Ривоят қилишларича, бир ўртаҳол кишининг етти ўғли бўлган экан.
Уларнинг олти нафари солиҳ, рўзғорига пухта бўлиб, биргина кенжаси — ўзи билан бир ҳовлида қолганининг миясида елвизак ўйнаркан… Отаси ҳам унинг келажагини ўйлаб, кўп хаёлга толаркан. Чунки унинг на ҳунари, на даромади ва на ширин сўзи бор экан. Отани шу танбал ўғил ҳаммадан кўп ташвишга солар, унинг келажагини ўйлаб қайғуга ботаркан.
Кунларнинг бирида ота кенжа ўғилни қошига чорлаб, шундай васият қилибди:
— Ўғлим, сўзларимдан ранжима, зеро, еттовингиз етти томиримсиз, сизларни бирдек яхши кўраман. Аммо сенинг келажагинг акаларингникидан кўра мавҳумроқ. Негаки, касб-коринг йўқ, жигарларинг билан муросасизсан.
Шунинг учун битта насиҳатимни қулоғингга қуйиб ол. Кўнглим сезиб турибди, оилангни боқа олмай қийналиб қолишинг мумкин. Сен кабилар бундай чорасизликда дарҳол уйни сотиб кун кўришни лозим топиши тайин. Агар шундай ҳолга тушиб қолсанг, уйни сотишдан олдин кўринарли жойга битта тандир қур. Каттагина, оқланган бўлсин, харидорни жалб этади. Мени айтди дейсан, яхши нархга сотасан. Бу сўнгги ўгитим, унутма!
Кўп ўтмай қария вафот этибди. «Қари билганни пари билмас», дейдилар. Дарҳақиқат, кенжа ўғил қашшоқлик гирдобига тушибди. Чора излаб, уйни сотишга қарор қилибди. Шунда отасининг васиятини эслаб, айнан «яхши нархга сотасан» деган ваъдаси учун тандир қуришга киришибди.
Тандир қуриш кузнинг намчил кунларига тўғри келибди. Тандирнинг супаси учун гувалалар қуйибди-ю, қуригунча беш кун ўтибди. Лой қилишга ёмғир боис яна уч кун кетибди. Сувоқ қилиш, қуритиш ва яна суваш… Тандирни ўрнатиш учун қўни-қўшниларни ёрдамга чақирибди. Энди битирдим деганда яна ёғингарчилик бўлиб, оқлаш учун қуришини кутибди. Хуллас, битта тандирни роппа-роса бир ойда қўлдан чиқарибди.
Тайёр бўлганида эса… тандирга қараб ўйга толибди: «Битта тандирни қуриш учун шунча машаққат чекдим, шунча вақт сарфладим. Отам бутун бошли бу уйни не ҳасратда, қанча меҳнат эвазига қурган экан-а? Йиллаб елкаси яғир бўлиб бино қилгандир. Мен эса… бир кунда сотиб йўқ қилмоқчиман. Йўқ, бундай бўлмайди!».
Шундай қилиб, ўғил уйни сотмабди. Турмушнинг зўридан меҳнатга, акаларидек оиласига бош бўлишга ўрганибди, нон ёпиб, ҳаёт кечира бошлабди. Рўзғорига аста-секин барака кирибди. Ҳар куни тандир тўла нонлар ёпилибди…
Қари билганни пари билмас деганлари шу-да! Халқимиз бежизга «оталар сўзи — ақлнинг кўзи» дейишмайди.
gujum.uz