Шоирлик деган касб йўқдир дунёда,
Ҳеч кимга “Шоир” деб берилмас диплом.
Юрагинг ёришиб кетар зиёдан,
Туйқус шеър ёзилса –
Йўқласа илҳом.
Ва лекин тириклик урҳоси аро
Сен ҳам эл қатори койитгайсан жон.
Не бахтки, жонингга киргайдир оро –
Газета, радио, ойнаи жаҳон…
Сўз ва тасвир излаб,
Ёруғ ниятда
Мавзулар измида чопгайсан зир-зир:
Ишлайсан тер тўкиб таҳририятда,
Касбинг аниқ – мухбир ва ё муҳаррир.
Нафис ташбеҳлардан аввал қаламинг
Ўжар жумлаларга тегиб, чархланар.
Гоҳ олмос мисоли тансиқ – каломинг,
Гоҳо мис сингари арзон нархланар.
Розисан,
Шеърингни овутиб тунлар,
Кундуз қулоқ тутиб давринг сасига.
Кўксингдан ечилгай чигал тугунлар –
Тўй қилсанг гонорар жамланмасига…
Улкан Таҳририят асли бу – ВАТАН,
Оламга йўллаган ҳар сўзи эзгу.
Балки шоир дея олмас мени тан,
Мухбирим, деса, бас – саодатим шу!
Ахир, шоирлик бу – касб эмас, илло,
Ҳеч кимга “Шоир” деб берилмас ҳужжат.
Ҳилол йўнган ойдин қаламим ила
Элга хизмат қилсам, мен учун шу – бахт.
Ўкинманг, дўстларим,
Ёзмасангиз ҳам,
Сафда турганларнинг собит бирисиз.
Юрт юкин елкага олганингиз дам,
Шубҳасиз, шу элнинг муҳарририсиз.
Неки хато бўлса – қилгайсиз таҳрир,
Тузатгайсиз – неки бўлса гар ғализ.
Давр китобини ёзяпмиз, ахир,
Шу халқнинг ишонган муҳаррири – биз!
Қоғозга тушаркан кўнгил учқуни,
Экранлар ёришиб, зиёга тўлгай.
Демак, ҳар кунимиз – Матбуот куни,
Демак, ҳар кунимиз муборак бўлгай!
26.06.2019
Гўзал шеъриятда ифодаланган дил сўзлари орқали — Газета, радио, ойнаи жаҳон… вебсайт, нашриёт ва матбаа, ахборот хизматларида ишлаётган барча касбдошларимизни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий қутлаймиз!