Ўзбек шеъриятининг ёрқин юлдузи, Ўзбекистон халқ шоири, нозик таъб инсон, меҳрибон устоз Ойдин Хожиева бугун 81 ёшида боқий оламга ўтди. « Ўзингга қайтаман, Онажон тупроқ…» номли шеърида таъкидлаганидек 14 май 2023 йил онажон тупроғига қайтди.
Ўзингдан бунёдман, ўзинг-ла тирик,
Бир дона гул бўлиб ёки бир япроқ,
Ўчган чироғингга тола нур бўлиб,
Ўзингга қайтаман, онажон тупроқ.
Бахмалдай тўшалдинг юрар йўлимда,
Содиқ ҳамроҳ бўлдинг ўнгу сўлимда,
Қатра шабнам бўлиб ё қатра ёмғир,
Ўзингга қайтаман, онажон тупроқ.
Сен ўзинг оласан оғриқларимни,
Тугал осон қилиб борлиқларимни,
Бахтга эвирасан зорликларимни,
Ўзингга қайтаман табибим – тупроқ.
Сени сокин кўрсам, осуда кўрсам,
Боғу роғларингни авжида кўрсам,
Юрагингни маром-мавжида кўрсам,
Бағрингда ниҳолдай ёзаман япроқ.
Гўзал қизларимнинг бол хандасидай,
Қизил атиргуллар алангасидай,
Ҳамалнинг булбули хонандасидай
Ўзингга қайтаман, онажон тупроқ!
Ойдин Ҳожиева 1942 йили Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, Бўстон қишлоғида туғилган. 1966 йили Тошкент Давлат университетининг филология факультетини тугатган. Шоира ва публицист кўп йиллар «Шарқ юлдузи», «Саодат», «Гулхан» журналларида ишлаган. 20 дан ортиқ шеърий тўпламлари нашр этилган. “Шабнам” (1970), “Манзиллар” (1971), “Мен севган қўшиқ” (1972), “Заркокил қиз ва қуёш” (1972), “Орзу гули” (1975), “Наво” (1977), “Тароват” (1978), “Достонлар” (1980), “Тамал тоши” (1980), “Мушфиқ онажон” (1982), “Чашмаларни излайман” (1987), “Ишонч юлдузлари” (1989), “Кўзимнинг оқу қораси” (1996), “Паноҳим” (1998) “Назокат”(2007), “Шом шуълалари” (2011), “Тонг туҳфалари” (2012), сингари тўпламлари нашр этилган.
Адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов “Меҳр толасидан эшилган байтлар” мақоласида шоиранинг ижодига шундай тавсиф беради: Унинг лирикасида Бухоро зардўзининг жилолари, Бухоро кимхобининг товланишлари, Бухоро қоракўлининг жозибадор қўнғироқчалари, Бухоро тор кўчаларининг бетакрорлиги, Бухоро майдонларининг муаззамлиги уфуриб тургандай бўлади».
Устоз 1992 йилда «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвони, 1999 йилда Ўзбекистон халқ таълими аълочиси ҳамда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган. Бу эъзоз ва эътиборлар бежиз эмас. Тинимсиз меҳнат, изланиш ва гўзал ижодларининг самараларидир.
Филология фанлари доктори, профессор Абдуғафур Расулов шоира ҳаёти ва ижодига бағишланган “Меҳрнома” китобидаги мақоласида шундай таърифлайди:”Ярим асрдирки, унинг қўлидан қалам тушмайди: мақолалар ёзади, шеърий, насрий асарлар яратади, бош муҳаррир сифатида юзлаб қўлёзмаларни саралайди, “Саодат”, “Гулчеҳралар”га илинади. Шоира толмас тарғиботчи: адабий учрашувларда қатнашади, Ёзувчилар уюшмаси тадбирларида иштирок этади. Юрт кезади. Истиқлол самараларини кўзи билан кўради, замондошлар билан суҳбат қуради”.
Уйқу қочар кўзимдан
Хаёллар қилар талош,
Қочолмайман ўзимдан,
Оёққа боғланган тош.
Уйқусираб инида
Қушлар қўяр чирқиллаб,
Томошабин бўлар тун
Мингта кўз билан қараб.
Йўлни болғалаб ётар
Вагонларнинг «тақ-туқ»и.
Илоҳий сирга ботар
Чашмалар оят ўқиб.
Депсинар шамол-шотир
Дарахтларга қоқилар.
Юрагимда хавотир
Чақмоқ чақиб, ёқилар.
“Катта айиқ” чўмичи
Аста уфққа оғади.
Олис “Сомон йўли”дан
Ерга кумуш ёғади.
Қичқирар жарчи хўроз,
Юлдузлар бир-бир сўнар.
Хаёл кўлида қийғос
Марваридгуллар унар…
Дарҳақиқат, устоз Ойдин Ҳожиева ширин уйқуларидан кечиб, юлдузларни бир-бир сўндириб, қийғос гуллаган марваридгулларни ундириб, халқига, юртига армуғон қилди. Ётган жойи нурга тўлсин, у дунёда ичгани кавсар бўлсин! У дунёда юрган йўли сирот бўлсин, жаннату Аъло бўлсин! У дунёда зиёратлари Пайғамбарлар мажлиси бўлсин! Бу дунёда назари Аллоҳнинг Каломи эди, у дунёда эса Жамоли бўлсин!
GUJUM.UZ cайти жамоаси устоз Ойдин Ҳожиеванинг турмуш ўртоғи, адабиётшунос олим, моҳир таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровга ва фарзандлариларига, шогирди-ю дўсти-ёронларига чуқур таъзия билдиради.
Устозга эҳтиром билан Раъно ЗАРИПОВА