён қилиш йўлидаги бадиий изланишлари ва индивидуал поэтик маҳорати ўзбек шеъриятидаги шаклий изланишларнинг самарадорлигини таъминлаб, шеъриятни вазн ва мазмун томондан янгилаётган бўлади. Бу кичик лирик шаклларнинг ўзига хос оҳанги, поэтик тизими, тузилиши, бадиий санъатлардан фойдаланиш маҳорати ўрганилганда ҳикматга, афоризмга йўғрилгани, ихчам мисралар моҳиятига улкан маънолар жамлангани, уларда вазн, қофия, ритм, банд каби шеър унсурларида янги изланишларнинг юзага келгани кўринади. Айниқса, халқ оғзаки ижоди намуналаридан унумли фойдаланилгани кўринади.
Сумбулаю, сумбула
Сенинг кўнглинг ким билан?
Мен кетаман дил билан.
Халқ оғзаки ижодида шундай оҳангли ошиқ ва маъшуқ ўртасидаги айрилиқ ва висол онларининг изтиробли ўйлари ифодаланган қўшиқ бор. Шоира ундаги айрим сўзни ўзгартириш билан, хусусан, Ташқи ҳолатни ичкарига – дилга кўчириш билан оригиналликка эришади.
Қашшоқлик –
Давлатдир,
Нодонликдан кўра.
Фарида Афрўз ўз учликлари билан айни кичик жанрнинг имкониятларини кенгайтирди. Уларга халқона пафос, ҳаётий фалсафий мазмун бағишлайди. Ўқиб танишар экансиз, бундай мисралар ўзбек мумтоз адабиёти, халқ оғзаки ижоди ҳамда дунё адабиёти булоқларидан баҳраманд бўлганлиги кўринади.
Ф.Афрўз асарлари тўпламнинг “Ўлими йўқ ҳаёт” номли учинчи жилдида шоиранинг насрда битилган илк асарлари жамланган. Икки тарихий қиссадан иборат бўлган ҳикояларда юртимизнинг азиз инсонлари тақдири қаламга олинади. Қиссаларни ўқир экансиз, аждодларимиз бўлмиш азиз авлиёлар билан ғорларда яшайсиз, улар кўрсатган кароматларидан бохабар бўласиз. Ўлкамиз тоғларию боғлари ва фидойи инсонларига янада меҳрингиз ошади. Ватан қадри, ватан соғинчи не эканлигини ҳис қиласиз. Ушбу китоб муқаддимасида адиба шундай ёзади: “Шеър – бир зарб билан очиладиган, бир тўлғоқ билан туғиладиган мўъжиза. Наср эса илдизлари чуқур, томирлари бақувват, мевалари ларзон бир улкан дарахт. Бу дарахтни экмоқ ва айниқса, парвариш этмоқ кафиллигини олмоқ ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди, тўғрироғи, пешонасига битилмаган.
Мен эътиборингизга ҳавола этаётган ушбу тўпламдаги икки қиссам ҳам хужжатли воқеалардир. Мен уларни бироз тартибга солдим ва меҳримни, ҳаяжонларимни қўшдим, холос. Аслида уларни аллақачон қоғозга туширган эдим-у, аммо ичимдаги масъулият йўл қўймас эди. Бир жиҳатдан тўғри қилган эканман. Чунки мен бугун уларга бутунлай бошқача назар ва иштиёқ билан боқдим.
Кулолнинг санъати лойининг соф ва пишиқлигида бўлгани каби, насрнинг жозибаси унинг қайта-қайта ишловида, меҳнатида эканлигини яна бир бор ҳис қилдим.
Мана ҳозир эса мен пешонамдаги қора меҳнат терларини артиб, ушбу мўжаз китобчамни бир оз ҳадик ва бир оз ғурур билан қўлингизга тутмоқдаман”.
Фарида Афрўз асарлари бугун ўндан ортиқ тилларга таржима қилингани баробарида шоиранинг ўзи ҳам жаҳон адабиётининг бир қатор адабиёт намуналари таржимонидир. Тўпламдан жой олган “Пардани очайлик…» номли тўртинчи китобда шоиранинг Қадимий Миср-Бобил, Эрон-Турон, Ҳинд-Хитой, япон, немис шеъриятидан қилган бадиий таржималари акс этган.
Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ушбу тўплам ҳақида ёзган “Эҳтирослар олови ичра” номли мақоласида “Фарида Бўтаева нимани ёзмасин, қандай мавзуни кўтармасин, эркин ва қизиқ қилиб ёзади. Уйқусираган одамнинг кўзи ялт этиб очилиб кетади, зерикиб қолган одамнинг шавқлари қайта уйғонади, ҳушёр тортади”, деб эътироф этади. Дарҳақиқат, шундай. Шоиранинг турли шаклдаги шеърлари, адабиётимизда янгилик бўлган тасбеҳлари, биринчи бор тақдим этилаётган насрий битиклари ва таржималари шубҳасиз, ўқувчини ана шундай ҳайратлантиради. Ўйлаймизки, бу тўплам Фарида Афрўз ижодида алоҳида саҳифа очиши баробарида адабиёт ихлосмандлари қалбидан чуқур жой олиб, севиб, ардоқлаб ўқиладиган китобларга айланади.