Меҳр гулининг ифори

0
674
марта кўрилган.

Она қалбини, меҳрини денгизга менгзаса арзийди. Ҳаммамиз биламизки, денгизнинг тубида оппоқ маржонли чиғаноқлар яширинган. Она меҳри беқиёс ва мангу бўлиб, сирли-синоатли денгиз тубидаги чиғонақлар ичига беркинган оппоқ маржонлардек мафтункор бўлиб, уни рамзий равишда меҳр гули деб атасак арзийди. Меҳр гули – мангуликдан сипқириб вояга етган боланинг олдига катта имкониятлар очилади. Зеро, она қалбида мангу порлаб турадиган меҳр гули бор экан, унинг ифори фарзанд учун мунтазам ортса ортадики камаймайди. Ана шу ифордан қониб ўсган бола юртга таянч, оилага суянч бўлиб улғаяди. Она қанча азобу уқубатлар чеккмасин боласи учун хокисорлигича қолаверади. Фарзанд ва оила ташвишларидан кувониб, уни ширин юмишлар деб билиб, шукрона билдириб яшаган камтарин, соддадил аёл, онага, инсонга бир кун у эзгулик бўлиб қайтаверади. Ширин ташвишларга шукрона билдириб яшаш деярли барча оналарга хос фазилат. Ундай оналарнинг айтган ҳар бир сўзи ҳикмат, қилган ишлари ибрат бўлиб фарзанд қалбига ўрнашиб бораверади!

Раҳима опа Зокирова икки нафар ўғил, бир қизни эл-юрт қаторига қўшди. Аёлнинг катта фарзанди заҳирадаги полковник, қизи мусиқашунос, профессор, скрипка ижросидан ёшларга сабоқ беради. Кичкина ўғли эса композитор. Кўплаб мусиқий танловларнинг ғолиби. Албатта бу ютуқларнинг ўзи келмади. Болаларини ёшлигида тўгаракларга олиб борди. тиним билмади. Ҳамма уйининг ёнидаги мактабга фарзандларини ўқишга берса, у Тошкент шаҳрининг машҳур мактабларига узоқ бўлсада эринмасдан олиб борар эди. Уларнинг қобилиятини билиш, нимага мойиллигини аниқлаш учун болалар боғчасида юрган пайтидаёқ турли тўгаракларга бериб кўрди. Оғири битта хулосага келди. Катта ўғли спорт тўгаракларига қатнади, қизи мактабдан бўш вақтларида спорт тўгараги билан бирга скрипка чалишни мукаммал ўрганишга бошлади. Кичик ўғли эса Шермат Ёрматов етакчиликдаги болалар ансамблига мунтазам қатнай бошлади. Ҳеч бир она ўз фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди дейилади, ҳадисларда. У ҳаёти давомида ана шу ҳадислардаги ўгитларга монанд яшади.

Бугунги кунда учала фарзанди ҳам санъат оламига ошно, мусиқа асбобларидан бирор турини чала олади. Қўшиқ айта олишади. Бироқ, бари ҳам санъат йўлини танламади. Катта ўғли Собитжон Зокиров институтни тугатиб, ҳарбийлик касбини танлади. Туркистон ҳарбий округи Ўзбекистон ҳарбий қўмондонлигига айлантирилган кезларда ёш мутахассис сифатида ўзлигини намоён қилди. Қизи эса мусиқашунос олима бўлиб етишди. “Мен уларнинг интилишларини табиий қабул қилдим. Зеро, уларнинг ҳаммаси санъаткор бўлади, деб ўйламас эдим. Умидим қалбида эзгуликларни уйготиш, яхшиларга эргаштириш эди, дилида ҳамиша мусиқа оҳанглари кезиб юрган инсон гўзал инсон бўлиб вояга етади, деб ҳисоблардим. Айни пайтда Ўзбекистон мустақил бўлиб болаларга катта имкониятлар яратилди. Юрт болалари жахонда бўлаётган фан олимпиадаларида, спорт мусобақаларида, мусиқа танловларида фаол қатнаша бошлашди. Мен ҳам болаларимнинг ана шундай танловларда қатнашишини истардим. Бу албатта уларнинг дунёқарашининг юксалишига муносиб хизмат қилди, деб ҳисоблардим” – дейди болаларини алқаб Раҳима опа.

Бу аҳил хонадон фарзандларининг камолатига қараб, тарбияда юрт билан оила эътибори уйғунлашган оилаларда салоҳиятли фарзандлар вояга етишига яна бир карра ишонч хосил қиласиз.

Шу билан бирга оиладаги намунали интизом ҳам катта аҳамиятга эга. Ёшлигида Раҳима опа қайнона-қайнота хизмати, фарзандлар камолати, хизматчилик деб елиб-югирди. “Болаларим ёшлигида ҳамиша икки қўлимда сўмка, елкамда рюкзак бўларди. Дарсга, турли хил тўгаракларга қатнардик. Ўзимга телевизор кўришни тақиқлаб қўйган эдим. Фарзанд тарбиясидан диққатим бўлинишини, хаёлларимни чалғитишни истамасдим. Кейинчалик шу саъй – ҳаракатларимни невараларимга бағишладим”. – дейди у. Фарзандлари ҳаётда қаддини тиклаб ўз ўрнини топган сари Раҳима опа ҳам қаддини тиклаб борди. Уларнинг ютуқлари кучига куч қўшар эди.

Композитор Шухрат Зокиров болалигидаёқ юртимизда ва хорижда ўтказилган болалар ва ўсмирларнинг мусиқа танловларида қатнашиб бир неча марта ғолиб бўлди. Белорусия, Россия, Германия каби мамлакатларни кезиб, сахналарида куйлаш, пионино чалиш бахтига эришди. Ўзбекистон деган мустақил мамлакат борлигини мурғак қалби билан чет элликларга намоён қилди… Ўзи хам эл-юрт таниди. Институтнинг намунали толиби сифатида устозларининг назарига тушди. Ўзбекистон Давлат консорваториясига ўқишга кирган йили француз профессори Бернарьд Рингайзиндан ўз соҳасида таълим олиш учун Германияга йўлланма беришди. Булар бари унга катта махорат мактаби бўлди.

Бугунги кунда бастакор сифатида ўзлигини намоён қилмоқда. У басталаган куйлар санъаткорлар томонидан Наврўз, мустақиллик байрамлари ва бошқа тантаналарда Насиба Абдуллаева, Улуғбек Отажонов, Равшан Комилов каби санъаткорлар томонидан жарангламоқда.

Шухратбек 2006 йили “Бир кам дунё” қўшиқи учун совриндор бўлди. Бастакор 2010 йилда республикамизда ёш ижодкорлар орасида ўтказилган танловда “Йилнинг энг яхши бастакори” ва “Энг яхши мусиқа сайқалчиси” номига сазовор бўлди. 2016 йил эса “Эстрада санъатига қўшган хиссаси учун” дипломи билан тақдирланди. Шунингдек, Москвада бўлиб ўтган халқаро танловда Дилмурод Мусоқовнинг “Геолог” фильми эътиборга тушди. Фильмнинг мусиқасини эса Шухратжон басталади.

Раҳима опа билан Рихсивой аканинг кенжаси яъни учинчи фарзанди Шухратбекга санъатга бўлган қизиқиши ота мерос, онаси Раҳима опадан эса қатъиятлилик ва фидойилик ўтган десак арзийди. Отаси Муқимий номидаги мусиқа ва драматик театрда ишлаган ва айни кунда нафақада бўлсада кўзи ожизлар мактаб-интернатида мусиқадан дарс беради.

Раҳима Зокирова эллик икки йил тиббиёт соҳасида ишлаган бўлса, охирги 25 йилда Соғликни сақлаш вазирлиги Тиббиёт санитария бирлашмасининг Марказий поликлиникасида фаолият юритди. У ерга ишга фақат катта тажрибага эга кишиларни таклиф қилишарди. Шу ерда ишлаб юрганида Маккага Умра зиёратига борувчилар учун врач-ҳамшира қилиб жўнатишди. “Ўшанда эллик ёшимда эдим. Бу мени она шаҳрим Тошкентдан, оиламдан, фарзандларимдан биринчи марта узоқлашишим эди. Болаларимни ташлаб кетишга кўзим қиймас, бироқ катта масъулиятни ҳам ҳис қилиб турарлим, ундай жойга ҳаммани ҳам таклиф қилишаверишмайди. Кетма-кет икки йил Умра зиёратига борувчиларнинг ва кетма-кет икки йил Ҳаж зиёратига борувчиларнинг соғликларини асраш – авайлаш мақсадида жўнатишди. Кечаси билан ухламасдан юртдошларимнинг соғлигини муҳофаза қиламан ва кундузи улар билан бирга юриб зиёратни амалга ошираман. Автобусда йўлда ухлаб олардим, яна қуш уйқусида бўлардим. Одамларнинг оғирини енгил қилиш, югир-югирлар менга машаққат бўлиб туюлмасди, аксинча куч бағишларди”, дейди ҳожиона.

Эл-юрт, оилам деб елиб – югирган Раҳима опа етмиш ёшгача эл хизматида юрди. Нафақада бўлсада ишлади.

Бизни уйга таклиф қилганида, аввало ўғлининг ижодхонасини кўрсатди. Ҳовлидан ертўлага тушилади. У худди студиядек безатилган. Қўшиқ айтадиган, овоз ёзиб оладиган, хуллас бир бастакорга нима-ки, керак бўлса бурчаси муҳайё. Катта студияга киришдан олдин йўлакдаги мўъжазгина кўргазма билан танишиб ўтасиз. Унда Шухратбекка насиб этган фахрий ёрлиқлари, сертификатлари, халқаро танловда олган дипломлари акс этган. Улар билан танишиш учун анча вақт сарфлайсиз. Мақолада санаб чиқиш унданда қийин. Миллий байрамларимиз мустаққиллик ва наврўз тантаналарида иштироки учун берилган ташаккурномалар хам у ердан ўрин олганди.

Сўнгра биз аёлларни меҳмонхонага таклиф қилди, меҳмонхона йўлакидаги тўрт девор фотога тўла бўлиб, гўё мўъжазгина кўргазмани эслатарди. “Бу фотолар қизим Феруза Қодированинг меҳнатлари, ҳар таътил мавсумида мени ҳам чорлаб ва оиласи билан хориждаги гўзал масканлардан бирида дам олади ва мени сувратга олишни хуш кўради. Бу суврат биринчи марта денгизга борган пайтим, неварамга қараб сузишни ўрганяпман. Биринчи марта 55 ёшимда денгизни кўрганман, Ўрта ер денгизида сузишни ўрнанганман. Бизни қизим сувратга олганини ҳам сезмаганман” – дейди завқ-шавқ билан Раҳима опа.

Яна бир сувратда парашютдан ташлаяпти. “Бу биринчи марта осмонларни қучишим, унда 56 ёшимда эдим. Туркияда дам олувчиларга махсус шунақа хизмат йўлга қўйилган”. Изоҳ беради у.

Яна бир сувратда денгиз тагида балиқлар билан бирга сув парисидек сузиб кетяпти. Яна бир гуруҳ фотоларда Париж манзаралари акс этган бўлса, бирида Миср эҳ ромлари, бирида Волга дарёсининг хушманзара жойлари ифодаланган эди. Италия ва Испаниянинг тарихий қадамжолари акс этган сувратлар ҳам ўзига хос олинган. Яна бирида эса Ўзбекистоннинг хушманзара кўчаларида Раҳима опа машина ҳайдаб кетяпти. У болалари билан бирга ўқиб ҳайдовчилик ҳуқуқини олган бўлсада 65 ёшида машина рулини ушлади. “Болаларим менга хизмат қилиш учун шофер ёллашди. Бу болаларимга ортиқча чиқим дедимда ўзим рулга ўтирдим” дейди у.

“Қизим Феруза бир куни “Она, тезроқ катта бўлсайдим” деб қолди. Катта бўлиб нима қиласан. дея сўрадим. Сизни дунё кездираман, дея жавоб берди. Оҳ ўзимнинг меҳрибонгинам ўша кунларга етайлик, деган эдим. Ўшанда фаришталар омин деган экан. Эндиликда сермашаққат ёшликдан, оиланинг ширин ташвишларидан кейин фарахли онларим бошланганига Оллоҳга шукроналар билдираман.”-дейди фарзандларини, қизини алқаб Раҳима опа.

Кузатиб турсангиз Раҳима опа ниманики биринчи кўрган, ҳис қилган бўлса бари нафақага чиқиш ёшида содир бўлган. Бу давр Раҳима опанинг иккинчи умрнинг бошланиши десак бўлади. Кейинги ўн беш йил унинг учун ҳаётининг туб бурилишлар даври – гўзал қанот қоқишлар даври бўлди. Донишмандлар айтганидек олтин куз, Оллоҳнинг бахмал паёндозлар тўшаган гўзал палласи бўлди.

Раҳима опа ёш болага ўхшаб ҳайратланиб ва ҳайратлар ичида яшашни хуш кўради. Шунинг учун ҳам у етмиш уч ёшни қаршилаб турган бўлсада, ҳамон ёшларга хос ғайрат – шижоатга тўла. Унинг ҳар бир дамдан қувонч топиб яшашига ҳавасим келади, фикримни унга ҳурмат-эҳтиром билан билдираман. У хулосамни эшитиб туриб, маъқуллайди ва яна донишмандона қўшимча қилади… “Тўғри ҳайрат билан яшаш, мудом саъй-ҳаракатда бўлиш, интилиш кишини яшартиради, бироқ бу ерда бошқа нарса ҳам бор – ёшларга хос ғайрат-шижоат мавжудлиги, ҳайратланиб яшашим мустақил Ватанимиз шарофати! Агар Ўзбекистон мустақиллиги бўлмаганида мен хизмат сафари билан Умра ва Ҳаж зиёратига бора олармидим. Куёвим билан қизим хориж университетларида дарс бера олармиди ва мени ана шундай жойларни кездира олармиди?!. Ўғлим Собитжон Зокиров қисқа давр ичида ҳарбий соҳанинг подполковниги, мутахассиси бўлиб етиша олармиди. Совет даврида ҳарбийлар асосан ўзга миллат вакиллари эди. Ватан мустақиллиги Оллоҳ берган буюк неъматдир ва у менинг тақдиримда акс этади. Унинг қадрини билишимиз керак. Мен ҳамиша ана шуни қалбдан ҳис қилиб, юртим билан фахрланиб, шукрона билдириб яшайман”, – дейди у.

Қизи Феруза онасини алқаб шундай дейди: “Болалигимда онамнинг тинимсиз югир — югирларини кўриб, юрагим ачирди. Бизни улғайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари етмаганидек, кейинчалик невараларининг тарбиясини ҳам ўз зиммасига олди. Мени ҳаётда ўз ўрнимни топиб кетишим, институтни тугатгач, асперантурада яна ўқишни давом қилдиришим учун невараларини қанотига олди. Мен доимо ўқишда бўлардим, онам ҳам ишларди ҳамда болаларимга қарарди. Ушбу неваралар ҳозир хорижнинг машҳур олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда. Унда онамнинг саъй – ҳаракатлари катталигини ҳис қиламан”. Ўша дақиқада Америкада таҳсил олаётган невараси ҳол-авҳвол сўраб телефон қилиб қолди. Уларни кузатиб фарзанддан оқибат кутмоқчи бўлсанг аввал ўзинг унга меҳр кўрсат деган матал тагида олам-олам ҳикмат яширинганини ҳис қилдик. Меҳр – оқибат ўзбек халқи учун гўзал қадрият. Ҳеч бир миллат боласи ота онасига ўзбек болаларидек меҳр-оқибатли бўла олмайди. Бу оила аёлининг маънавияти меваси десак арзийди.

Ҳаёт мураккаб, синовларга ҳамиша бой. Ана шу синовлар ва машаққатлар асносида она ҳеч қачон боласини унитмайди. Чиндан ҳам оиланинг файзу баракаси кўп жиҳатдан аёлга боғлиқ. Ҳалқимиз аёлларни уй бекаси, хонадон фариштаси деб улуғлаши бежиз эмас. Биз буни Раҳима опага қараганда янада ҳис қиламиз. Бир умр кўп қаватли уйда яшаган Раҳима опа яқинда ҳовли олди. Уйни таъмирлаш ишларини яъни деворларга гул қоғоз ёпиштиришни ўзи амалга оширди. У шунақа дид билан безатилган эдики уларнинг уланган жойи сезилмасди. Аввал ҳам бу иш билан шуғулланганмисиз сўрадик биз. “Йўқ. Яқинда шунга оид китобларни ўқиб чиқдим. Ўғил – қизларимни бир янгилик билан кутиб олай дедим” жавоб қилади у. Сўзларини тинглаб беихтиёр халқимизнинг “Аёлнинг сариштаси рўзғорнинг фариштаси” деган матали ёдга келади. Мен бу аёлниг юрагида бемисл товланувчи минг бир рангларни кўраман. Атрофидаги фарзандлари, турмуш ўртоғи ва дўстлари ана шу ранглардан қувват олиб яшнайди. Юрагидаги гўзал оҳанглар, камалак нусха ранглар аёлнинг чеҳрасига гўзаллик, улуғлик бағишлайди. У ҳамон ораста ва саришта, ҳамон эл хизматида қўни-қўшни-ю дўсти ёронларга тиббий хизмат кўрсатади. Шунақа тажрибали-ки, укол қилганида бемор уни сезмайди. Беморнинг вена томирларини ҳам жуда осонлик билан топади. Шунинг учун ҳамиша ёрдамга чақиришади. Дўстлар ҳузуридан кела солиб, енгини шимариб ишга тушиб кетади. Кичкина тешача билан мўъжазгина боғчасига оройиш беради, ёввойи ўтлардан тозалайди Кафтдек ҳовлига турфа гуллар эккан, уларнинг ифори кўнгилларга осудалик бағишлайди. Гўзаллиги дилларни хушнуд қилади. Ҳовлининг бир парчасида ховузча салқинлик бағишлаб турса, айвондаги хонтахта ва диван – кресло устидаги оппоқ дастурхону ёпинчиқлар дилларни яйратади. У саранжом саришталикни ва яқинларига кутилмаган совғалар улашишни жуда ёқтиради. Болалари, дўстлари йиғиладиган бўлса, ҳовлига сувлар сепиб, жуннат гули-райхоннинг ҳидларини таратиб қўяди. Оилани, ватанни инсонни улуғлашни у кишидан ўрганиш керак. У дилкаш, самимий маърифатпарвар инсон. Раҳима опанинг туриш-турмушига эътибор бериб, аёл – ирода, орият, шижоат тимсоли деймиз. Чунки у ҳаёти давомида ишхонасида тажрибали тиббиёт ходими сифатида обрў-этибор топди. Оилада захматкаш, жонкуяр она, меҳрибон рафиқа, сифатида ўз ўрнига эга бўлди.”Раҳимахон тинч ўтиришни билмайди, ҳамиша бирор янгилик топиб, ташаббус кўрсатади. Ҳовлида экилган гуллар кўп эди, янада кўпайтириб, бошқача янада гўзал шаклларни барпо этди”, – дейди эри Рихсивой ака Зокиров.

Дарҳақиқат, Раҳима ҳожиона айтганидек, Ватан мустақиллиги Оллоҳ берган буюк неъмат бўлиб, у ҳар биримизнинг бахтли тақдиримизда акс этади.

Раъно Зарипова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.