Хонамиз икки хонадан иборат люкс хона! Ҳамма шароити бор! Мен ётган хонага ойим кириб келсалар, сакраб туриш одатим ҳеч қолмади…Келинлигимдан қолиб кетган…
Чунки онажоним келин бўлганимда: – Қайнонанг уйингга кирса ялпайиб ётма, дарров туриб салом бергин, жуда катта одобсизлик ялпайиб ётишинг!– деб ўргатганлар!
Ўзбекона бу ҳолат: «Ўтган кунлар» фильмида ҳам бор! Қайнонаси кирганида ўлим тўшагида ётган Кумуш бир бошини кўтариб қўяди турмоқчи бўлиб… Ана шу ўзбек аёлининг қиёфаси!
Бугун қайнона ва келинни муносабатини олиб чиқиб, одамларни юзини қотираётган сериалларни ўрнига ўзбекнинг мана шундай нозик туйғуларини олиб чиққан яхши экранга!
Онамнинг тарбияси туфайли қайнонам билан бирор марта уришмадим! Меҳр-беранг! У ўзингизга қайтади! Сиз ҳам фарзанд тарбиялаяпсиз.
Ойижонимни жуда яхши кўраман! Ўз онам 20 йил боқиб тарбиялаган бўлсалар, қайнонам 40 йил менинг ёнида ҳаётдан дарс бердилар, энг қийин пайтларимда ёнимда турдилар!
Токи қайнонангизга меҳр бермас экансиз, меҳрни ҳам кутиб ўтирманг! Мен ҳар тонг ойимни қучоқлаб, юзларидан ўпиб: – Ўзимни меҳрибоним, дуогуйим, қанотим менинг!-деб қўяман! Эркаланиб қоладилар! Мазза қиламан ҳолатларини кўриб…Мени ҳаммага мақтаб юрибдилар ҳозир ҳам…
Мабодо қайнонаси билан уришиб, аразлашиб юрганлар бўлса тезда ярашиб олинг! Ўғлида ҳаққи кўп қайнонангизнинг, барокати бўлмайди эрингизнинг, сиз бу қилиғингиз билан эрингизни баракасини тўсиб қўясиз!
Дилдора Ҳасанова, журналист
Таҳририятдан: Дилдора Ҳасанова ҳақ! Меҳр кўрсатган меҳр кўради. Ер думалоқ, дейди халқимиз. Яъни кимки не қилса ўзига қайтиб келади. Эзгуликка, яхшиликка не етсин! Яхши сўз жон озиғи.