Не-не китоблар бор, улуғ, муҳташам,
Барчасин шаънига муносиб таъриф.
Бироқ Унга лойиқ сўз тополмасман,
Энг нодир сўзлар ҳам қошида ғариб.
Давлатим шаъни ул, шони, муқаррар,
Фуқаролик қадрим шараф гултожи.
Бор инсоний ҳуқуқ Унда мухтасар,
Ундандир халқимнинг равнақ-ривожи…
Мен туғилиб, токи етгум камолга,
Ҳар оним, ҳар лаҳзам қўрғони ўшал,
Ўқи, билим ол, деб толе иқболга
Чорлаган даъватлар Фармони ўшал!
Отамнинг Қадри У, Онам-муштипар,
Болам кулгуларин кафолатидир.
Буюк Соҳибқирон – Адолатпарвар,
Темур Тузукларин далолатидир…
Шу Улуғ Китобдан, шонли Китобдан,
Халқимнинг қалбини кўраман гўё,
Унинг қиёсини топдим Офтобдан,
Ҳар боби Мурувват, ҳар банди Зиё…
Қонунлар меҳвари – ғурур номусим,
Ҳаётим ,Бахтимга метин пойдевор.
Нақадар улуғсан, шонли Қомусим,
Халқим бахтига бўл, то абад пойдор!