Оила Ватан ичидаги кичик маскан. Унда юрт келажаги, оила истиқболи вояга етади. Салоҳиятли фарзанд эса Ватан таянчи. Кичик масканнинг юзи — кўзи! Шунинг учун бола тарбияси катта масъулиятли вазифа. Боланинг ҳар бир қадамидан, ҳар бир ютуқидан ота-она каби мутахассис тарбиялаётган кишилар ҳам чексиз қувонади.
Мамлакатимиз Президенти каби республикамиздаги ҳар бир ташкилот етакчилари ёшлар тарбиясига, уларнинг салоҳиятли кадр бўлиб чиқишига алоҳида эътибор беряпти.
Рахимбой Аҳматжон ўғли Россия олий даргоҳини тугатиб ишга тушганига эндигина 3 йил бўлди. Иш жойидан бир неча рағбатнома олди. Энди эса ота-онасига рахматнома келибди. Укам Аҳмаджон ва Ширинжонлар оиласида ана шундай қувонч.
Буни ёзаётганимга сабаб Аҳмаджоннинг тарбия усулини гапирмоқчиман. Ҳали қуёш чиқмасдан болаларини уйғотарди, югиртирарди, ўтириб-турғизарди, турникка осилтирарди. Сўнгра ҳовлининг мўъжазгина тамарқасидаги экин-тикин парвариши билан банд бўлишарди. Таморқада рўзғорда кундалик ишлатиладиган барча дала маҳсулотлари бор эди. Уларнинг парвариши болалар зиммасида бўлиб, яна ҳовли четидаги товуқхона, қўйхона, қўёнхоналарни тозалаш, жониворларга емини бериш ҳам уларнинг вазифаси эди.
Гоҳида Ширинжон укамнинг қаттиққўллигидан шикоят қилиб қоларди.
– Бизнинг ота- онамиз ҳам ана шундай меҳнат орқали тарбиялаган. Рўзғорда ҳамманинг ўз бурчи, вазифаси бор эди. “Бугунги машаққатли меҳнатинг рўзғорга фойда келтирса, эртага ўзингга даромад келтиради” деб ўгит берарди падарибузрукворимиз. Яна отамиз раҳматликнинг бир сўзи бор эди. “Катта арава қаердан юрса, кичик арава шу ердан юради. Болаларнинг каттаси эканликларингиз Сизларга икки ҳисса масъулият юклайди,” дердилар. Биз акам иккаламиз ўн бир фарзанд тарбияланган оиланинг каттаси эдик. Кўриб-турибсиз ҳаммамиз соғломмиз, дуркунмиз. Жамиятда ўз ўрнимизни топганмиз. Оилага, эл- юртга муносиб ҳизмат қилиб келяпмиз. Сизнинг ҳам бош ўғлингиз зиммасида масъулият катта, шунинг учун чайир бўлиб ўсиши керак. Қўйаверинг, меҳнат ҳам тарбия воситаси, дея кўнгил берардим.
Мана бугун улар машаққатли меҳнатининг самарасини кўришяпти. Мен билан қувончини улашди. “Бунда сизнинг ҳам ҳиссанингиз бор, Тошкентда коллежда ўқиб юрганида оталиққа олгандингиз”, дея SMS орқали мактуб йўллабди.
Мен эса ушбу мактуб баҳона оилавий қадриятлардан, бола тарбиясидан бир шингил гапирдим. Шу кунларда агар падарибузрукворимиз бўлганида тўқсонбеш билан юзлашаётган бўлардилар. Афсус, эрта эллик тўрт ёшида боқий оламга ўтдилар. Охирати обод бўлиб жойлари жаннатдан бўлишлигини Оллоҳдан сўраб қоламан.
Раъножон ЗАРИПОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист