Матназар АБДУЛҲАКИМ шеърлари самодан сўйлар

0
3697
марта кўрилган.

Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шoир, таржимoн ва публицист Матназар Абдулҳаким (1948–2010) таваллуд топган кун. Адиб ўзи туғилиб ўсган эли Хоразмда яшаб  ижод қилди. 

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Oрипoв (охирати обод бўлсин) адиб ҳақида шундай ёзади: “Матназар билан кўришгач, кeйинги кўп суҳбатлар давoмида унинг чиндан ҳам дoнишманд, ўта ҳалoл, тўғри сўз, бағри кeнг ва айни чоғда ниҳoятда нoзик фикрлайдиган инсoн эканини билдим. Бизнинг ўртамизда кўзга ташланиб турмаса-да, дўстлик, ажиб бир фикрдoшлик ришталари пайдo бўлди”.

“Офарин” мукофоти совриндори Матназар Абдулҳаким  «Тиниқ тонглар» (1982), «Фасллар қўшиғи» (1984), «Қор қўшиғи» (1990), «Ёнимдаги дарёлар» (1993), «Қорачикдаги дунё» (1994), «Бир кучоқ гул», «Ойдинлик» (1997), «Сўнгги япроқ» (1999), «Жавзо ташрифи»(2008), «Кўприк»(2009) каби китоблари нашр қилинган. Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Бедил, Огаҳий, Комил Хоразмий, Мунис, Рожий асарларини форсий ва қадимий туркийдан ўзбек тилига таржима қилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Хоразм вилояти Хонка округидан депутатликка номзодим қўйилган  2004 йилнинг қаҳратон совуқида  сайловчилар билан учрашувларда Матназар оға ёнимда қўллаб қувватлаб турди.  Учрашувларда адибнинг асарлари элимиз одамларининг қалбидан чуқур жой олганининг  гувоҳи бўлдим. Катта-ю кичик унга «устоз» дея мурожаат қилишарди. Халқнинг меҳрини қозониш, айниқса, устоз мақомида бўлиш эса  осон иш эмас. Албатта бу адибнинг шеърлари, асарлари қалбларга қўшиқдек оқиб кирганлигининг ва намунали ҳаёт кечирганлигининг самарасидир. Шеърлари ҳақида қанча сўйласак, шунча камдек.  Унинг шеърлари осмондек бепаён самодан сўйлар.

Дўстлари, мухлислари,  сафдошлари ёдида  ёрқин хотиралар қолдирган заҳматкаш ижодкор, камтарин инсон Матназар Абдулҳакимнинг руҳи шод, охирати обод бўлишини Оллоҳдан сўраб қоламиз.

 Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Адиб  «ИРОДА» шеърида ўзбек халқининг тарихи, шони-шухрати буюклигини, уни синдириб бўлмаслигини, ўтмишдаги парвозлари жаранглаб туришини  ўзига хос гўзал сатрларда ифода қилади.

Фасл танламаймиз. Ҳаммаси баҳор,
Қовжирайди фақат ёлғон-яшиқлар.
Биз абадий некбин. Мангу умидвор.
Биз — кўнгли совишни билмас ошиқлар.

Қишлар ва баҳорлар, ёзлар ва кузлар
Биз учун баробар янгроқ торлардир.
Ерга ёға олмай ёнган юлдузлар
Бизлар қаловини топган қорлардир.

Тоғдек тоқатлардан мумиёдек сирқиб,
Дўстларга аталган дил розларимиз.
Қанотимиз пўлат. Ҳеч бўлмас қирқиб.
Жаранглаб туради парвозларимиз.

Адиб  «ТАРЖИМАИ ҲОЛ» шеърида қадимий туркий сўзлардан қофиядош оҳанглар тизади: дўндим(айландим) —кўндим, ҳалак(овора) —чархпалак. Бу эса унинг ҳар бир шеърида учрайдиган ўзига хосликдир.

Кўринмасдим ҳар ким-ҳар кимга,
Мен — саҳарлар уфурган нафас.
Гардсизлигим, тозалигимга
Чексизликлар қиларди ҳавас.

Бир тонг ногоҳ бўлдим мен шабнам,
Сўнг булутга, ёмғирга дўндим.
Майсаларга айландим кам-кам,
Тупроқ бўлиш дардига кўндим.

Минг йилликлар туркум ва туркум
Қорилдилар зулмат, зиёга.
Саодатли қандайдир бир кун
Дарахт бўлиб келдим дунёга.

Ҳаёт бир йўл — сўнгсиз, бетимсол,
Минг тирилиб, минг ўлиб чопдим.
Насиб бўлди ноёб бир висол,
Жонзот бўлиб таваллуд топдим.

Қаноатлар, тоқат, сабрлар
Ғилдираги айланди гир-гир.
Кечди неча туман даврлар,
Инсон бўлиб туғилдим ахир.

Эндигина ором топиб жон,
Етди десам толега хуш гал,
Ҳар тўкисда — неча минг нуқсон,
Ҳар тўкисда — неча минг ишкал.

Зулмат тўйди, ютиб зиёни,
Зулматларга зиё ҳам тўйди.
Дийдорига тўйдим дунёнинг,
Дийдоримга дунё ҳам тўйди.

Қўйинг, сўйлаб бўлмай мен нолон,
Сиз ҳам тинглаб бўлмангиз ҳалак.
Шу ўзингиз билган тўполон,
Шу ўзингиз билган чархпалак.

Номард бўлай агар нолисам,
Бошқа тирилмайман, ўлмайман.
Бир қутулсам, бир кетиб олсам,
Дунёга мен бошқа келмайман.

Шоир «ИМКОНИЯТ» шеърида тим-тирслик(жимжитлик, сукунат) ҳам Оллоҳнинг бир синови бўлиб, яшашга, курашга ўзига хос бир тарзда ўргатганини таъкидлайди. Адабиётшунослар уни файласуф инсон, ажойиб шоир деб таърифлашади. Мазкур фалсафага тўла  шеърлари ҳам буни ифодалаб турибди.

Ғамгинлик кам эмас қулликдан,
Лекин маҳбусман деб нолиш — уятдир.
Ҳар лаҳза, ҳар нафас бу тутқунликдан
Халос бўлмоқ учун имкониятдир.

* * *

Парвойим йўқ ҳозир хом, пухталарга,
Унутдим дунёнинг нася, нақдларин…
Юракнинг олис бир нуқталарига
Қайтиб келаётир шоир вақтларим.

Аранг милтиллайди олисда овул,
Тим-тирс… илғанади безовта руҳлар.
Ойнакўл тушига киради довул,
Ҳар баргда бир шамол донг қотиб ухлар.

Ҳар лаҳза қаърига бекинган минг йил,
Сукунат ҳайқирар қутлуғ отингни.
Бутун борлиқ қаттиқ бириктирган тил
Сўндирмаслик учун ёдингни.

Мунаввар бир дастёр ёғдулар мулки,
Тиним билмайди ҳеч осмонда қуёш.
Нур таратар ёдинг — лабларда кулгу,
Ёғду сочар ёдинг — кўзлардаги ёш…

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.