Ўзбекистон адабиёти тарихида ўчмас из қолдирган буюк инсонлардан бири – Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг бугун таваллуд айёми(охирати обод бўлсин). Боқий дунёга ўтганига 215 йил тўлди.
1809 йилда Хива шаҳри яқинидаги Қиёт қишлоғида мироб оиласида таваллуд топган адиб: “Биз Хивада яшовчи юз тоифасидан бўлган Амир Эшимбийнинг авлодидандирмиз”, – деб ёзганди.
Эрниёзбек мироб 1812 йилда вафот қилгандан кейин Оллоқулихон Шермуҳаммад ибн Авазбей мироб ўғли Мунисни мамлакатнинг бош мироби қилиб тайинлайди. Мунис Огаҳийнинг амакиси бўлиб, отаси ўрнида Огаҳийга 1829 йилгача ғамхўрлик қилган. Унинг болалик ва ёшлик йиллари Қиёт қишлоғида ўтди ва улғайгач Хивадаги мадрасалардан бирида таҳсил кўрди. Араб, форс, туркий халқлар адабиёти, шунингдек классик мусиқа ҳамда тарих фанини қунт билан ўрганди. Шеърият оламида унинг тахаллуси Огаҳий бўлиб, луғавий маъноси — огоҳман-сергакман демакдир. У моҳир ҳаттот бўлиб куфий, райҳоний, хатти шикаста каби хатларни яхши билган. Хива хони Оллоқулихоннинг Хуросонга қилган сафарида вабо касали тарқалиб (1829) амакиси Мунис ҳам вафот этди. Оллоқулихон Огаҳийни Мунисни ўрнига мироблик вазифасига тайинлайди.
Огаҳий жаҳон адабиёти, маданиятининг нодир дурдоналари саналган 20 дан ортиқ асарларни ўзбек тилига ўгириб таржимашунослик мактабини яратди.
Огаҳийнинг ўзбек тилида ёзилган “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) девони мавжуд бўлиб, унда шоир яшаган муҳитнинг амалдорларидан қаттиқ шикоят қилиб ёзган шеърларини кўпроқ учратамиз. Огаҳий шеърлари орасида ҳукмдорларга айтилган қасидалар ҳам бор. Бу девондан ғазаллар, мустазод, мухаммас, мусаддаслар ўрин олган. Девонда 18 минг мисра шеър ва 83 мухаммас жам қилинган бўлиб, унинг кириш қисмида берилган маълумотларга кўра, Огаҳий қуйидаги тарихий китобларнинг муаллифи бўлган: “Риёз уд-давла” (“Давлат ишлари”, 1825-1842), “Зубдат ут-таворих” (“Тарихлар қаймоғи”, 1846-1855), “Жомъе ул-воқеоти Султоний” (“Султонлар воқеалари тўплами”, 1856-1865), “Гулшани давлат” (“Давлат гулшани”, 1865-1872), “Шоҳиди иқбол” (1872).
Моҳир таржимон сифатида Мунис тугаллай олмай кетган Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарининг 2-3 жилдларини, Муҳаммад Маҳдихоннинг “Нодирнома” (5 жилд), Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Муҳаммад Юсуф Муншийнинг “Тазкираи Муқимхоний”, Низомиддин Аҳмад Ҳаравийнинг “Табоқати Акбаршоҳий”, Ризоқулихон Ҳидоятнинг “Равзат ус-сафои Носирий” номли асарлари, Низомий Ганжавийнинг “Ҳафт пайкар”, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, Ҳусрав Деҳлавийнинг “Ҳафт Биҳишт”, Муҳаммад Вориснинг “Зубдат ул-ҳикоят”, Абдураҳмон Жомийнинг “Юсуф ва Зулайҳо”, “Саломон ва Ибсол”, “Баҳористон”, “Хафт авранг” асарларлари, Бадриддин Ҳилолийнинг “Шоҳу гадо”, Восифийнинг “Бадоъе ул-воқое” китобларини, Кайковуснинг фалсафа ва аҳлоқ масалаларига бағишланган “Қобуснома” асарини, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Аҳлоқи Муҳсиний”, Имомиддин Fиждувонийнинг “Мифот ут толибин” китобларини форс тилидан ўзбекчага маҳорат билан таржима қилган. Қуйида биз уларни айримлари тўғрисида маълумот бериб ўтамиз.
“Гулистон” Муслиҳиддин Саъдийнинг 8 бобли асари, ушбу асарда умумбашарий орзулар, таълимий-тарбиявий ҳикоятлар баён қилинган, асар адиб томонидан 1862-1863 йилларда таржима қилинган.
“Ҳафт пайкар” (“Етти гўзал”) — буюк озарбайжон шоири Низомий Ганжавий “Хамса”сининг тўртинчи достони бўлиб, дастонда мардлик, ростгўйлик, муҳаббат, халқ тақдири, умуман шахс ва жамият масалалари Баҳром Гўр тимсолида ўз аксини топади. Асар 1865 йилда насрда таржима қилинган.
“Аҳлоқи Муҳсиний” XV асрда Ҳиротда яшаб ижод қилган алломалардан бири, Алишер Навоийнинг дўсти Камолиддин Ҳусайн Воиз Кошифийнинг маърифий асари. Бу асарда таълим-тарбия, бола тарбиясида ота-она, муаллимнинг ўрни каби масалалар кенг ёритилади. Асар 1873-1874 йилларда, яъни шоир умрининг охирги йилларида таржима қилинган.
“Юсуф ва Зулайҳо” — буюк форс-тожик шоири ва мутафаккири Абдураҳмон Жомий “Хамса”сининг иккинчи достонидир. Бу достон инсонни куйлашга бағишланган гўзал бадиий обидадир. Огаҳий бу асарни 1869 йилда таржима қилган.
“Шоҳ ва Гадо” — форс-тожик шоири, Алишер Навоийнинг замондоши Бадриддин Ҳилолий достони. Ушбу дастон форс-тожик адабиётида “Шоҳ ва Дарвеш” номи ила машҳур. Унда одил подшоҳ тимсоли, инсондаги самимий, чин севги туйғулари тараннум этилади. Огаҳий бу асарни 1870 йилда насрда таржима қилган.
“Зубдат ул – ҳикоят” (“Ҳикоялар сараси”) — Бобурийзода Аврангзеб ҳукмронлиги даврида Ҳиндистонда яшаган тарихчи олим Муҳаммад Вориснинг тарихий — бадиий асари. Аҳлоқий-таълимий ҳикоялар подшоҳ Аврангзеб фаолиятига боғлиқ ҳолда тасвирланади.
Кайковуснинг “Қобуснома” (1082 йилда ёзилган) асари шарқ халқлари орасида маълум ва машҳур асар бўлиб, бу асарни Огаҳий 1860 йилда таржима қилган. Асарда отани ўғилга ўгитлари, халқ мақоллари ва ҳикоятлари, асосан тарихий воқеалар ва тарихий шахслар тўғрисидаги ривоятларга аниқ ёндашиб, Ҳақ Таолонинг ягоналиги пайғамбарлар хилхатига тўғри ёндашишга ундайдиган бебаҳо асардир.
Огаҳий тарихга оид асарлар яратиб Муниснинг бу соҳадаги анъаналарини ҳам янада ривожлантирди ва юксакликка кўтарди. Мунис ва Огаҳий ҳамкорликда ёзган “Фирдавс-ул иқбол” асари ва ўзининг Хоразм тарихига оид бешта асари фақат ўзбек халқининг тарихини ўрганиш жиҳатдан аҳамиятли бўлиб қолмасдан, балки қардош тожик, қозоқ, туркман, қорақалпоқ, рус, эрон, афғон халқларининг тарихи, маданияти, санъати, урф-одатлари, психологияси, шу халқларнинг келиб чиқиши, тирикчилигининг манбаи, қабилаларнинг тарихини ўрганишда бой манба бўлиб хизмат қилади. Шуниси характерлики, бу асарлар истеъдодли шоир, тараққийпарвар адиблар Мунис, Огаҳийлар томонидан ёзилганлиги сабабли уларда халқларнинг тарихи, ҳаёти, кундалик машғулоти, масжид, мадрасаларнинг қурилиши, турли ҳил ҳодисалар баёни, халқ қўзғолонлари, урушлар тарихи, буюк кишилар, олимлар, шоир-ёзувчилар ва шу каби маълумотлар проза, поэзияда реалистик асосда, тўғри, аниқ ифодалаб берилган.
Огаҳий Оллоқулихонга бағишлаб “Риёз уд-давла” (“Давлат риёзатлари”, 1844) асарини ёзган. Бу асарда Огаҳий ўзи тўғрисида шундай ёзади. “Ёшлик чоғларимда, ҳар тарафдан бошимга бало тоши ёғди, ҳамиша кўнглимда тинчсизлик ва таъбимда хон ҳукми сурар эди. Лекин жаҳондан етган ҳар хил аламларни олимлар ва шоирларнинг суҳбатида бўлиш билан бир оз тарқатар эдим”.
“Зубдат ут-таворих” 1846 йилда ёзилган бўлиб, Раҳимқулихон даврига бағишланган. “Жомеъ — ул воқеоти Султоний” 1856 йилда ёзилган бўлиб, Муҳаммад Аминхон даврига бағишланган. “Гулшани давлат” 1865 йилда ёзилган бўлиб, Сайид Муҳаммадхон даврига бағишланган. “Шоҳиди иқбол” (“Иқбол шоҳиди”) асар Муҳаммад Раҳимхон соний даврига бағишланган бўлиб, 1865-1873 йиллар воқеаларни ёзиш билан узилиб қолган, айрим саҳифаларида сув доғлари бор, Қўқон қоғозига, сарлавҳалари қизил сиёҳ билан ёзилган, қизил чарм муқовада, кўчирувчининг исми ва йили кўрсатилмаган, 227 варақ, 14-25 см ўлчамда. Асарда фақат Хоразм тарихи эмас, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонларини Россия билан олиб борган урушлари, битимлари ва унинг оқибатлари мукаммал равишда ёритилган.
1845 йилда Огаҳий мироблик вазифаси билан сафарда юрганда отдан йиқилиб оёғи синади. Орадан кўп вақт ўтгач, у бутунлай юра олмай қолади. Узоқ вақт хасаталикни бошдан кечириши, ёлғизлик ва муҳтожликда яшаш шоирнинг ҳаётдан эрта кўз юмишига олиб келди. Огаҳий хонликда улкан ўзгаришлар бўлаётган бир вақтда, 1874 йилда 65 ёшида вафот этди.
Академик Ғ.Ғулом “Мамлакатимизнинг бошқа халқлари каби, ўзбек халқи ҳам ўзининг асрлар давомида яратилган бой, ўзига хос маданиятига эга. Бу ердан фан, адабиёт ва санъатнинг қатор улуғ арбоблари етишиб чиққанлар. Шуни айтиб ўтиш керакки, кейинги йилларда ҳеч қандай асоссиз Лутфий, Отойи, Саккокий, Бобур, Машраб, Турди, Мунис, Огаҳий, Ферузларнинг ижоди ўрганилмаётир, биз фақат Навоий, Муқумий, Фурқат, Завқий, Аваз каби шоирлар ижодини ўрганиш билан чекланиб қолганмиз” – деган эди. Шундан кейин “Огаҳийшунослик” фани вужудга келди, 1958 йилда Хивага Тошкентдан Субутой Долимов (1907-1991) келган, у зўрға Огаҳий ва Муниснинг қабрини топган. 1959 йилда Ғ.Ғулом, Иброҳим Мўминов, Қори Ниёзий, Зулфия, Уйғун, Айёмий, Субутой Долимов, Эгам Раҳим, Қувомиддин Муниров келган. Шундан кейин Огаҳий боғи, қабри тикланди ва унинг 150, 180, 190, 200, 210 йиллик тўйлари давлатимиз миқёсида кенг нишонланади.
Адиб қаламига мансуб 26 асардан ҳозирги кунда 4 таси топилганича йўқ, унинг асарларининг 22 тасидан 16 таси сақлнган. Жумладан, 6 асари (11 нусхада) Беруний номидаги Республика Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Санк Петербургда 10 та ва Душанба шаҳрида 8 та асари мавжуд.
Ҳозирги кунда адиб асарларининг 22 таси, 72 та қўлёзма нусхада дунё фондларида сақланмоқда. Унинг асарларини биринчи бўлиб Армени Вамбери Сайид Муҳаммадхон даврида Хивага келган вақтида олиб кетган, 1873 йилда А. Кун хон хазинасидан 300 та нодир китоблар билан бирга Мунис ва Огаҳийни асарларини ҳам олиб кетган.
Ундан кейин В.В.Бартольд жуда кўп Марказий осиёлик тарихчиларни асарлари билан бирга Мунис ва Огаҳий асарларини ҳам ўрганиб ўзининг “Туркистон суғорилиш тарихи” (С.П. 1914) ва “Туркман халқи тарихидан лавҳалар” (Л. 1929. китобларини ёзган. Ундан кейин П.П.Иванов ва А.К.Бороковлар ҳам ўзларининг “Ўрта Осиё халқлари тарихидан лавҳалар” (1958) ва “XIV — XIX асрларда туркманлар тарихи” деган асар ёзган.
М.Йўлдошев. 1956 йилда “Хива хонлигида феодал ер эгалиги ва давлат тузилиши” асарини, Я.Ғуломов 1976 йилда Огаҳий асарларига суяниб ўзининг “Хоразм суғорилиш тарихи” асарини ёзган.
Субутой Долимов 1962 йилда “Огаҳийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди ва ижодининг маҳсулдорлиги ҳамда асарларининг бадиий гўзаллиги нуқтаи назаридан Огаҳий ўзбек адабиётининг буюк вакили Алишер Навоийдан кейинги энг забардаст вакили, деган илмий хулосага келди.
1970 йилда филология фанлари доктори Субутой (Усмонбек) Долимов ва профессор Ғулом Каримов ҳамкорликда Огаҳийнинг 6 жилдлик асарлар мажмуасини нашрга тайёрлашга киришиб, бу ишни 1980 йилда муваффақиятли тугатдилар. Мажмуанинг 1-2 жилдлари Огаҳийнинг лирик девони “Таъвиз ул ошиқин”ни, 3-4 жилдлари шоирнинг таржима асарларини, 5-6 жилдлари эса Огаҳийнинг тарихий асарларини ўз ичига олади. 1991 йилда Субутой Долимов Огаҳий томонидан таржима қилинган Кайковуснинг “Қобуснома” асарини табдил қилиб, нашрга тайёрлаган.
Адибнинг қабри ҳозирги кунда амакиси Шермуҳаммад Мунис қабри билан биргаликда Шайх Мавлон бобо қабристонида Хива яқинидаги Эски Қиёт қишлоғида жойлашган.
Огаҳий ижодини халқимиз ўртасида кенг тарқалишида шоир ва драматург Комил Авазнинг хизматлари катта бўлиб, 1999 йилда шоирнинг 190 йиллик тўйи республикмизда кўтаринки руҳда нишонланди ва Огаҳийнинг ҳаёти, ижодига бағишланган кўплаб рисолалар нашр қилинди ҳамда ўзи туғилган қишлоқда “Огаҳий уй музейи” очилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.03.2019 йилдаги 238-сон қарорига биноан Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллиги кенг нишонланди ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий номидаги ижод мактаби ташкил этилди. Эндиликда сара таржима асарларнинг муаллифларига Огаҳий номидаги давлат мукофоти берилади.
Кўплаб ижодкорларга, олим-у адибларга ўз асарлари билан йўлчи юлдуз бўлиб, илҳом бағшида этган Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг ётган жойлари нурга тўлсин.
GUJUM.UZ
Cувратда: Огаҳий номидаги ижод мактабидан лавҳа