Намруднинг кўкка оғған сўзлари

0
208
марта кўрилган.

Мумтоз адабиёт оламининг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асари милодий 1309–1310 йилларда ёзилган.  Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган ёзма ёдгорликда  Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган.

Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган икки жилддан иборат  ушбу бебаҳо  асарнинг замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

Дурдона асарнинг навбатдаги қисмини эътиборинггизга ҳавола қиламиз.

 Намруд қора қушларни яхшилаб боқди. Улар ўсиб улғайгач, икки қат эшикли, саккиз оёқли, икки қаватли сандиқ ясаттирди. Устунги тўрт оёқларига ўлик қушларни боғлайди. Ўзи бир иноқи (ёрдамчиси билан) дубулға, совут, ўқларини олиб, сандиққа кирди. Пастки тўрт оёғига қора қушни боғлади. Қушлар этларни олгали учдилар, сандиқ ҳавога кўтарилди. Улар бир куну тун парвоз этдилар. Қуюқ туман ичига кирганида, Намруд етдик деб, ўқни қўлга олди. Уни отди. Оллоҳнинг амри билан Жаброил ўқларни балиқларга санчиб сандиққа жойлайверди. Шунинг учун балиқни бўғизламасдан истеъмол қилиш мумкин. 

Яна бир ривоятда айтилишича, Намруднинг отган ўқи ўзига теккан у буни ёнидагидан яширади. Найзасини қонга булғаб олди. Сандиқ устига боғланган этларни сандиқ пастига боғлаб кўк тангрисини ўлдирдим, деб мақтанишни ният қилди.

Сандиқни икки эшигини очди, ичига ел кириб, у эна бошлади. Намруд қаттиқ ун қилди. Барча халойиқ қўрқиб кетди. Макр билан кўк тангрисини ўлдирдик деб халқни ишонтирди. У пайтда Намруд қавмидаги юз минг киши  Иброхим даъватига қўшилиш ниятида эди. Улар бу ҳолатни кўриб ниятидан қайтдилар. Фаришталар Иброҳимга хабар етказдилар. Намруд кўк эгаси билан курашгани жангчи йиғсин,-дея.

Сон-саноқсиз қўшин йиғилди. Барчаси бошидан оёққа қадар совут кийган қуролланган эди. Мавло Аза Жалладан ёрлуқ бўлиб, уларга қарши чибинлардан қўшин юборилди. Улар шу даражада кўп эдики, қуёш юзини тўсар, гўё кўкни қора булут чўлғаб олгандек  эди. Улар Намруд қўшинларига ёпишиб, сипоҳийларни ва уларнинг отларию тўнларини суякларигача қолдирмай едилар. Намруд қочиб саройга кирди. Жаброил саройни чилпарчин қилди. Иброҳим Намруднинг барча мол-мулкини муҳтожларга улашди.                

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.