Миллий кийимлар ўзликни асраш тимсолидир

0
61
марта кўрилган.

Мен хоҳ ўзбек миллий кийимлари, хоҳ мамлакатимиздаги бошқа халқларнинг миллий либослари бўлсин миллий безак ва менталитетни акс эттирувчи устки кийимлар кийишни оммалаштириш таклифини қўллаб-қувватлайман. Бизнинг миллий кийимларимиз бутун дунёга машҳур. Масалан Oscar De La Renta, Balenciaga, Christian Dior, Tom Ford, Gucci ва Ralph Lauren каби жаҳон мода уйлари ўзбек матолари ва босма нақшларининг гўзаллигини азалдан қадрлаб келади. Ўзбек дизайнерларни Париж ва Нью-Йорк кўргазмаларида намойиш этилган кўплаб коллекцияларни яратишга илҳомлантирган. Масалан, Ральф Лорен бир неча йил аввал ўзининг баҳорги коллекциясини ўзбек мато ва безакларидан тикилган кийим-кечакларга бағишлаган эди, 2020 йилги Париждаги мода ҳафталигида эса дизайнер Гиоргио Армани ўзбек миллий матоларидан тикилган либосларини тақдим этганди.

Бироқ, замонавий ҳаётда оммавий маданият миллий анъаналар ўртасидаги чегараларни тобора хиралаштирмоқда. Замонавий технологиялар ва бутун дунё билан мулоқот қилишнинг чексиз имкониятлари берилган даврда инсон ўз ватанининг анъаналари ва маданияти ҳақида унутмаслиги керак. Бу таклиф ҳаётда ижобий самара беради ва олимлар томонидан асослаб берилган хилма хилликни ва ўзига хосликнинг ажойиб намунасидир.

Бошқа мамлакатларда бу тушунча фаол қўллаб-қувватланади. Масалан, Венгрияда «Танцхаз» фольклор ҳаракати нафақат анъанавий рақсларни тарғиб қилади, балки миллий либосларни ҳам оммалаштиради, ушбу йўналиш эса уларнинг маданий ўзига хосликни сақлашдаги аҳамиятини таъкидлайди. Жанубий Кореяда эса миллий либосда келганларга тарихий жойларга бориши бепул қилиб қўйилган. Россияда ҳам мамлакат куни муносабати билан аҳолини миллий либос ёки унинг элементларини кийишга чақирувчи “Миллий либос кийинг” акцияси ўтказилади. Бу каби тажрибалар кўплаб халқлар, жумладан, биз учун ҳам илҳомбахш ва ибратли бўлиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, барчага миллийликка эътибор қаратишни ва кундалик ҳаётимизга миллий либос элементларини киритиб, ўзига хос мазмун беришни тавсия қиламиз. Бу тарихий маданиятни замонавийлик билан уйғунлаштиришга ёрдам беради. Ушбу ташаббус фақат давлат хизматчиларига тегишли эмас, у ҳаммага тегишли.

Демак, бундан асосий мақсад маданиятимизнинг миллий либослар билан боғлиқ ноёб қисмини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга энг яхши шаклда етказишдир.

Биз ҳам жанубий Корея тажрибасини қўллашдан манфаатдормиз. Баъзан юртимизга келган сайёҳлар қадимий обидалар ҳудудида миллий либосда юрганига кўзимиз тушади. Биз ўзимиз ҳам бунга одатлансак нимаси ёмон?  Тарихий жойларга саёҳатга борганда обидалар ҳудудида бетакрор миллий устки кийимларда бўлишингиз, сизнинг миллий маданиятни, маънавиятни ривожлантириш ва сақлашга қўшган ҳиссангиз бўлади.

Биргаликда миллий либосларимизни замонавий ва оммабоп қилайлик. Бу маданиятимиз, урф-одатларимиз ва келажагимиз юксалишига қўшган муносиб улушимиз бўлади.

Манзура БЕКЖОНОВА                                                                                                                                                                                                                        

Таҳририятдан :Биз ҳам ушбу фикрни қўллаб қувватлаймиз.  Жума куни миллий  кийимлар куни дея эълон этилгани айни муддао бўлди. Ўша куни ташкилотларга бориб қолсангиз  ўзликни намоён бўлишини кўриб хурсанд бўласиз.  Шу билан ушбу тадбир миллий матолар, кейим кечаклар  ишлаб чиқараётган кархоналарни қўллаб қувватлаш ҳам демакдир. Ўз навбатида бу  иқтисодиётимизни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш ҳамдир.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.