Она тупроқни қучиб,  Оллоҳга сажда қилаётган аёлнинг ҳолатини кузатиб кўнглимдан кечганлари…

0
652
марта кўрилган.

 Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида юртимизга 156 нафар ватандошимиз Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан  қайтарилди. Уларнинг бари меҳрга муҳтож оналар ва бахтиёр болаликни кўрмаган норасида гўдаклар

Кулсанг, дунё кулар—кўнгиллар тўлар,

Мунчоқ кўзларингга пайваста бу жон!

Кулгу тошиб турсин кулгичларингдан,

Сен бахту иқболим, азиз болажон!

  Шоир оташин шеърий сатрларида куйлаганидек, ҳар бир ота-она боласини ширин сўзларга чўлғаб, гўзалликлар оламида улғайтиришни, бахтли кулгиларига гувоҳ бўлишни истайди. Дарҳақиқат, бола кулса кўнгиллар яйрайди, олам чарақлайди. Юртларнинг, жаҳоннинг бахту иқболи бўлган болажон кулган жойда омонлик, тинчлик ўз ифодасини топади.

Айни кунларда “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” кенг нишонланмоқда. Байрам муносабати  билан юртимиздаги барча узоқ-яқин гўшаларда кўнгилочар тадбирлар уюштирилиб, эзгу ишлар   амалга оширилаётганини ижтимоий тармоқлар орқали сайтимизга оқиб келаётган хабарлар ифодалаб турибди.

Жумладан, Ўзбекистон Давлат табиат музейида  1 июнь —  “Очиқ эшиклар куни” дея эълон қилинди. Болалар ижодидан расмлар танлови уюштирилиб, иштирокчи болаларга “Фахрий ёрлиқлар” тақдим этилди.

Самарқанд шаҳрида эса оммавий юриш ҳайрия марафони ташкил этилди.  Иштирокчилар вилоят мусиқали драма театри олдидаги майдондан Бўстонсарой, Мирзо Улуғбек кўчалари орқали “Динамо” стадионигача бўлган йўлни босиб ўтишди. Ушбу тадбир давомида йиғиладиган маблағ бемор ва ногиронлиги бўлган болаларни даволаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишга сарфланади. Марафонда 30 мингдан ортиқ аҳоли иштирок этди.

 Хоразм вилоятининг диққатга сазовор жойлари бўйлаб ўтказилаётган томошаларда вилоят қўғирчоқ театри ижодкорлари эртак қаҳрамонлари қиёфаларида кўриниш бериб, миллий қўғирчоқларни ҳаракатга келтириб, театр репертуаридан жой олган  энг сара, энг томошабоп спектаклларни намойиш этишмоқда. Масалан, Урганч шаҳри, Амир Темур номли маданият ва истироҳат боғининг Ёшлар марказида ҳамда Хива шаҳри ва тумани миқёсида ўтказилган катта байрам тантаналарида фаол иштирок этиб, ёш томошабинларни хушнуд этишди.

Пойтахтимизнинг  гўзал майдон-у масканлари ҳам байрамона безатилган.  Турли кўнгилочар тадбирларда болаларнинг ўзлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Алишер Навоий номидаги  метро бекатида «Тошкент метроси-болалар нигоҳида» расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Ёш рассомлар танловининг  ғолибларини эса йўловчилар аниқлаб беради. Яъни ҳар бир расм рақамлаштирилган, томошабинлар ўзига ёққан расмнинг рақамини танлаб  овоз берадиган қутига ташлайдилар. Болажонларнинг хаёлий дунёсида акс этган метромиз  тасвирларини завқ-шавқ билан кузатиб, мен ҳам овоз бердим.

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида эса “Сен серқуёш юрт фарзандисан, болажон” номли маданий тадбир ўтказилди. Унда кичкинтойлар иштирокида  “Лойда жонланган мўъжизалар” номли маҳорат дарси ташкил этилди. Тадбир доирасида машҳур санъаткорлар ижросида фарзандларимизга бағишланган концерт дастури, хайрия оши, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ҳамда ҳомийлар томонидан болажонларга совға улашилди.

Шу йил наврўз арафасида ишга тушган Ҳумо муз саройининг мусиқий садолари маҳалламизни қамраб олган, неваражонларимиз эса бизни ўша ёққа даъват этади. Шом шуъласида саройга йўл олдик. Байрамона безатилган майдон болаларнинг қувноқ товушларига тўлган. Улар жарангдор мусиқа садолари остида ота-оналари билан бирга иштиёқ билан рақс тушаётганини томоша қилиш ҳам завқ бағишлайди.

Спортсевар болалар эса турли хил учгичларда  майдонни ҳайқариқларга тўлдириб бир-бири билан белашишаяпти. Киноларга иштиёқманд болажонлар эса эртаклар ва мультфильмлар қаҳрамонлари билан  суҳбатлашиб, турли хил муқом билан   эсдалик сувратларига тушишяпти. Оппоқойимнинг шоҳзода қошига элтган сеҳрли аравада, қадимий тарихимизни акс эттирган хонаравада болалик қувончларини келажак учун муҳрлаб қўйишяпти.

Кичкинтойларга  завк- шавқ бағишлаётган томошаларнинг бари дориломон кунларимизнинг ифодаси десак арзийди. Мана неча йилдирки тинчлигимиз рамзи бўлган болалар байрами ана шундай ўтади, завқли ва мазмунли кечади. У гўзал қадриятимиздан бирига айланган.

Доруломон кунларимиз завқини, шодиёнасини кузатар эканман, она тупроқни қучиб Оллоҳга сажда қилаётган аёлнинг кечинмаларини беихтиёр эсладим.

 Ушбу байрам арафасида давлатимиз томонидан  яна бир хайрли, катта аҳамиятга эга оналар ва болаларни улуғлайдиган “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди. Жаҳаннам ўчоғидан қочиб осойишталик, тинчлик истаб келаётган она-ю болаларнинг махсус авиарейсдан тушиб келаётган ҳолатларини кузатиб, кечинмаларини ҳис қилиб, юрагим эзилди. Самолётдан туша солиб, мусаффо осмон, тоза ҳавони ҳис қилиб  она тупроқни қучиб, йиғлаётган  Оллоҳга сажда қилаётган аёлнинг ҳолатини бир ҳис қилиб кўринг. Дилингиз титрайди.

Балки, у қадимий мақом куйларидек юракларни ситиб ўтган туйғулардан бўғзига тиқилган кўз ёшларини, соғинчдан юраги сел бўлиб, уммон бўлиб ичига қуйилган кўз ёшларини ниҳоят она тупроққа томаётганидан хурсанддир…. Балки,  армон, ўкинч, виждон азоби пора-пора қилган қалбига она тупроқни малҳам қилиб босаётгандир… Балки, Ўзбекистон еридек бағрикенг, офтобидек истараси иссиқ, кўнгилларида кири йўқ олиҳиммат инсонлари борлигига шукрона билдираётгандир. Ҳа, бу шукрона саждасида ҳикмат кўп. 

Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонлар ҳукуматимиз томонидан Бўстонлиқдаги санаторийга жойлаштирилиб тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилаётганини  теле тасвирлар орқали кузатдик. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилиб, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилаётгани ҳам рамазон айёмидаги катта савоб амаллардан бири бўлди!

 Ўзга юртлардан келган болажонларнинг кўзқарочиқларидаги мунгли нигоҳларидан бахтиёр болаликни шу ерга келиб ҳис қилишаётганини ва бунга ўзлари ҳам ишона олишмаётганини сезиш мумкин.

Инсонпарварликнинг, савоб амалларнинг ажрини Оллоҳнинг ўзи берсин. Юртимиздаги тинчликка, тўкинликка кўз тегмасин. Оллоҳим юртимизни, элимиз одамларини, ҳар бир оилани ўзи паноҳига олсин, Ватанимизда байрамларга байрамлар уланиб шоду хуррамлик бардавом бўлаверсин, дея дуо қилиб қоламиз!

Раъно Зарипова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.