Наврўзи айём — Она табиат, Она тупроқ, Момо Ер ва  Навқиронлик

0
499
марта кўрилган.

Наврўзи олам ҳақида гапиришдан аввал экология нима деган саволга қисқача жавоб бериш керак бўлади.  Экология – атроф муҳит, бизни ўраб турган борлиқ, жумлаи жаҳон. Илмий тилда Ер юзидаги тирик қатламни биосфера, ҳаволи пардани атмосфера, сувли қатламни гидросфера деб юритамиз.

Экология сўзига келсак, уни 1866 йилда немис олими Эдуард Геккель фанга олиб кирган. Бу яшаш жойи таълимоти деган маънони англатади. Яъни эйко-уй-жой, логос фан демакдир. Экология бир қараганда фанда янги тармоқдек таассурот уйғотади. Умуман олганда у биология фанининг янги босқичи ҳисобланади. У инсоният тараққиётидан, олам тамаддунидан келиб чиққан заруратдир. Табиат ва инсон бир-бирига узвий боғлиқ. Табиат- хазина, у бизнинг миллий қадриятимизнинг бир қисми. Зеро, халқимиз уни Она табиат, Она тупроқ, Момо Ер дея улуғлайди, уни авайлаб асраш барчамизнинг миллий қадриятларимиз ва бурчимиздир.

Ер юзидаги энг кўҳна ёзма манба қадимий «Авесто»да она маъбуда Авдвисура Анаҳита инсониятнинг ҳаёт-мамоти – сув, тириклик, гўзаллик ва меҳр-муҳаббат тангриси ҳисобланган. Агар эътибор берсангиз, Анахита яъни  Онақут тимсолида ҳам Шарқ фалсафасининг мағзи,  ҳаётнинг энг олий неъматлари – тириклик манбаи тўрт унсур: қуёш, ҳаво, тупроқ, сув рамзлари Инсон Она тимсолида уйғунлашган.

Шарқнинг Аристотели деб эътироф этилган Абу Наср Фаробий «Фозил шаҳар одамлари қарашлари», «Илмларнинг келиб чиқиши тўғрисида» асарларида тўрт унсур, хусусан – олов, ҳаво, сув ва тупроқ доимо яхлит. Улар ой доираси остидаги субстанциянинг – жавҳарнинг массасини ташкил қилади. Уларнинг сифатлари тўртта – иссиқ, совуқ, намлик ва қуруқлик. Улар субстанциянинг акциденциясини (образи)ни вужудга келтириб, ҳаракат ва ўзгаришни келтириб чиқаради, дея ўргатган ҳикматлари ҳам оламни асраш анъаналари қадимий қадрият эканлигининг ифодасидир.

 ҲАВО – тириклик ибтидоси, давомийликнинг асосий манбаи. У кўзга кўринмайди, қўлга илинмайди. Бироқ уни биз бутун вужудимиз билан ҳис этамиз. Ҳавонинг куч-қудрати ҳам ана шу йўқликдан мавжудликка, бўшлиқдан борлиққа асос бўлганидир. Ота-бобомизнинг ер юзидаги биринчи аёлни Момо Ҳаво деб атагани ҳам бежиз бўлмаса керак.

ТУПРОҚ – бу бизнинг Она Еримиз. Одамзотнинг туб қўйиб, томир ёйиб, ўзлигини намоён этиш имкони берилган муқаддас макон. Барча модда тупроқда унади, камол топади ва яна тупроққа қайтади. Она заминимиз жамолида ўтмиш ва бутуннинг узвийлиги акс этган. Тупроқ эскини кўмади, янгини ундиради. Доимий тирикликни таъминлайди. Офтобдан зарра, сувдан қатра олиб, чирой очади. Рабғузийнинг “Пайғамбарлар қиссаси” асарида Яратган эгамнинг Одам отамизни тупроқдан яратганлиги таъкидланиши ҳам бежиз эмас.

СУВни халқимиз оби ҳаёт дея улуғлайди. Сув бор жойда ҳаёт бор. Қора тупроқ гулчечакка, шиғил-шиғил мевали боғларга айланади. Момоларимиз фарзандларига «Тушингни сувга айт» дея уқтирадилар. Сув дилнинг ғуборларини ювиб кетади. Ахир фарзанд онагагина дардини айтади. Онадек бола тилини, дилини билгувчи, юпатгувчи, кўнглини кўтаргувчи топилмайди.

Олимларнинг таъкидлашича, дастлаб Она заминимиз улкан уммондан иборат бўлиб, илк мавжудотлар унинг бағрида пайдо бўлган. Сўнгра сув чекиниб, ер очилган. Унда ҳаёт бошланган. Ҳозир Она сайёрамизнинг етмиш бир фоизи уммондан иборат. Инсон жисмининг ҳам тўртдан уч қисмини сув ташкил қилади. Бу ҳам сувнинг тириклик, ҳаёт манбаи эканлигини акс эттиради. Инсон вужудидаги сув ёш ўтган сари камайиб боради ва шу туфайли одамзот вужудида кексариш вужудга келишини бугунги кунда олимларимиз исботлашган.

ОЛОВ – қуёшнинг зарраси! Унинг яратувчанлик, оҳанграболик қудрати беқиёсдир. Чунки, қуёш тириклик манбаи, мурод ҳосил қилгувчи қувватдир. Жамики, мавжудот қуёшга интилади, ҳатто ўсимликлар ҳам.

Шарқ фалсафасининг узвий бир қисми бўлмиш табиат билан, борлиқнинг уйғониши билан узвий боғлиқ бўлган Наврўзи айём анъаналарининг мазмун-моҳияти мантиқий кучга эга эканлигини алломалар таъкидлаган тўрт унсур билан чамбарчаслигини бугунги кунда  бутун жаҳон аҳли тан олмоқда, десак хато бўлмайди.

Наврўз 2009 йилнинг 30 сентябрь куни ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Қарор Ташкилотнинг номоддий меросни сақлаш ҳукуматлараро қўмитасининг 24 нафар аъзоси томонидан тасдиқланди. 2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни  «Халқаро Наврўз куни»  сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Қабул қилинган резолюцияда мазкур байрам маданиятлараро мулоқот ва ўзаро ишонч­ни рағбатлантириши таъкидланди. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланди. Бунда албатта Ватан мустақиллигидан кейин наврўз байрамини, у билан боғлиқ қадриятларни қайта тиклаган, кенг тарғиб-ташвиқ қилган Ўзбекистонимизнинг ҳам ўз ҳиссаси бор.

Демак, улуғ аждодларимиз табиатнинг уйғониш даври-Наврўзи айёмни бежиз байрам этиб нишонламаган. 21 мартда кун билан тун тенглашади ва у уч кун давом этади. Тенглик бор жойда тинчлик бўлади, Тинчлик бор жойда ободлик бўлади,.дейди халқимиз. Наврўзни қадрлашимиз табиатни, атроф-муҳитни, инсониятни қадрлашимиз ва уни асраб авайлашга бўлган даъватимиздир.

Мустаққил Ўзбекистонимизда қадимий қадриятларимизни асраб авайлаб келинаётгани, истиқлол шарофати билан наврўз байрами ҳар йили кенг нишонланиши йўлга қўйилгани бизнинг фахримиз, ғуруримиздир. 

Ватанимизда 2017 йилдан бошлаб Наврўз байрами ўзгача тарзда яъни умумхалқ сайли сифатида нишонланадиган бўлди.

Аммо бу йилги наврўз синовли бир даврга тўғри келди. Вужудга келган мураккаб шароитни ҳисобга олиб, бу йилги Наврўз байрамида оммавий тадбирлар ўтказилиши тўхтатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон халқига   Наврўз табриги”да шундай дея таъкидлади: Тинчлик ва соғлиқни асрасак, қолган нарсаларга албатта эришамизЛекин ҳозирги глобал дунёда бу жуда мураккаб вазифа бўлиб қолаётганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз.“Йил йилга ўхшамайди”, деган гап бежиз айтилмаган. Ҳаёт ҳеч қачон бир текис кечмайди. Ҳаёт бор экан, синов бор, қийинчилик бор. Бу ҳақиқатни шу кунларда янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Бугун коронавирус инфекцияси деган жиддий бир хавфга дуч келдик. Давлатимиз, ҳукуматимиз бу хатарни тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда. Насиб этса, тез орада бу ташвишли кунлар ортда қолади. Бундай сайил-томошаларни, тўю тантаналарни эл-юртимиз билан биргаликда ҳали кўп-кўп ўтказамиз”.

Дарҳақиқат мавжуд қийинчилик ва синовларга қарамасдан, ҳаёт давом этади. Бу йил Наврўз айёми хонадонларда, оилавий давраларда кенг нишонланмоқда.

Ана шундай синовли кунларда халқимиз келажакни ўйлаб саъй-ҳаракат қилмоқда. Миришкор деҳқон ва фермерларимиз катта умид билан ерга уруғ қадамоқда. Ҳудуд ва минтақаларимизда Дарахт экиб, боғ яратамиз, юртимизни янада обод қиламиз”деган эзгу мақсадда миллионлаб кўчатлар экилмоқда.Мавжуд боғ-роғларга эътибор бериб парваришланмоқда. Ҳаёт кўтаринки кайфиятда ҳамишагидек давом қилмоқда. Хонадонларда оилавий давраларда сумалаклар тайёрланмоқда. Халқимизнинг келажакдан умиди катта. 

Бугун врач синглим телеграмм орқали Ибн Сино ҳақидаги кинодан бир парча ташлабди.  Унда буюк табибнинг Хоразм давлатига кириб келиши, ўлат тарқалган пайтга тўғри келганлиги акс этади. Аллома табиб қайтиб кетишни кўзлаётган шогирдига маслаҳат беряпти: Касалликни юқтирмасликнинг йўли бу кайфиятни кўтариш, келажакка умид ва ишонч дея таъкидлаяпти. Шаҳардан одамлар қочиб чиқиб кетаётган бир пайтда у келиб Беруний билан учрашади ва миллий қадриятларга хос тавозе билан саломлашгач,  қўлни артишга сирка сўрайди. Яъни бугунги спирт, антисептик ҳўл қоғозлар ўрнини босувчи ўша даврнинг тиббий маҳсулоти. Ушбу фильмнинг айни кунда ТВ орқали намойиш этилиши жуда муҳим деб ҳисоблайман. Бундай қийинчиликлар элимиз бошида  неча марта кечган экан  буни ёлғиз Оллоҳ билади.

 Ҳаёт давом этади. Наврўз байрами муносабати билан ҳамишагидек  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларидан  самимий қутловлар келмоқда.

– Тинчлик ва аҳиллик рамзи бўлмиш Наврўз дўст халқларимизга эзгулик ва қут-барака келтирсин.– дейди Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев.

Тинчлик, яхши қўшничилик, бирдамлик ва табиат билан уйғунликни ифода этувчи Наврўз байрами янги кун, янги ҳаёт элчисидир. Бутун инсоният бой маданий меросининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилган бу қутлуғ айём улуғ инсонийлик тамойилларини ўзида мужассам этиб, халқлар дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу ажойиб байрам Сиз ва қардош Ўзбекистон халқига бахт-саодат, шодлик ва янги зафарлар олиб келсин!– дея тилак билдиради Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов.

–  Сизни ва биродар Ўзбекистон аҳлини халқаро Наврўз байрами билан самимий муборакбод этиб, энг эзгу тилакларимни йўллаш менга катта мамнуният бахш этади.– Дея тилак билдиради  Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон.

 – Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатлари бундан буён ҳам икки давлат манфаатлари йўлида изчил ривожланиб боришига қатъий ишонаман.– дейди Қирғиз Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков.

Ушбу баҳорий айём Наврўз анъаналарини эъзозловчи халқларимизга яхши кайфият, қувонч ва қут-барака келтиради.– дея тинчлик ва фаровонлик тилайди Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев.

Шунингдек, ана шундай эзгу тилаклар Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд, Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд, Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён ва бошқалар табрик йўллаган. Зеро, халқимиз “Ёмғир билан ер, дуо билан эл кўкаради”, дейди.

Мана шу хосиятли наврўз айёмида элимиз одамлари ҳам йилимиз қутлуғ келишини, деҳқонларимизнинг бахтини, омадини беришишини, ҳосилимиз мўл-кўл бўлишини тилаб дуолар қилмоқда. Илоҳим, дилимиздаги барча олижаноб орзу-интилишларимиз рўёбга чиқсин! Юртимиз тинч, халқимиз омон, хонадонларимизда осойишталик ҳукмрон бўлсин! Яратганнинг ўзи ҳаммамизни паноҳида асрасин! Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин! Шарқнинг янги йили — 2020 йил қут- баракали йил бўлншида тилакдошмиз!.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.